04 June 2011
13:26 - Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни монополлаштириш даражаси пастлигига ишониш мумкинми? Абдураҳим Пўлатга кўра, йўқ!
Иқтисодий информация тарқатишга мутахассислашган uzreport.com порталининг шу кунлардаги хабарига кўра, 2010 йилда Ўзбекистондаги ишлаб чиқаришни монополлаштириш даражаси 0,36% ни ташкил этибди. Бу кўрсатгич 2008 йилда - 0,47 фоизни, 2009 йилда - 0,43 фоизни ташкил қилган экан. Бу сайтнинг аввалги хабарларида айтилишича, Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда монополлаштириш даражаси 4,6 мартага, яъни 75,2 фоизга тушибди.

Ҳар қандай соҳадаги монополия, айниқса, давлат монополияси ўша соҳанинг ривожланиши йўлидаги асосий тўсиқ эканлигини ҳисобга олсак, бу кўрсатгич ва унинг динамикаси ҳар кимни хурсанд қилиши керак.

Бу гўзал рақамлар қанчалик ҳақиқатга тўғри эканлигини текшириб кўриш учун монополлаштириш даражаси қандай ўлчанишига қарайлик. Масалан, тадбиркорликни монополлаштириш даражаси Монополист корхоналар Давлат реестри ҳамда Табиий монополия субектлари Давлат реестрига киритилган, фаолият кўрсатаётган корхоналар ва монополист корхоналар сони бўйича статистик кўрсаткичлари ҳисобга олинган ҳолда аниқланар экан.

Ҳамма гап шундаки, Ўзбекистонда давлат реестрлари ҳақиқатни ўзида акс эттиришига ва статистик кўрсатгичларга ишонса бўладими? Табиий, содда одам ишонаверади.

Ёпиқ жамиятли Ўзбекистонда реестрлару статистик кўрсатгичларни текшириб кўриш имкони йўқ. Шу сабабли, мамлакатимизда тарқатилаётган расмий маълумотлар ва давлат расмийларининг баёнотларини фош қилиш санъати муҳим роль ўйнайди.

Бу борада “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг йиллар аввал бўлиб ўтган бир воқеа ҳақидаги ҳикоясини эслатиш фойдали бўларди.

Бу воқе мамлакатимизнинг АҚШдаги элчиси лавозимида Содиқ Сафаев ишлаётган йилларда Вашингтонда бўлган эди. Воқеанинг аниқ кунларини архив материалларимдан топиш мумкин. Аммо, ҳозир бу муҳим эмас, дейди “Бирлик” лидери.

Мана ўша воқеа. Бир куни ўз исмини айтишни истамаган бир ўзбек менга телефон қилиб, тахмин қиламанки, у Ўзбекистон элчихонасининг бизга ҳайрихоҳ ходими бўлган, АҚШ ҳукуматининг ташқи сиёсатини белгилашда муҳим роль ўйнайдиган Вашингтондаги ташкилотлардан бирида элчимиз Содиқ Сафоев ҳам иштирокида йиғилиш бўлишини ва менинг у ерга боришим фойдали бўлиши мумкинлигини айтди. Нима учун буни менга айтаяпсиз десам, Сиз бундай нарсаларга қизиқишингизни биламан, деди у одам.

Хуллас, бордим. Йиғилишнинг бошланишига бир неча дақиқа кечикибман. Тахминан 15-20 киши қатнашаётган йиғилиш бошқарувчиси эндигина нутқ сўзлайдиган одамларни мажлис аҳлига таништириб бўлган экан. Эшикдан кириб боришим билан президиумда ўтирган Содиқ Сафаев ва Ўзбекистон ҳукуматининг Вашингтондаги лоббичиларидан бири, Ислом Каримнинг тўғридан-тўғри лаганбардори бўлган Жонс Ҳопкинс Университети қошидаги номи улуғ супраси қуруқ Марказий Осиё – Кавказ Институтининг директори Фредерик Старрни кўрдим. Улар ҳам мени кўришди, Сафаев бироз безовта бўлиб қолганини сездим, аммо Фредерик Старр паникага тушганини менимча ҳамма кўрди. Чунки, улар менинг бу кенг оммага очиқ эълон қилинмайдиган йиғилишга келиб қолишимни мутлақо кутишмаганди.

Дарҳол биринчи сўз Содиқ Сафоевга берилди. Табиий, у менинг келишим туфайли вазият ўзгарганини сезса ҳам, тайёрлаб келган нутқини ўқиб беришдан бошқа нарсага қодир эмас эди.

Кўрдимки, унинг нутқи Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий саҳнасида буюк ислоҳотлар ўтказилаётгани ва буларнинг бошида Ислом Каримдек президент-реформатор турганини урғулашга бағишланганди. Бечора элчимиз сиёсий саҳнадаги энг катта ўзгариш сифатида Комсомолнинг йўқ қилингани, Совет замонида ҳамма нарса давлат корхоналари тарафидан ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозир маҳсулотларнинг 80 фоиздан ортиғи (!!) давлат секторидан ташқарида ишлаб чиқарилаётгани, яъни гўёки социалистик иқтисоддан қутилганимизни кўрсатувчи фактларни гапирди, рақамлар келтирди.

Фредерик Старр йиғилиш бошқарувчиси билан дўстона пичирлашаётганидан сездимки, бу ерда менга гапириш учун рухсат ҳам беришмайди. Шу сабабли савол бериш баҳонасида безбетларча кичкина нутқ қилиб олишга қарор қилдим. Сафоев нутқини тамомлаши билан савол бериш учун қўл кўтариб, қисқа нутқимни, бошқарувчининг дод-войларига қарамасдан айтиб олдим. Қолаверса, ҳамма менга диққат билан қулоқ солаётганини кўрган бошқарувчи ҳам тезда жим бўлди.

Менинг қисқа нутқимнинг ундан ҳам қисқа мазмуни шундай бўлди. Ўзбекистонда Комсомол йўқ қилинмаган. У “Камолат” номи остида, бироз коммунистик риторикани ўзгартириб, диктатуранинг ёшлар ичидаги таянчи сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Иқтисодга келсак. Ўзбекистон аграр мамлакат. Бизда ишлаб чиқиладиган маҳсулотнинг 80 фоизи аввал ҳам гўёки давлат сектори бўлмаган колхозларда етиштириларди. Ҳозир колхозларнинг номини жамоа хўжалиги деб ўзгартиришган холос. Шу сабабли, Сафоевнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 80 фоизи давлат секторидан ташқарида эканлиги ҳақидаги сўзлари тўғри, аммо Совет замонида ҳам шундай эди. Бунинг устига “колхоз” атамасига кирадиган европача “коллектив” сўзи энди арабча “жамоа” сўзига айлантирилгани, “хоз – хозяйство” аслида “хўжалик” сўзидан келиб чиққанини ҳисобга олсак, “жамоа хўжалиги” айнан колхоз деганидир, деганимда йиғилганларнинг кулгисини кўрсангиз эди.

Вақти келгани учун айтаман, хозирги фермер хўжаликлари ҳам ўз маҳсулотларини эркин бозорда сотиш имконлари бўлмагани учун эски колхозлардан фарқлари кам.

Хуллас, ўша мажлисда Содиқ Сафоевнинг қандай шарманда бўлганини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Ўйлайманки, дунёда ҳеч бир элчи у каби шарманда бўлмаган. Бир неча ойдан кейин уни Тошкентга чақириб олишди. Бунда менинг ролим йўқлигини фақат ақлсиз одамгина тан олмаслиги мумкин.

Дарвоқе, профессор Фредерик Старр фақат ланганрбардорлини эмас, айёрликни ҳам биларди. У мен Срдиқ Сафоевни қандай шарманда қилганимни кўргач, ўз нутқини умумий шаклдаги қуруқ гапларга айлантирди. Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришларни олқишлаб ўтирмади.

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни монополлаштириш даражаси пастлиги ҳақидаги uzreport.com сайтининг хабари ҳам, ўйлайманки, пропаганда мақсадида қилинаётган навбатдаги ёлғон. Аммо, мен бу соҳани унча яхши билмайман. Шу сабабли uzreport.com сайтининг хабарларини ёлғонлгини кўрсатиб беролмайман. Ажабо, буни қилоладиган мутахассислар борми Ўзбекистонда?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону