11 May 2012
13:27 - Россия Демократик Партиясининг регистрацияси тикланди, бу воқеа ўзбек мухолифатининг тарихини эслатади
2006 йили регистрацияси бекор қилинган Россия Демократик Партияси (РДП) Европа Инсон Ҳуқуқлари Судига мурожаат қилган ва бу суд РДПнинг регистрацияси ноқонуний бекор қилингани ҳақида ўтган йили қарор чиқарган эди. Бу қарордан ташқари, Россияда бўлиб ўтган охирги парламент ва президент сайловларидан кейин бошланган оммавий намойишлар кайфияти ҳам таъсир қилди шекилли, Россия раҳбарлари РДПнинг регистрациясини тиклашга ваъда бердилар. Кеча бу партия раиси Владимир Рыжковнинг билдиришича, Адлия вазирлигининг РДП регистрациясини тиклаш ҳақида 5 майда чиқарилган қарори партия расмийларига топширилибди. Авввалги хабарларимиздан маълумки, ҳозирда демократик мухолифатнинг бирлашган кучи бўлган, аммо турли баҳоналар билан рўйхатга олинмаётган Россия Халқ Эркинлиги Партияси (русча абриватураси – ПАРНАС) лидерлари Михаил Касьянов, Владимир Рижков ва Борис Немцов Россия Демократик Партиясининг регистрацияси тиклангандан кейин, унинг номини ПАРНАС деб ўзгартириш ва шу йўл билан регистрацияли бўлиб олишга келишгандилар. Демак, шундай қадам қилинишини кутиш керак. Агар лидерлар яна ўзаро урушиб кетмасалар ва ПАРНАС парчаланиб кетмаса, у ҳозир регистрацияли бўлиб қолиши ва Россиянинг сиёсий саҳнасида кўп ишлар қилиши мумкин. Шу муносабат билан Ўзбекистонда бўлган воқеаларни эслашдан фойда бор. 1991 йил кузида “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партияси расман рўйхатдан ўтган бўлса ҳам, Ўзбекистонда диктатура тикланиб, демократик мухолифат яксон қилингандан кейин, бу икки ташкилотнинг регистрацияси йўқ қилинганди. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 1999 йили “Бирлик” ва “Эрк”нинг регистрациясини қонуний йўллар билан тиклаш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятига АҚШлик NED ташкилотидан 12 минг долларлик грант олиб берди. Лойиҳага кўра, бу ишга тажрибали адвокатларни жалб қилиш, аввалига Адлия вазирлигига ноқонуний бекор қилинган регистрацияларнии тиклаш ҳақида ариза бериш, рад жавоби олинса, судга мурожаат қилиш кўзда тутилганди. Аммо, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси, Абдураҳим Пўлатнинг ўша вақтдаги ишонган одамларида бири Толиб Ёқуб шубҳали молиявий авантюралар йўлига ўтиб кетди. Жамиятнинг молиявий ишларни назорат қилиш комиссиясининг раиси, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Сайёра Худайберганова Тошкентдан кўчиб кетди деган ёлғон баҳона кўрсатилиб, унинг ўрнига Толиб Ёқубнинг қизи сайланганини кўрсатувчи сохта протокол грант берувчи ташкилотни алдаш учун тайёрланди. Асосий иш четда қолди, ҳатто Адлия вазирлигига “Бирлик” ва “Эрк”нинг регистрациясини тиклаш талаби билан ариза ҳам берилмади. Бунинг устига, Толиб Ёқуб Инсон ҳуқуқлари жамиятини рўйхатдан ўказиш нияти ҳам йўқлигини кўрсатгач, “Бирлик” бу кишидан воз кечишга мажбур бўлди. Кейинчалик, шу каби молиявий авантюралар қурбони бўлган Толиб Ёқубнинг куёви Аъзамжон Фармонов қамоққа ташланди, у кишининг ўзи Францияга қочишга мажбур бўлди. Аммо, вақти келади, ўша ва кейинги авантюралар учун Толиб Ёқубнинг ўзидан ҳам, унинг ўқувчиси – ҳуқуқ ҳимоячилигида бош ўғрига айланган Суҳроб Исмоилов кабилардан ҳам жавоб талаб қилинади. Табиий, ўша вақтда “Бирлик” ва “Эрк”нинг регистрациясини тиклаш устида иш бошлаш, мухолифатнинг жонланиши учун катта туртки бўларди. Ҳозир Россия Демократик Партияси Европа Инсон Ҳуқуқлари Судида ғалаба қозониб, Россияда демократияни ривожлантириш йўналишида кичкина бўлса ҳам моҳиятан муҳим қадам қилолгани каби. Нима бўлганда ҳам, “Бирлик” Партияси ва Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти сиёсий ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш йўлидаги ишларни Андижон воқеаларидан кейин яна ҳам ортган қийинчиликлар остида ҳозир давом эттирмоқдалар. Натижа албатта бўлади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону