06 February 2007
04:00 -
23:30 - “Сиёсий фаоллик”ни “Миллий тикланиш” бошлаб берди - “Навоиазот” акциялари сотувга қўйилади - ЕИнинг минтақамизга нисбатан стратегияси Остонада муҳокама этилади
23:30 - “Сиёсий фаоллик”ни “Миллий тикланиш” бошлаб берди

Кеча Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Парламентдаги фракцияси аъзолари сиёсий чўнтакларнинг фаоллашув кампаниясини пойтахтлик сайловчилари билан учрашишдан бошлади. Бундан мақсад режимбоши Каримовнинг Парламентга қонунчилик ташаббуси билан киритган “Мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш, сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Қонунининг нақадар самарадорлигини исботлашдир, дейди мухбиримиз. Ҳукумат матбуотчилари томонидан тарқатилаётган маълумотларга кўра, айни ҳаракатлар партиянинг бошқа мухолифлари орасидаги мавқеини оширишга хизмат қилади.

Партия етакчиси, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад сўзга чечан, хушомадгўйликни дўндирадиган шахс. У Каримовга қандай ялтоқланиш санъатини пухта ўзлаштирган. Афтидан Президент сайловларидан олдин омма олдида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг муқом қилиши Президентлик сайловларида қатнашажак қўғирчоқ номзоднинг кимлигини ойдинлаштиргандай, дейди мухбиримиз. Агар сайлов бўлса...

“Навоиазот” акциялари сотувга қўйилади

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида муҳим стратегик корхона ҳисобланган “Навоиазот” очиқ турдаги акциядорлик жамияти ўзининг 49 фоиз акцияларини хорижлик инвесторларга сотишга қарор қилганини билдирди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва саноатига 130 турдан ортиқ минерал ўғит ва кимёвий маҳсулотлар етказиб берувчи мазкур гигант корхонанинг шундоғам ошиғи олчи, бироқ корхона акцияларига яна ўрис компаниялари кўз олайтирган кўринади.

1964 йилда бунёд этилган “Навоиазот” маҳсулотлари тўла ҳукумат назоратида «Қишлоқхўжаликкимё», «Ўзкимёсаноат» ташкилотлари томонидан тақсимланади. Завод ҳудуди 682 гектар бўлиб, у 76 та турли цехларга ажратилган. Унда 9 минг 700 нафар ишчи меҳнат қилади.

ЕИнинг минтақамизга нисбатан стратегияси Остонада муҳокама этилади

Шу йилнинг 28 мартида Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги мажлис Қозоғистон пойтахтига белгиланган. Бу ерда ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан яқин келажакдаги стратегияси муҳокама нишонида бўлади. 5 февралда ҳафталик брифингларнинг бирида бу ҳақда маълум қилган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ержон Ошиқбоев Қозоқбоши Назарбоевнинг Германиядаги учрашувлари натижасига ҳам шаъма қилди.

Бироқ “Немис тўлқини” ва бошқа оммавий ахборот воситалари ЕИнинг айнан Ўзбекистон борасидаги стретегияда дастлабки хулосаларга келинганини айтишга шошиляпти. Гўё, Иттифоқ Каримов режимига нисбатан эълон этилган жазо чоралари, санкцияларнинг тўла эффект бермаганини тан олган ва энди жазолашни давом эттириш фикридан қайтмоқчи. Аксинча, ЕИ Ўзбекистон билан ҳар жиҳатдан интеграцияни кенгайтирмоқчи ва шу йўл билан Ўзбекистонга таъсирини кучайтирмоқчи. Бу борада “Бирлик” Партияси раҳбарлари яна ҳақ бўлиб чиқмоқда, дейди мухбиримиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону