30 December 2010
13:45 - Озорбайжон мухолифати соя парламенти – Жамоатчилик Палатаси тузди
Бу мамлакатда шу йил 7 ноябрь куни парламент сайловлари тамомийла сохтакорлик асосида ўтказилганини эътироф этган Озорбайжон демократик мухолифати альтернатив парламент тузишга қарор қилди. Кеча Бокуда “Мусават” Партиясининг қароргиҳида, шу партия лидери Иса Қамбар раҳбарлигида ўтган демократик партиялар, ноҳукумат ташкилотлар ва зиёлилар вакилларининг йиғилишида ҳозирги ҳокимиятга мухолиф бўлган кучларнинг биргаликда фаолият олиб боришига имкон берадиган альтернатив парламент – Жамоатчилик Палатаси яратилгани эълон қилинди ҳам.

Жамоатчилик Палатаси тузиш ғоясини мухолифатдаги асосий партиялар – Мусават Партияси, Озорбайжон Халқ Фронти Партияси, Озорбайжон Миллий Истиқлол Партияси қўллаб қувватлади. Шу куннинг ўзидаёқ ойда бир марта йиғиладиган Жамоатчилик Палатасининг 9 кишидан иборат Координацион Кенгаши сайланди, дейилади “Янги Мусават” онлайн газетасининг хабарида.

Демократик партиялар ва ноҳукумат ташкилотлар вакилларининг бир том остида йиғилиб, коалиция ёки Бокудаги каби палата тузиш ғоялари олқишга сазовор, дейди Ўзбекистон “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Аммо, МДҲга кирувчи бошқа мамлакатлардаги демократларнинг тажрибаси ҳам кўрсатмоқдаки, бундай коалициялар авторитар ёки тоталитар режимларнинг қарши жиддий кураш олиб боролмайди. Колалицияга кирган партиялар кўрпани ўзларига тортиш билан овора бўлиб, умумий мақсадни тезда унутадилар. Энг самарали йўл – биз таклиф қилаётгандек, ҳамма демократларни битта партияга, энг яхшиси, мавжуд партияларнинг бирида бирлаштиришдир. Узоқ йиллардан кейин рус демократлари ниҳоят шу йўлни танладилар. Озорбайжон демократлари ҳам барибир шу йўлга ўтадилар. Қанча тез бўлса, шунча яхши.

Расмда: Чапда ўтирган - Озорбайжон Халқ Фронти Партиясининг раиси Али Каримли, туриб гапираётган - "Мусават" Партиясининг раиси Иса Қамбар.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону