Кеча “Эхо Москва” радиоси Россия Федерацияси Давлат Думаси собиқ депутати Алексей Митрофановга асосланиб, мамлакатимизнинг Андижон ва Фарғона вилоятларида ўн минглаб кишиларнинг ғалаён кўтаргани ҳақида хабар тарқатди. Хабар мазмунидан кўринишича, гўё ҳукумат исёнкорларга куч қўллашга журъат қила олмагани, аксинча, улар билан мулоқот қилган.
Бироқ 10 дан ортиқ мустақил манбаларимиз водийда бундай ҳодисанинг ҳатто дараги ҳам чиқмаганини таъкидлади. Ўрисларнинг ғалаён ҳақидаги хабари ўзига хос провокациями ёки шунчаки англашилмовчиликми, тушуниш қийин.
“Эхо Москва” Россияда ҳукуматдан мустақил бўлган ва ошкоралик руҳидаги хабарлар тарқатадиган ягона радиодир. Алексей Митрофанов эса бир маҳаллар Жириновскийнинг Лидерал-демократик партиясидан Россия парламентининг қуйи палатасига депутат бўлиб сайланган одам. Худди Жириновский каби, турли тўпалон-жанжал руҳидаги воқеаларнинг қаҳрамони бўлиб юрган шахс. Ундан ҳар нарсани кутиш мумкин, дейди мухбиримиз.