06 August 2011
13:44 - Абдураҳим Пўлат: Ҳозир тилни эмас, оёқ ости қилинган миллатни ўйлашимиз, ичимиздаги хоинлардан қутилишимиз керак

Гапни асосий мавзудан бироз узоқроқ кўринадиган воқеаларни эслатишдан бошлайман. Кечаги хабарларда Киев шаҳри туманларидан бирида судланаётган Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенкога нисбатан эҳтиётлик чораси ҳеч қаерга кетмаслик ҳақидаги тилхатдан вақтинча ҳибсга олишга айлантирилганини билдиргандик. Суднинг ўша мажлисида Юлия Тимошенко судьяга очиқча ҳурматсизлик кўрсатишдан ташқари, “Мен русчани тушунмайман” деб таржимон чақиришни ҳам талаб қилган эди. Табиий, ёшлигида фақат рус тилини билган, украин тилини эса балоғат ёшига етгандан кейин ўрганган одамнинг бу иши оддий лўттибозликдир. Аммо, вақти келса, ўзи олиб бораётган кураш нуқтаи назаридан фойдали бўлса, бундай лўттибозликни яхшигина политехгнологик қурол сифатида ишлатиш мумкин ва керак.

Аслида, бир вақтлар мен тарафимдан ўйлаб топилган бу қуролни Юлия Тимошенко нотўғри вақтда ишлатди ва кулгига қолди.

Баҳона билан мен бу қуролни қандай ишлатганимни эслатмоқчиман. Сайтимизга қўйилган “Ўзбекларни митингга олиб чиқолдик, сиёсий хайриячиликка ўргатоламизми?” номли мақоламда (http://harakat.net/actual.php?id=32&id_topic=6) ўша воқеанинг бир қисмигина келтирилган экан. Мана ўша қисм.

 

* * *

1989 йил 19 марта Тошкентнинг марказий сиёсий майдони - Ленин майдонида ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаби билан ўзбекнинг тарихида биринчи митинг ўтказилишига эришганимдан кейин, шу талабни қўлаб қувватловчиларнинг имзосини мамлакат бўйича йиғишга бошладик. Ўзбек сифатида буни айтишга уялсам ҳам айтишим керакки, янглишмасам, тахминан 3 минг имзо тўпладик. Орадан 17 йил ўтгани учун янглишаётган бўлай, 3 эмас, 30 минг имзо ҳам тўпладик дейлик. Ахир биз ўша пайтда 15 миллинонлик миллат эдик. Қолганлар қаерда эди?

Зиёлиларнинг ўчоғи деб ҳисобланадиган Фанлар академиясининг институларида имзо тўплаш қандай кетаётгани яқиндан кузатиб борар эдим. Химия институтидаги сафдошларимиздан бу институт директорининг шахсан ўзи “Бирлик” фаолларига қаришилик кўрсатаётганини эшитгач, у билан бориб, институтдаги кабинетида учрашдим. Минг афсуски, ҳозир у ифлоснинг исми эсимда йўқ, лекин ҳақиқий манқурт эканлигини тезда англадим. У рус тилисиз яшаб бўлмаслигини, ўзбек тили уй тилидан бошқа вазифани бажаролмаслигини тўтиқушдек, ўзбек тилида такрорларди. Бир оз муддат у билан бахслашгач, бунинг бефойда эканлигини тушундим ва унга: “Бу қилаётган ишингиз учун болаларингизгина эмас, набираларингиз ҳам Сизни кечирамайдилар” деб, хонасидан чиқиб кетдим.

Эртаси куни нима иш биландир Дадахон Ҳасаннинг уйида боргандим, у кишининг маҳалласида чиқаберишда милиция наряди мени ушлаб шаҳар прокуратурасига “оёғимни ерга тегизмай” олиб келди. Маълум бўлишича, кеча учрашганим Химия институтининг директори “Фақат болаларингни эмас, набираларингача ҳаммасини йўқ қиламиз” деди, деб устимдан шикоят ёзибди. Ўша пайтдаги Куйбишев районидан бир судьяни ҳам олиб келиб, тайёрлаб туришган экан. Мақсадлари шу ернинг ўзида мени маъмурий суд қилиб, 10-15 кунга қамаш эканлигини ҳам яширмадилар.

Қонунлардан ҳам озгина хабарими бўлгани учун, судьянинг ҳам, терговчининг ҳам “миясини қотириб”, ўша ердаёқ суд жараёнинг тўхтатишга эришдим.

* * *

Ўша мақоламда суд жараёнини қандай тўхтатганимни ёзмаган эканман. Ҳозир ёзмоқчиман.

Хуллас, кўрдимки, мени ўша ердаёқ суд қилиб, маъмурий жазо беришмоқчи. 1-2 ҳафталик қамалишдан қўрқиб кетдим ҳам демоқчимасман. Аммо, ўша пайтда қамалишни истамадим ва вазиятдан чиқиш йўллари устида ўйлай бошладим. “Химия институти директорининг аризаси қайси тилда ёзилган?” деб сўрадим судьядан. “Табиий, ўзбек тилида”, деб жавоб берди у очиқча киноя билан. Киноянинг сабаби ҳам маълум. Агар ариза русча бўлса, Абдураҳим Пўлат “русчани билмайман” деб туриб олади деб аввалдан ўйлашган ва аризани ҳам ўзбекча ёздириб олишган экан.

Шунда мен уларга, яъни судья ва прокуратура терговчисига шундай дедим: “Мен ўзбекчани билмайман, қолаверса, бизда давлат тили – рус тили. Шу сабабли, аризани русчага таржима қилишни ва суд русча бўлишини талаб қиламан”. У бечораларнинг ўша пайтдаги аҳволини кўриш керак. “Ўзинглар давлат тили ўзбек тили бўлсин деб курашаяпсизларда, бу ерда шундай қиласизми?” деб мени мантиқсизликда айблашга ҳаракат қилишди, лекин мен талабимда қаттиқ турдим. Ва мавжуд қонунлар доирасида ҳақ эдим.

Ниҳоят прокуратура терговчиси “Ҳозир бир нарса қиламиз” деб чиқиб кетди ва бир оздан кейин 30 ёшлардаги бир ўзбек йигитини олиб келди. Кўринишидан у прокуратура ходими эмасди, тахмин қиламанки, ўзи терговда бўлган қандайдир одам, таржимонлик қилсанг, ишингни юмашатамиз, деб алдаб олиб келишган.

Мен ундан “Иккала тилни ҳам яхши биласизми?” деб сўрадим. У баландпарвозлик ва менсимаслик оҳангида ”Жуда яхши биламан” деди. “Бўлмаса, билиб қўйинг, мен “Бирлик”нинг раисиман”, дейишим билан, кўриб турибманки, йигитнинг турқи ўзгарди. Мен давом этдим: “Бу иш сиёсий иш. Ҳозир биронта сўзни нотўғри таржима қилсангиз, бутун умр бошингиз дарддан чиқмайди”.

Бирданига йигит ўрнидан сапчиб турди ва эшикни тарақлатиб очиб, коридор бўйлаб қочишга бошлади. Айнан, шундай бўлди, у чиқиб кетди эмас, паника ичида қочди ва йўл-йўлакай бақириб кетди: “Мен алдаб олиб келибсизлар, нега бундай қилдинглар!”.

Унинг орқасидан югурган прокуратура терговчиси 5 дақиқалардан кейин бир ўзи қайтиб келди ва судьяга ишни қолдиришни буюрди. Айнан буюрди. Шу билан суд қолди. Мени бошқа чақирганлари ҳам йўқ.

Ўша вақтларда Коммунистик партиянинг Тошкентдаги Куйбишев (ҳозир Мирзо Улуғбек) тумани иккинчи котиби Шуҳрат Нусратов “мени ҳақорат қилишди” дея мен ва “Бирлик”нинг адвокати Миролим Одил устидан ариза бериб, маъмурий иш очтирганди. Ўшанда суд залига келиб, жиноятчилар учун доим тайёр бўлган темир панжарали ҳужрага кирволганимиз ва масхарабозлик қилганимиз ҳам эсимда. Бечора судья бизни у қафасдан чиқаролмагач, ишни бекитдим, деб қочиб кетган.

 

* * *

Ҳа, ўша пайтда биз ҳокимиятдан кучлироқ эдик. Ўзимиз ҳокимиятга келишимиз – вақт масаласи эди, холос.

53-54 лақаби билан танилган Салой Мадамин ва унинг ҳамтовоқ ёзувчилари миллатга нисбатан қилган хоинликлари туфайли “Бирлик” парчаланди, мана энди ўзбек халқи бугун қулликда. Ўнлаб-юзлаб йигитларимиз мавжуд режим тарафидан тўғридан-тўғри ўлдирилди. Марказий Осиёда доимо етакчи роль ўйнаган ўзбеклар бир ҳовуч қирғиз фашистлари тарафидан қирғин қилинди. Ўзбекларни тириклайин ёқишди, ўзбек аёлларини навбатга туриб зўрлашди, Қозоғистонда ўзбек мактабларини бекитиб ташлашмоқда, Тожикистон тожиклари бизни одам ўрнида ҳам кўришмаяпти. Ўзбек халқи буни томоша қилиб ўтирибди. Миқ этолмайди.

Бундай шароитда миллатнинг қайтадан оёққа туриши ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Кўп ишлар қилиниши шарт. Масалан, миллатга хоинлик қилганларга нисбатан олий жазо тикланиши, бундай айбномалар учун муддат (орқага ҳам, олдинга ҳам) чекланмаслиги керак.

Миллат хоинларини била туриб, улар билан оғиз-бурун ўпишаётганлар ҳам миллат хоинларидир. Ҳозир Салой Мадамин билан ҳамкорлик қилаётган пасткаш акромийлар, Обиджон қори, Насрулло Сайид, Мўътабар Тожибой, Алибой Йўляхши, Дилсора Бирнарса каби ифлослар ҳам буни тушунишлари керак - хоинлик кечирилмайди. Биз бунга эришамиз, тўғрироғи, ўзбек халқи шундай қилишга эришади, албатта. Чунки, бошқа йўл йўқ. Гап миллат тақдири ҳақида кетмоқда.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону