10 June 2012
17:09 - “Бирлик” Партияси фаолларининг Наманган вилоятидаги йиғилишлари
Бу ҳақда кечаги хабарларимизда ҳам қисман маълум қилгандик. Мухбиримизнинг билдиришича, 9 июнь куни эрталаб Наманган шаҳридаги хусусий кафелардан бирига йиғилган 7 нафар “Бирлик”чи Тошкентдан махсус бу ва бошқа учрашувларда қатнашиш учун келган партия Бош Котиби Васила Иноят ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов иштирокида расмий мақоми белгиланмаган мажлис ўтказишди. Мақсад - партиявий фаолиятни жонлантириш ва яқин бир ойда ўтказилиши мўлжалланаётган партиянинг вилоят бўлими конференциясига тайёргарликни муҳокама қилиш эди. Васила Иноят, Наманганда турли сабаблар, хусусан, вилоят ташкилоти собиқ раҳбарининг маъсулиятсизлиги туфайли узилиб қолган партиявий фаолиятни йўлга қўйиш борасидаги фикрларини баён этди. Чортоқлик ижодкор Қаҳрамон Мирдадаев, наманганлик педагог Зоҳида Асқарова вилоятда мухолифатга хайрихоҳларнинг кўплиги, аммо қўрқув ва эҳтиёткорликдан ташқари, вилоят ташкилоти раҳбарларининг айби билан партиявий ишларнинг ривожланмаётганини таъкидладилар. Тан олиш керак, йиғилганларнинг ҳаммаси ҳам Интернет тармоғини, хусусан, партиянинг интернетдаги нашрларини кузатиб бориш ва унинг кундалик фаолияти ҳамда ҳозирги стратегиясидан тўла хабардор бўлиш имконига эга эмас. Шу боисдан ҳам муайян даражада ўзаро тушунмовчиликлар бор. Ҳамманинг умумий фикри вилоят ташкилотининг фаолиятини тезда жонлантириш мумкинлиги ҳақида бўлди. Яқин орада вилоят конференциясини ўтказишга тайёрланиш учун Наманган шаҳрида ва туманларда олиб бориладиган ишлар хусусида келишилди. Конференцияга қадар ташкилиш ишларни мувофиқлаштириш билан шуғулланадиган маъсул одам тайинланди. Унинг исмини ҳозирча очиқламасликка келишилди. Тушдан сўнг Попга келган Васила Иноят ва Абдураҳмон Ташанов маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг лидери Араббой Қодиров билан биргаликда мухолифатнинг Поп ва қўшни туманлардан келган 6 нафар фаоли билан учрашдилар. Бу ерда партиявий фаолиятни туман ташкилотларидан бошлаб жонлантириш лозимлигига урғу берилди. Попдаги фаолиятларни бошқаришни ўз зиммасига олган Боситхон Алихонов вилоят ташкилоти конференцияси ўтказилишида ҳам попликларнинг роли катта бўлишини таъкидлади. Қўшни туманларда ҳам узилиб қолган фаолиятни тиклаш бўйича учрашувлар ўтказилишига келишилди. Шуни алоҳида урғулаш керакки, бу учрашувлар двомида партия лидери Абдураҳим Пўлат телефон орқали ҳамма билан алоқада бўлиб турди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону