16 March 2007
04:00 -
23:00 - Буларни айтиш ошкоралик талаби: Яна “Бирлик” юксакда, Нодира-Отаназар альянси шарманда 17:00 - Туркия ва Озарбайжон парламенларида муштлар ва тирсаклар ишга тушди 9:00 - Чечен хоинлари Қодировлар ўзбекнинг Мадаминовидан фарқлими?
23:00 - Буларни айтиш ошкоралик талаби: Яна “Бирлик” юксакда, Нодира-Отаназар альянси шарманда

Бундан бир неча кун аввал Буюкбританиянинг Тошкентдаги элчихонасида бу мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг ташрифи муносабати билан учрашув бўлибди. Учрашувда бир қатор мухолифат вакиллари иштирок этган бўлсалар ҳам, бу воқеанинг хабар сифатида мухолифат сайтларида эълон этилмаганлигининг ўзи диққатга сазовор, дейди мухбиримиз.

Маълум бўлишича, у йиғилишда “Бирлик” Партияси Бош Котиби Васила Иноят, “Эрк” партияси 53-54-чилар фракциясининг Бош котиби Отаназар Орипов, инсон ҳуқуқлари “Мазлум” жамиятининг раиси Аъзам Турғунов, “Қуёшли Ўзбекистон” коалициясининг вакили деб таништирилган Нодира Ҳидоятова ва яна бир неча киши иштирок этишган.

Неформал шаклда ўтган йиғилишнинг “қаҳрамони” аввалига Нодира Ҳидоятова бўлган. Бўлган, аммо, яқинда қамалиб чиққан аёл сифатида биринчи бўлиб сўз берилгунгача. Митингларда каби ҳақиқатда оташин нутқ сўзлаган Нодира, Каримов репрессиялари остида мамлакатда демократиянинг уруғи ҳам қолмагани, бу ерда ҳеч қандай фаолият олиб бориш мумкин эмаслигини ўзича исботлаб бўлгач, шундай оғир шароитда мухолифатда ўзи билан бирга бир киши қолганини хитоб қилган ва ўша кишини ҳамага қўли билан кўрсатган. Ҳар доимгидек мудраб ўтирган Отаназар Орипов охирги могиканлардан бири сифатида ҳамманинг диққатига сазовор бўлганини тушунгунча анча вақт ҳам ўтиб, юмшоқ қилиб айтсак, атрофдагиалрниг кинояли жилмайишларини тамоша қилишга мажбур бўлган.

Кейинги сўз Васила Иноятга берилибди. У “Бирлик”нинг диктатурага қарши кураш йўлида қилаётган реал ишлари, “Бирлик” ўз сафларидаги 21 минг аъзоси ва ҳамма вилоятлардаги ташкилотлари билан қандай кучга эга эканлиги, у 2004 йилда парламент сайловларида иштирок этишга ҳаракат қилиб, 10 округдан номзод ҳам кўрсатгани, “Ҳаракат” журнали ҳеч бир оқсоқсиз чиқарилаётгани ва Ўзбекистонда тарқатилаётгани, “Бирлик” бу йилги президент сайловида иштирок этиш учун тайёргарлик кўраётганини айтгач, Нодира ва Отаназар бир қоп кулга айланишибди. Васила ўлганни устига тепган қилиб, бу кунда Ўзбекистонда фақат бир мухолифат партияси, яъни “Бирлик” Партияси оёқда экани ва у ҳозир ҳамма қолган-қутган мухолиф гуруҳларни ўз атрофида бирлаштираётганини фактлар билан, алоҳида таъкидлаш керак, фактлар билан кўрсатиб берганда, у сохта мухолифатчиларнинг ҳолига маймун йиғлайдиган бўлибди.

Мубиримиз бу хусусда Васила Иноятга савол билан мурожаат қилди: “Нима учун бундай учрашув ҳақида хабар берилмади? Шарманда бўлганлар нима учун суст эканлигини тушуниш мумкин. Аммо Сиз нимага буларни очиқламадингиз?”

Мана “Бирлик” фаолининг жавоби: “Тўғрисини айтса, бу каби воқеалар жонимга тегди. Қайси чет эллик меҳмон келмасин, бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифатчи билан учрашади. Кейин ҳар ким тузум дастидан йиғлайди, бир ўзи курашаётганини айтади, аммо, курашини кўрсатувчи биронта фактни келтиролмайди, рус сайтларига юборган хатларидан ташқари. Фақат мен “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг қилаётган сон-саноқсиз ишларини айтишга бошлашим билан, ҳамманинг диққати бизга ўгирилади, бошқалар унутилади. Буюкбритания элчилигида ҳам айнан шу нарса такрорланди. Мен ҳаммага яна бир марта ўзимизни танитдим, бошқалар эса, яна бир марта шарманлда бўлдилар, халос". Отаназар акани авваллари Ардзинов етаклаб юриб ҳаммага таништирарди, энди бу вазифа Нодирага топширлган шекилли. Тўғри, буларнинг нимаси хабар?

Бундай ҳолга тушишини кутмаган Нодира Ҳидоятова ўзини ҳеч бўлмаса бироз оқлаб олиш учун бўлса керак, мухолифатчиларга қуйидаги ҳикояни айтиб берибди. Унинг сўзларидан маълум бўлишича, Нодира яқинда Кавказ мамлакатларидан бирида бўлиб (гап Арманистон хусусида борган), у ерда на ҳуқуқ ҳимоячилигига на мухолифатга алоқаси бўлмаган халқаро йиғилишда (Марказий Осиё ва Кавказ лоббичиларининг клубида) қатнашган. У ерда Нодирадан “Сиз Ўзбекистондан шартли озодликдан маҳрум этилганингиз сабабли, мамлакатни тарк этиш ҳаққингиз йўқ бўлиши керак, чунки бундай одамлар ҳар қандай давлатда ҳам органлар назорати остида бўлади. Сиз қандай қилиб Ўзбекистонни тарк этдингиз ва бу ерга келдингиз?” деб сўрашибди.

Нодиранинг жавоби ҳам оргинал: “Ҳамма нарса одамига боғлиқ. Мен ҳатто қамоқда ўтирганимда ҳам истаганимни қилардим. Органлар билан қандай муомала қилишни билиш керак. Қилолмаганлар ҳали ҳам қамоқда”. У бу гапларни ўзини улуғлаш, ўзини мақташ, ўзининг усталигини кўз-кўз қилиш учун гапирган. Аммо, шу билан истар-истамас ўзини фош қилиб қўйган. У мухолифат ичига қандай вазифалар билан келтирилгани хусусидаги савол аввалари ҳам кўпчиликни ўйлантирб қўярди, дейди мухбиримиз, энди бу масала яна ҳам ойдинлашиб бормоқда.

Ҳа дарвоқе, баъзи хабарларга қараганда, хатти-ҳаракатлари жуда шубҳали бўлган собиқ ББСчи (бу ердаги ҳамма ўзбеклар МХХ назорати остида ишлашларини ҳамма билади) Шоҳида Ёқубнинг ҳам у йиғилишда бўлиши жуда қизиқ.

Сайт маъмуриятидан: Ҳозир турли маъсулиятсиз журналистлар турли сайтларда ҳаёлларига келган нарсани ёзишга ўрганиб қолдилар. Шу сабабли, фақат уларга эмас, бизники каби сайтларга ҳам ишонч йўқолаётган бўлиши мумкин. Шу сабабли, расман билдиришни истардикки, биз сайтимиздаги ҳар бир маълумотни уни текширгандан кейин берамиз ва ҳар бир сўзимиз учун жавобгармиз.

17:00 - Туркия ва Озарбайжон парламенларида муштлар ва тирсаклар ишга тушди

Совет замонида Жанубий Корея парламентининг депутатлари парламент мажлиси давомида қандай мутлашишларини кўрсатиш оддий ҳолга айланиб қолганди. Бугун ҳам турли мамлакатларнинг парламентларида муштлашиш, тирсак ишлатиш, бир бирига тупуриш ҳоллари, минг афсуски, бўлиб туради.

Кеча Туркия Буюк Миллат Мажлисида сўлчи партия – Жумхурият Халқ Партиясининг депутати Меҳмет Али Ўзпўлат ва ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партияси депутати Аҳмет Ишиқ аввал бир бирларига бақирдилар, Ўзпўлат агрессив шаклда Ишиқ томонга юрабошлаганда, Ишиқ унга қараб тупурган, бошқалар ўртага кирмаса муштлашиш бўлиши муқаррарди.

Бугун эстафетани Озарбайжон парламенти аъзолари қўлга олдилар. Мамлакат Бош Вазирининг ҳисоботидан кейин музокараларда сўз олган депутат Гусейн Абдуллаевнинг танқидий гаплари, кўринишидан, Бош Вазир тарафдори бўлган депутат Фазаил Агамалига ёқмади. Уларнинг сўз уруши дарҳол муштлашишга айланди. Бу ерда ҳам бошқалар тўпалончиларни бир биридан ажратишди.

Бундай хабарларни кўриб, Ўзбекистон парламенти билан фахрланишга бошлаш мумкин. Халқ ва мамлакат ғами билан ишлари бўлмаган депутатлар йиғилишишади-да, мудраб ўтиришади, сўнгра президент маҳкамаси тарафидан тайёрланган қонунларни оёқ-қўллари билан тасдиқлаб, уйқуни давом эттириш учун уйларига жўнашади. Тўполон йўқ, жанжал йўқ, аммо, мамлакатда қашшоқлик бор, мамлакат иқтисодида олға кетиш йўқ,

9:00 - Чечен хоинлари Қодировлар ўзбекнинг Мадаминовидан фарқлими?

Яқинда Степан Бендера номли бутунукраина “Тризуб” ташкилотининг “Бендеровец” газетасида (украин тилида) Чечен-Ичкерия Республикасининг президенти Докку Умаров билан интервью эълон қилинди, деб хабар беради Киевлик мухбиримиз.

Докку Умаров рус босқинчиларига қарши жиҳод давом этиши, Оллоҳ амри билан ўз юрти мустамлакачилардан озод бўлиши муқаррарлигини гапираркан, ўз миллатига ҳиёнат қилган ота-ўғил Аҳмад ва Рамзон Қодировларни ҳам тилга олади ва уларни фош қилувчи баъзи фактларни келтиради.

- Мужоҳидлардан ҳеч ким руслар тарафига ўтиб кетмаган. Бу ҳақдаги гапларни ФСБнинг ўзи тарқатади. Ота-ўғил Қодировларга келсак, на ота ва на ўғил авваллари ҳам руслар томонига бир дона ўқ отмаганлар. Аҳмад Қодиров (агент сифатидаги лақаби “Адам”) КГБ-ФСБнинг штатидаги Совет замонида ёлланган агент. Уруш вақтида ўғиллари билан ўз қишлоғи Хосиюртда ўтирган. Генерал Лебедь бу ерларда пайдо бўлгандан кейин ФСБнинг топшириғи билан фаоллашабошлади. Ўғли эса шофери бўлган. - дейди Докку Умаров газета мухбирининг душман томонига ўтиб кетганлар ҳақидаги саволига жавоб бераркан.

Ўзбек хоинларининг чеченларникидан ҳеч фарқи йўқ, дея Докку Умаровнинг фикрини давом эттиради Тошкентлик мухбиримиз. 53-54 лақабли Салой Мадаминовни олайлик. У мустамлакачиларга қарши на мақола ёзди, на “Бирлик”нинг митинларида ёки ўзи депутат бўлган Олий Советда чиқиш қилди. Лекин, расмий газетеларда Коммунистик партияни ўз-ўзини ислоҳот қилоладиган ташкилот деб олқишлади.

Тўғри, у бир марта “Бирлик”нинг митингига келди. Аммо, янглишиб келиб қолганди. У 1989 йил 8 октябрда “Бирлик”ни парчалаш ишига раҳбарлик қилар экан, “Митинг қилиш кўча чангитиш” дейишгача борди. “Бирлик” шундан кейин ҳам митингларини тўхтатмагач, бир гуруҳ бўлғуси эркчи 53-54-чилар “Бирлик”нинг 16 октябрга эълон қилинган митингини бузиш ва ташкилот ичида ташаббусни қўлга олиш мақсадида бирликчилардан олдинороқ ҳозирги Мустақиллик майдонининг бир четига келиб, ўзларича митинг ўтказишга уриндилар. “Бирлик”нинг ўн минглаб фаоллари майдон марказида ҳақиқий митингни бошлаб юборишгач, ўз масхарабозликларини тўхтатишга мажбур бўлишди. Ана ўша масхарабозлар минбарида чиқиш ниятида биринчи марта майдонга келган Салой Мадаминов “Бирлик”нинг митингида бир неча оғиз нейтрал сўзлар айтиб кетишга мажбур бўлганди. У юрт ташқарисига чиққандан кейингина тузумга қарши бир нарсалар ёзабошлади, “Озодлик” радиосида гапирабошлади, яъни мажбуран мухолифатчига айланди.

Докку Умаровнинг рус генерали Лебедни тилга олиши ҳам бизнинг хоин билан алоқали бир воқеани эслатади. Маълумки, генерал Лебедь Совет замонида Молдованинг Приднестровье қисмидаги Қизил Армия қўшинларига қўмондонлик қиларди. Бошқа республикалар қатори Молдова ҳам мустақиллигини эълон қилганда, Лебедь ўзини гўёки Москвага ҳам бўйсунмайдиган қилиб кўрсатиб, Приднестровьени Молдовадан ажратиб олди. Лебедь келиб чиқиши бўйича хакас, аммо, чўқинтирилган, рус шовинисти.

У Чеченистонга келгандан кейин, Докку Умаров айтганидек, Аҳмад Қодиров қимиллаб қолгани тасодиф эмасди. Яна бир оздан кейин Аҳмад Қодиров мустақиллик учун курашаётганларга хоинлик қилиб, ўғиллари билан руслар тарафига ўтиб кетди. Лебедь қилган ишлари учун рағбатлантирилди ҳам, аввал Россия Хавфсизлик Кенгаши раҳбари этиб тайинланди, сўнгра Хакасия губернатори бўлди.

Айнан ўша пайтда бу рус шовинистининг ёнига икки букилиб, гўёки бутун умрини русларга қарши курашга бағишлаган Салой Мадаминов келди, бирга тушган расмларини “Эрк” газетасида чиқарди. Қисқа замондан кейин Лебедь уюштирилган верталёт ҳалокатида ўлмаса эди, 53-54 унинг ҳизматкорига айланган бўларди. Лебедсиз Москва Салой билан қизиқмаганининг сабаби эса, у ердагилар учун Каримов ҳаммадан ҳам ишончли одам бўлгани эди.

“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Жавахарлал Нерунинг “Хоинлик бор ерда қуллик бор” деган сўзларини кўп такрорлайди. Чунки, бу улуғ инсоннинг сўзлари мутлақо тўғри. Мисол учун узоққа бориш ҳам керак эмас. Аҳмад-Рамзон Қодиров ва Салой Мадаминов каби хоинлар туфайли ўзбеклар ҳам чеченлар ҳам қулликда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону