11 January 2011
05:25 - “Эзгулик”: Олмаотадаги 29 нафар ўзбек қочқинининг бири юрак хуружига учраган
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг янги йилдаги илк релизида таъкидланишича, 2010 йилнинг 9 июнидан бери Қозоғистон Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасида тутиб турилган 29 нафар ўзбек қочқинларининг бири, 1990 йилда туғилган Файзуллахон Акбаровнинг аҳволи оғир. У 2010 йилнинг 3 ноябрь куни юрак хуружи (ўткир миокард инфаркти)га учраган. Натижада чап қўли икки бармоғи ишламаяпти, қулоқ ва чакка соҳасида қаттиқ оғриқ ва шишлар мавжуд. Бу ҳақда жамиятга унинг Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани яшовчи онаси Раҳима Акбарова маълум қилган. Унинг айтишича, қозоқлар томонидан унга тегишли тиббий ёрдам берилмаяпти, у кучайтирилган тартибдаги режимда тутиб турилибди.

Сиёсий қочқин сифатида тан олиш Қозоғистонинг тегишли маъмурий идоралари томонидан рад қилинган Файзуллахоннинг аҳволи қониқарли ҳолатда бўлмагани учун у билан учрашув ҳақидаги илтимосномалар декабрь ойининг сўнгги кунларигача рад қилиб келинибди. Бу борада ўзбек ҳамкасбларининг ишини такрорлаётган Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятидан мамлакат Президенти Нурсултон Назарбойга мурожаат қилган Раҳима Акбарова фарзандининг ҳаётидан хавотирда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юртдошими Файзуллахон Акбаровнинг соғлиғи, ҳаётига нисбатан туғилган хавфдан ташвиш билдириб, Қозоғистон ҳукуматини қочқинларни озод қилишга чақирган. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва бошқа халқаро инсонпарвар ташкилотларни юртдошларимиз ҳаётидан тез фурсатларда хабар олишга ундаган.

Эслатиб ўтамиз, 29 нафар ўзбекистонлик муҳожирлар Қозоғистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтган йилнинг 9 июнида ўтказилган “Мигрант” операцияси чоғида ҳибсга олинган ва 16 июлда Давлат хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган. Муҳожирлар масалалари бўйича Олмаота шаҳар Департаментининг 207-сонли қарори билан 2010 йилнинг 27 августидан бери ДХҚ ертўласида сақланмоқда. Юртдошларимизнинг мазкур қарорни бекор қилиш ҳамда қочқинлик мақоми сўраб Олмаота шаҳар Олмали тумани судига берган аризалари қаноатлантирилмаган. Уларни Ўзбекистонга экстрадация қилиш хавфи реаллашмоқда.

Релизнинг тўлиқ матнини жамиятнинг расмий веб сайтидан ўқийсиз — www.ezgulik.org

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону