03 August 2010
06:02 - Миршаббоши ўз ваҳшийлигини яшириш мақсадида ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳужумга ўтди
Ўз вақтида ака-ука миршаббошиларнинг (Жамшид ва Баҳодир Матлубовлар) Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, шарқ булбули Дилнура Қодиржонованинг ўлими сирларини яшириб, ҳодиса юзасидан жиноят ишини ёптиргани хусусида ёзгандик. Мазкур иш бир қатор оммавий ахборот воситаларининг етакчи мавзуига айланганидан сўнг талвасага тушган ака-ука Матлубовлар ўлим сабабларини кавлаштираётган ҳуқуқ ҳимоячиларини жазолаш йўлига ўтишганди. Хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти судга берилиб, жамиятга 200 минг сўм миқдорида жарима солингани ҳақида ҳам аввалги хабарларимизда баён қилгандик.

Ҳуқуқ Ҳимоячиларининг Мустақил Ташаббус гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, миршаббошилар томонидан ёлланган шахслар энди гуруҳ раҳбари Суръат Икромов ҳамда марҳума Дилнура Қодиржонованинг онаси Октябрь Юсуповага ҳужумга ўтишган. Гўё, хонанданинг ўлими сабаблари очилишини талаб қилган ҳуқуқ ҳимоячиси унинг етимларини боқиб олган хонадонга 10 миллион сўм, Октябрь Юсупова эса 5 миллион сўм маънавий зарар тўлаши ва улардан кечирим сўраши керак эмиш. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг чиқишидан номлари тилга олинмаган бу шахсларнинг гўё жамоатчилик олдида обрўйи тўкилганмиш. Суд бугунга белгиланган, воқеа тафсилотлари кейинги хабарларимизда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилнинг сентябрида ўлдирилган хонанда Дилнура Қодиржонова Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи, полковник Жамшид Матлубовнинг иккинчи хотини бўлган, санъаткор унинг биринчи хотини Раъно Матлубова ҳамда ўғли Хуршид томонидан рашк туфайли ўлдирилган. Фожеадан сўнг миршаббоши хотинидан ажрашди, бу ҳақда унинг ўзи суд мажлисларидан бирида мамнуният билан маълум қилганди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону