08 May 2011
03:07 -
“Бирлик”нинг МК мажлиси баҳс-мунозарали, аммо ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида ўтди
Аввалги хабарларимизда “Бирлик” фаоллари Тошкентда йиғилиб, партия Марказий Кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказгани ҳақида хабар қилгандик. Мухбирларимиздан олинган хабарларга кўра, мажлис баҳс-мунозара, ўз-ўзини танқид қилиш, айни пайтда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида ўтган. Қарийб бир йилдан бери йиғила олмаган сафдошлар мажлисни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноб Пўлатнинг руҳига Қуръон тиловат қилиш билан бошлашди. Сўнгра партия Бош котиби Васила Иноят “Бирлик” Халқ Ҳаракати тузилганининг 22 йиллиги муносабати билан барчани қутлаб, роса уч ҳафтадан сўнг нишонланадиган бу сананинг халқимиз, миллатимиз тарихидаги аҳамиятига тўхталди.
Марказий Кенгаш мажлисининг расмий қисмини бошқарган партия раиси ўринбосари Дайнов Ташанов кун тартибидаги масалалар билан таништирди. Партия фаолларининг ўз сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва партияни рўйхатдан ўтказиш масаласи бўйича “Эзгулик” жамиятига аризалар топшириш ишини жадаллаштириш амалиёти ўзаро муҳокамага қўйилиб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Мажлисда Вашингтондан видео онлайн орқали иштирок этган партия лидери Абдураҳим Пўлат илк масала бўйича бир йил аввалги МК мажлисида қабул қилинган қарор бажарилиши охиригача етмагани, “Эзгулик” номига аризалар уюштирилиши ҳар жиҳатдан долзарблик касб этаётганини таъкидлади.
Масала юзасидан сўз олган партия раисининг ўринбосари, Самарқанд вилояти кенгаши раиси Холиқназар Ғани одамлар ҳатто имзо тўплаш каби акциялардан ҳам юрак олдиргани, шунинг учун партия Марказий Кенгаши номидан ҳуқуқ ҳимоячиси жамиятга мурожаат қилишнинг кифоя эканини айтди. Абдураҳим Пўлатнинг фикрича эса, агарда минглаб-ўн минглаб имзолар тўплашга эришилса, имзо йиғиш кампанияси виртуал митингга айланиб кетади. Шунинг учун имзо йиғилгани яхши.
Ўзаро мунозаралардан сўнг ҳар икки таклиф, яъни партия Марказий Кенгашининг “Эзгулик” жамиятга мурожаати ҳамда сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисида имзолар йиғилиши мақсадга мувофиқлигига қарор берилди.
Шуни таъкидлаш керакки, дейди мухбиримиз, аввалги Марказий Кенгаш мажлисида ҳам муҳокамаларнинг асосий нишони бўлган бу аризалар асосида “Эзгулик” жамияти фаоллари иш бошлаши, улар Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис палаталари раислари, Конституцион Суд, рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг раҳбарлари, ЕИ, ЕХҲТнинг Тошкентдаги вакиллари, дипломатик корпуслар билан учрашишга ҳаракат қилиб, “Бирлик”ни рўйхатдан ўтказиш масаласида ёрдам сўраши лозим эди. Сўнгра Адлия вазирлиги мутасаддидларидан рўйхатга олиш ишини охирига етказишни талаб қилиши, аксинча, иш ҳуқуқий маҳкамагача бориши кўзда тутилганди. Афсуски, муайян сабабларга кўра, бу жараён тўхтаб қолди. Бугунги мажлис жараённи жонлантиришга қарор берди.
Иккинчи масала, бу - Қирғизистон жанубида ўтган йили қирғиз фашистлари томонидан содир этилган ўзбеклар геноциди юзасидан партия баёнотини қабул қилиш бўлиб, унинг лойиҳаси иштирокчиларга тақдим этилганди. Қирғиз миллатига мурожаат тарзидаги бу баёнотда ўтган асрнинг 40-йилларидаги немис фашизми мисолига ҳам ишора қилиниб, агар геноцидга сиёсий, объектив баҳо берилмаса, воқеаларнинг такрорланиш эҳтимоли борлиги қайд этилган. Халқаро ташкилотлар, ҳатто феълан Қирғиз ҳукумати томонидан тузилган гўёки Мустақил комиссия ҳам эътироф этаётган инсониятга қарши жиноят факти, аслида, геноцид, қирғизларнинг ўзи тарафидан қораланмаса ва келажакда бундай воқеалар ўзбекларга қарши такрорланмаслигига кафолат берилмаса, қирғиз фашизми ва миллатчилик иллатига Ўзбекистон ўзбеклари доимо тамошабин бўлиб қололмасликлари таъкидланган. Лойиҳа бир қанча тузатиш ва таклифлар билан бойитилиб, сўнгра қабул қилинди. Бундай таклифларидан бири – баёнотда ўзбек автономиясига урғу бермаслик ҳақида эди. У жиддий бахсдан кейин қабул қилинди.
Аввалдан режаланмаган, бироқ мажлис иштирокчилари кайфиятидан сўнг ўртага чиққан учинчи масала - айрим хорижий мамлакатларда тузилгани эълон қилинаётган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” фаолияти, истиқболи ва аҳамиятига баҳо беришга қаратилди. Партия лидери Абдураҳим Пўлат гапни қисқа қилиб, “Эрк”нинг Салой Мадамин бошчилигидаги фракцияси аввал ҳам бу каби масхарабозлик билан шуғулланиб келгани, бунга яқин ўтмишда Миллий Нажот Қўмитаси номли оламшумул ташкилот тузиб, сўнгра йўқ бўлиб кетгани мисолида ҳозирги ҳаракатни ҳам ўта ножиддий, деб баҳолади. Шунинг учун, расмий муносабат билдириш уларни қайсидир жиҳатдан эътироф этиш бўларди, деди. Бироқ мажлисга Жиззахдан келган “Бирлик” фаоли Бахтиёр Ҳамро мазкур провакацион ҳаракатларга баҳо бериш фойдадан холи эмаслигини таъкидлаган бўлса, партиянинг Андижондаги лидери Мусажон Бобожон диний гуруҳлар билан бирлашган “демократ”ларнинг ҳаракатлари бизга сабоқ бўлиши керак, дея ҳамкасбини қувватлади. Мажлисни бошқарган Дайнов Ташанов мазкур ҳаракатга баҳо бериш ёки муайян баёнот қабул қилиш мавриди эмас экан, иштирокчилар партия нашри ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ўз муносабатларини билдириши мумкинлиги ва кераклигини эътироф этди. Марказий Кенгаш акромийлар, диндор фанатик ва собиқ демократ-лўттибозларнинг Ҳаракатини фош этувчи билдиришларни оммавий ахборот воситалари, жумладан “Ҳаракат” журнали ва сайтида эълон қилиш етарлидир деган маънода қарор қабул қилди.
Кун тартибининг тўртинчи масаласи - “Бирлик” халқ ҳаракати Таъсис қурултойининг 22 йиллиги бўйича тадбирлар режасини тасдиқлаш эди. Унга кўра, “Бирлик”чилар мустабид тузумнинг сўнгги йилларида дунёга келган миллий озодлик ҳаракати “Бирлик”нинг Таъсис мажлисини 22 йиллиги санасида (шу йил 28 май куни) улуғ бобокалонимиз Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш, бугунги мажлисда қабул қилинган баёнотларни Қирғизистоннинг мамлакатимиздаги элчилиги мутасаддиларига тақдим этиш ва рўйхатдан ўтиш жараёнини қайта бошлаш мақсадида Адлия вазирлига бориш каби тадбирлар амалга оширилади. “Албатта, барча ҳаракатларимиз қонуний ва Президент Ислом Каримнинг ўтган йил 12 ноябрида ўқиган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш концепцияси тамойиллари ҳақидаги маърузаси мазмунига асосан олиб борилади. Мулоқотларимиз конструктив ва ҳуқуқий мезонлар даражасида ташкил этилади, айтилган тадбирларни ўтказиш учун ҳукуматнинг керакли структураларидан рухсат олинади ” деди Абдураҳим Пўлат. У ҳаммани Ислом Каримнинг амалда бажарилмаётган бўлса ҳам, аммо моҳиятан тўғри бўлган нутқига ҳар ерда асосланиш, айни замонда, балки, махсус топшириқ биландир, давлат структуралари уни саботаж қилишаётганини урғулаш тактикасини қўллашга чақирди.
Кворум таъминланган Марказий Кенгаш мажлисида Швециядан бошпана топган партия раиси ўринбосари Пўлат Охун, Данияда муҳожирликда яшаётган Акбарали Ориф ҳам телефон орқали иштирок этди. Абдураҳим Пўлат скайп орқали мажлиснинг бошидан охиригача видеао-мулоқотда бўлгани аввалги хабарларимизда айтилган эди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, мажлисга Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилояти ва шаҳридан келган “Бирлик”чи дўстларнинг дийдорлашуви - мажлиснинг расмий мақомидан ҳам юқорироқ аҳамиятга эга бўлгандек кўринди, дейди мухбиримиз.
Мажлис иштирокчиларининг расмига қуйидаги изоҳларни бериш керак. Уни катталаштириш учун курсор билан босинг.
Биринчи қаторда ўртада ўтирган отахон Қаҳрамон ака Ғофуров “Бирлик”нинг туғилиш йилларидаги фаолларидан, унинг митингларида жонбозлик кўрсатган киши. Бугунги йиғилиш ҳақида эшитгач, унда меҳмон сифатида қатнашиш учун келибдилар. Ҳамма бирликчи-отахоннинг ҳурматини ўрнига қўйди.
Бу расм мажлис тамом бўлгандан кейин олинган. Турли узрли сабаблар билан бир неча киши тезда кетиб қолиб, расмга тушмай қолган. Маслан, “Бирлик” Партияси раисининг шимолий минтақа бўйича ўринбосари, хоразмлик Ҳайитбой Ёқубов, “Бирлик”нинг ветеранларидан Ботир Норбой ва бошқалар.
38 кишилик Марказий Кенгаш аъзоларидан бир нечаси Швеция, Норвегия ва Канада давлатларида сиёсий бошпана олганларидан бери мухолифатчиликни ҳам унутишган. Вилоят ташкилотлари уларнинг ўрнига бошқа вакиллар юбордилар. Андижон воқеаларидан кейин қамалиб ҳам чиққан ёшлар - Мусажон Бобожон (иккинчи қаторда чапдан биринчи) ва Дилмурод Муҳиддин (энг ўнгда) шулар жумласидандир.