18 June 2011
03:44 - Қирғиз элчихонаси олдидаги норозилик миллатдошларимиз қаддини кўтарди
Ўш қирғинининг бир йиллиги муносабати билан “Бирлик” Партияси ва «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан Қирғизистон элчихонаси олдида ўтказилган норозилик акцияни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Акцияга мен ҳам таклиф қилингандим, бироқ узрли сабабга кўра акцияда қатнаша олмадим. Миллатимиз тарихида қоладиган норозилик тадбирининг муҳим жиҳати шундаки, тадбир Ўзбекистон ичкарисида ўтказилди. Албатта, бу тадбир айнан мамлакат ичкарисида ўтказилганини Қирғизистондаги маънавий рағбатга муҳтож миллатдошларимиз эшитган, ўқиган. Уларнинг қувончини кўз олдингизга келтиринг.

Мен ҳам, албатта, турли доираларда миллатдошларимиз қирғини билан боғлиқ ҳодисага муносабатимни билдирдим. Бир ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида, Ўш қирғинига билдирилаётган муносабатларда, негадир Қирғизистондаги миллатдошларимизга паст назар билан қарашларидан жуда хафа бўламан. Қирғиз элчилиги биноси олдида ўтказилган тадбир ана шу қарашларга жиддий зарба бўлди. Ўшдага ўзбеклар ўз ота маконида тинч, осуда яшайдиган давр келишига ишонаман.

Бахтиёр Ҳамроев,
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилоят бўлими раиси

***

Худди шу мазмундаги хат Андижондаги “Бирлик”чилар Мусажон Бобожон ҳамда Дилмурод Муҳиддинлардан ҳам олинди. Бу икки киши 2005 йилдаги Андижон хунрезлигини қоралаган “Бирлик” баёнотини тарқатгани учун ҳибсга олинган, Мусажон Бобожон ярим йилдан кейин шартли ҳукм билан озод қилинган бўлса, Дилмурод Муҳиддин 3,5 йил қамоқда ўтирган.

Улар Қирғизистон элчихонаси олдидаги норозилик акциясида иштирок эта олмаганидан изтиробини ифода қилиб, тўла миршаблар назоратида бўлишганини таъкидлашибди. Дилмурод Муҳиддинннинг паспорти олиб қўйилган, Мусажонга эса уйдан чиқмаслик шарти қўйилган экан. Шунга қарамай Тошкентдаги норозилик акциясида қалбан бирга бўлганини айтган дўстларимиз акциянинг миллат руҳи ва ғурури олдидаги аҳамиятини урғулашган.

Мактублар келиши давом этмоқда, уларни мавриди билан эълон қилиб борамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону