Биринчидан, Халқаро Мустақил Комиссия (ХМК) деб номланган нарса ўтган йилнинг октябрь ойида ҳеч кимдан мандат олмасдан тузилган, тўғриси, у Қирғизистонда давлат тўнтариши йўли билан ҳокимиятга келган қирғизлар гуруҳи тарафидан яратилган. Комиссия ичида номи чиққан одамлар борлиги ҳам унинг қандайдир ваколатлари борлигининг исботи бўлолмади.
Иккинчидан, ўзбеклар деганда, бутун ўзбек миллати ҳақида гапирилмоқда. Бугун Қирғизистондаги ўзбеклар шундай аҳволга туширилганки, улар ўзларини ҳимоя қилолмайдилар. Демак, дунё ўзбеклари, биринчи навбатда, Ўзбекистон ўзбеклари Қирғизистонда фашист гуруҳларининг ҳужуми остида қолган ва бунга бефарқ бўлиб, феълан фашистлар тарафини олаётган Қирғизистон ҳокимиятидан Қирғизистон ўзбекларини ҳимоя қилишга мажбур ва маҳкумлар.
Бугун Қирғизистон оммавий ахборот воситалари, Халқаро Мустақил Комиссия ўз ҳисоботининг инглизча вариантини тайёрлаб, мавжуд ҳукуматга топширгани, унинг русча варианти тайёрланиб, май ойининг бошларида эълон қилинишини билдирдилар.
Масалан, 24.kg ахборот агентлиги ўша ХМКнинг раиси Киммо Килюнен билан суҳбатни, кейин эса, қаердан олинганини айтмасдан, ҳисоботдан парчаларни эълон қилди.
Эълон қилинган материалларда ўтган йили июнь ойида айнан ўзбеклар нопропарционал даражада кўпроқ ўлдирилгани, кўпроқ ўзбекларнинг уй-жойлари яксон қилингани тан олинади. На Киммо Килюненнинг суҳбатида на ҳисоботнинг эълон қилинган қисмларида аниқ рақамлар келтирилмаган.
Лекин, аввалдан маълум бўлган нарса яна бир марта тасдиқланмоқда. Қирғизистон ҳукуматининг ўзи томонидан яратилган гўёки мустақил комиссия ўзбеклар қирғин қилинганини бир оз бекитиб бўлса ҳам тан олмоқдами, демак, аслида, ўзбекларнинг қирғин қилиниш даражаси айтилгандан ҳам кўпроқ, бу қирғинни қатлиом деб аташга тўла асос бор.
Бир гуруҳ қирғиз фашистлари томонидан Қирғизистон ўзбекларнинг қатлиом қилиниши, ва минг афсуски, бугун қирғиз жамияти ва мавжуд ноқонуний ҳокимият бу қатлиомни феълан қўллаб-қувватлаётганига ўзбеклар кўз юмиши мумкин эмас. Акс ҳолда, ўзбекларнинг миллат деб аталишга ҳаққи ҳам бўлмайди.
“Бирлик” Партияси бу воқеалар бўйича 2010 йилнингг июнь ойида қилган баёнотлари руҳидаги янги баёнотини тайёрлаш устида ишламоқда, дейди партия лидери Абдураҳим Пўлат. Маълумки, аввалги баёнотларимизда, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Қирғизистон ўзбекларини ҳимоя қилишнинг ягона йўли – Ўзбекистон армиясини қўшни мамлакатга олиб кириш ва у ерда ўзбеклар мухториятини тузишдир, деб айтилганди.
Ўзбекистон ҳукумати қандай йўл тутиши ҳам муҳимдир. Агарда Ислом Карим раҳбарлигидаги ҳозирги ҳукумат ўзбекларнинг аҳволига яна кўз юмса, у миллат хоини сифатида тарихда қолади.
Яна бир муҳим нуқта. Маълумки, Германияда ўтган асрнинг 30-чи йилларида ҳукмронлик қилган немис фашизми, ҳозир Қирғизистонда бўлаётгани каби, бутун халқ тарафидан, минг афсуски, қўллаб-қувватланганди. Немислар антигитлер коалициясининг мағлубиятига учрагандан кейингина яҳудийларнинг қатлиоми учун кечирим сўрадилар ва бундан кейин бу каби воқеаларга йўл бермаслик хусусида ваъдалар бердилар.
Умид қилиш керак-ки, қирғизлар мағлубиятга учратилишни кутиб ўтирмасдан керакли хулосалар чиқарадилар, керакли қадамларни қиладилар. Марказий Осиёда тинч-тотув яшайдиган миллатлар ҳамжамияти, келажакда эса умумий давлатини тезроқ яратиш учун, ҳозир қирғизлар қиладиган қадамлар жуда муҳимдир.