05 July 2006
03:00 - 23:00 - Кучишлатар тизим вакиллари Президентнинг жиянига тегишмаган - Хитой ва Ўзбекистон режимларининг қозилари аҳдлашдилар 15:00 - Тошкентда давлатнинг Мерседес-Бенцлари хусусий мулк этиб сотилади 1:30 - Яна бир Америка ташкилоти судга
23:00 - Кучишлатар тизим вакиллари Президентнинг жиянига тегишмаган

Бугун, 6 июлда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси вилоятда истиқомат қилувчи, Ўзбекистон Президентининг жияни, мустақил журналист Жамшид Каримовнинг хуқуқни мухофаза қилиш идоралари томонидан таъқибга олингани хақидаги иддаоларнинг ўринсиз эканлиги хақида баёнот берди. Жамшид Каримовга ички ишлар идоралари томонидан ўтказилаётган босимлар бўлмаган гап, у хозирда оиласи даврасида ўз иши билан машгул, дейилади ИИБ хабарномасида.

Хитой ва Ўзбекистон режимларининг қозилари аҳдлашдилар

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон судьялари Ассоциацияси ва Хитой Халқ Республикаси юристлари жамияти ўртасида аҳдлашув Мемерандуми имзоланган. Мазкур ҳужжатга кўра, икала режимнинг оқни қора дейишга тайёр қозилари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўядилар. Борди-келдилар мунтазам ташкил этилиб, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар борасида фикрлар алмашинилади. Бундай қарорга юртимизда меҳмон бўлиб юрган Хитой делегацияси билан Олий суддаги учрашувдан сўнг келинган.

Мазкур ҳужжатни Ўзбекистон судьялар Ассоциациясига вақтинчалик раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари Нуриддин Тошматов ҳамда Хитой Халқ Республикасиннг юристлари жамияти раиси Хань Чжубинлар имзолаган.

15:00 - Тошкентда давлатнинг Мерседес-Бенцлари хусусий мулк этиб сотилади

Маълумки, шу йил 11 январида президент Каримов синган (банкрот бўлган) “Тошшаҳарйўловчитранс“ акциядорлик компанияси ўрнида “Тошшаҳартрансхизмат“ уюшмасини тузиб, 2006–2010 йилларда автобус паркларининг давлатга тегишли акциялар пакетларини ва хорижий кредитлар ҳисобига олиб келинган автобусларини хусусий мулк қилиб сотиш тўғрисида фармон чиқарган эди (13 январдаги “Хабарлар“га каранг). Орада деярли ярим йил ўтиб, ниҳоят, президент ушбу автобусларни сотиш тўғрисидаги қарорга энди имзо чекди.

“Ташавтобустранс“ акциядорлик компанияси корхоналариинг давлатга қарашли акциялари пакетларини хусусий мулк этиб сотиш тўғрисида“ деб аталган мазкур қарорда автобуслар, аввало, автобус саройлари меҳнат жамоаларига ва ишончли автокорхоналарга сотилиши, бу иш “шинам Мерседес-Бенц автобусларидан самарали, авайлаб ва мақсадли фойдаланиш мақсадида“ қилинаётгани айтилади. Қарорда гап Тошкент кўчаларига салобатли тус бериш учун давлат кафиллигида олиб келиниб, хорижий кредитлари тўлиқ тўланган 159 та Мерседес-Бенц ва хали тўлиқ тўланмаган 362 та Мерседес-Бенц автобусларини 2006–2010 йилларда 2 босқичда сотиш ҳақида бормоқда. Шу тариқа, ҳукумат тўланмаган катта кредит тўловларини бир йўла Мерседес-Бенцларнинг янги эгалари бўйнига ортмоқчи, шекилли.

1:30 - Яна бир Америка ташкилоти судга тортилади

Кеча Ўзбекистон Адлия вазирлигидан маълум қилинишича, вазирлик фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига яна бир Америка ташкилотининг мамлакатдаги ваколатхонасини тугатиш ҳақида даъво аризаси киритган. Мазкур ташкилот "Urban Institute" (Урбан институти) деб номланиб, унинг бош штаб квартираси Вашингтонда жойлашган. У 1968 йилда ташкил этилган, дастлаб Америка шаҳарларида турли муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланган. Сўнгра дуне бўйлаб фаолияти бошлаган.

Вазирликнинг иддаосича, 2003 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган бу ваколатхона ўзининг низом ва маҳаллий қонунларни қўпол равишда бузиб келган. Ваколатхонада 2006 йил ҳолатига кўра ўтказилган текширувлардан сўнг тавсия этилган қонубузарликлар бартараф этилмаган. Суд Адлиянинг мазкур даъвосини қаноатлантирса, "Марказий Осиёда маҳаллий бошқарув тараққиёти" лойиҳасини амалга ошираётган мазкур ташкилот ҳам кўч-кўронини кўтаради.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону