30 April 2010
00:45 - “Эрк” партиясининг 20 йиллиги муносабати билан унинг лидери Самад Муроднинг табриги

Қ У Т Л О В

Биз маданий дунё тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган, энг қадимий давлатчилик анъаналарига эга бўлган тўнғич халқлардан биримиз.

Халқ бу ҳар бири ўз фикри, кўз қараши ва ўз хотирасига эга руҳан эркин бўлган миллионлаб шахслар жами демакдир..

Иштирокчилари ҳали ҳаёт бўлган яқин ўтмишни сохталаштириш бесамар нодонликдир. Бири унитса, бошқа бири албатта, ёдида сақлайди ва вақти келиб тарихий ҳақиқатни айтади. Шахсни жисман асоратга солиш мумкин, аммо,унинг тафаккурини, айниқса хотирасини маҳкум этиб бўлмайди.

Бу йил Ўзбекистон миллий давлат мустақиллигига эришганига 19 йил тўлади.

Азиз ватандошлар, сиз учун қутлуғ бўлган кунлар, саналар кўп. Уларнинг ҳар бири ўзига хос умуммиллий қувончли аҳамиятга эга бўлган тарихий саналардир.

Аммо Мустақиллик байрами миллат ва халқ тақдирини белгилашда тутган ўрнига кўра бошқа ҳеч бир сана билан солиштириб бўлмайдиган улуғ ва муқаддас моҳиятга эгадир.

Х1Х асрнинг 60-йилларида бошланган подшо Россияси истибдоди ХХ асрнинг 17- йилига келиб октабр давлат тўнтариши билан бошқа бир фаслга ўтди. Ҳокимият тепасига келган коммунистлар империя таркибидаги халқларга нисбатан бошлаган зулм Ер куррасининг олтидан бир қисмини қип қизил қонга белади.

Мустабидлар, айниқса уларнинг хизматига ўтган миллат хоинлари энг охирги ҳур фикрли инсонни-да излаб топиб, йўқ қилиш қасдида “тозалаш” компаниясини такрор, такрор ўтказдилар.

Босқинчилар ва уларнинг маҳаллий малайлари етмиш йил давомида тарихини, тилини, динини халқнинг хотирасидан ўчириб ташлаш учун қўлидан келган барча чораларни кўрди.

Советлар истибдоди карахт қилиб ташлаган эрксиз Ватанда халқимиз ўтган асрнинг 90- йилигача бош эгиб яшади.

Миллат озодлиги, давлат мустақиллиги учун ошкора курашлар 80- йилларнинг охирида бошлнган эди.

Ватаннинг зиёли ёшлардан иборат ўт юракли фарзандлари миллий давлат мустақиллигига эришишдек муштарак мақсад йўлида “Бирлик” халқ ҳаракати атрофида бирлашдилар.

Путурдан кета бошлаган бўлса-да ҳали анчайин қудратли КГБ “Ҳаракат” элитаси орасидан ўз малайларини излаб топди ва улар ёрдамида ҳали шакллланиш даврини бошидан кечираётган ташкилотни иккига бўлиб ташлашга эришди.

Бўлинган «Ҳаракат” заминида амалдаги хукуматга нисбатан сиёсий мухолифатдаги “ЭРК” ва “Бирлик” партиялари ташкил топди. Ҳар иккала партиянинг ўз мақсадларида собит қолган фаоллари мустақиллик йўлида бошланган курашни елкама елка туриб давом эттиравердилар.

Союз таркибида қолиш ёки мустақил давлат сифатида ажралиб чиқиш масаласи кўндаланг қўйилган 1991йил март референдуми даврида биз биргаликда халқ орасига юриш қилиб, мустақиллик учун овоз тўпладик.

Биз ўша даврда аслида қандай шароитда иш олиб борганимизни халқ ҳали унитгани йўқ. Референдум бошланишидан бир кун олдин мен бир сафдошим билан бирга Яккабоғ тумани сайловчилари билан учрашув ўтказаётган чоғда қамоққа олиниб, то референдум ўтгунча 75 соат давомида ушлаб турилганмиз.

Аммо, қизил империянинг тинкаси қуриган, умри тугаб бораётган эди. Болтиқ бўйи республикалари бирин-кетин Союз таркибидан ажралиб чиқа бошлади. Марказ қанчалик чиранмасин, бошланган парчаланиш жараёнига қаршилик қилолмади.

1991 йил 19 август куни Форосда давлат бошлиғи М.С. Горбачёвни ташқи оламдан узиб ташлаш билан бошланган давлат тўнтариши ойнинг охиригача жаҳоннинг энг қудратли империяси бўлган советлар истибдодининг қонсиз ҳалокати билан ниҳоясига етди.

1991 йил 1 сентябр тонгида халқимиз миллат сифатида ҳур, давлат сифатида мустақил бўлиб уйғонди. Республикани бошқариб турган ҳукумат Ўзбекистон Республикасини мустақил, суверен давлат деб эълон қилди. Эътироф этиш керак: ўша давр учун бу жуда катта жасорат эди.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан кейин «ЭРК” партияси ўз олдига навбатдаги давр учун энг долзарб бўлган мақсадни қўйди.

ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ҚОНУН ВА ФАҚАТ ҚОНУН УСТИВОРЛИГИГА ЭРИШИШ;

ИҚТИСОДИЁТНИ ЭРКИН БОЗОР ЙЎРИҒЛАРИ АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ;

ИНСОН ШАЪНИ ВА ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚЛАРИ ДАХЛСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ;

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ ДЕМОКРАТИК ҚАДРИЯТЛАР АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ.

Партиянинг Ҳаракат дастури бошдан оёқ ушбу ғоялар билан суғорилган эди. “ЭРК”партиясига амалдаги ҳукуматга нисбатан конструктив позициядаги демократик мухолифат деб аниқ таъриф берилди.

Сиёсий таъсир доираси, электорат учун бўладиган курашлар фақат демократик баҳслар тарзида кечиши қатъий белгилаб қўйилди.

Аммо, раҳбариятнинг ички бошқарувда демократик тамойиллардан чекиниши, сиёсий жиҳатдан саводсизлиги ва позицион беқарорлик натижаси ўлароқ йўл қўйилган қалтис хатолар туфайли 1993 йил кузига келиб, партия эгаллаган расмий мақомини бой берди.

Бу жараён 1991 йилги президетлик сайловларидан кейин, партия раисининг аввалига сайловда ғолиб чиққан номзодни ғалаба билан табриклаб, кейинчалик кутилмаганда фикридан қайтиши, сайлов натижаларини тан олмаслиги ҳақида баёнот тарқатиб, амалдаги парламентга муқобил парламент тузишга уринишдек ахмоқона ҳаракати билан бошланди. Йиллар ўтиб, “Бирлик”нинг бўлиниш мажлисининг видео-тасмасини кўргач, унинг мантиқсизлиги касаллик экани, халқнинг митингларини “кўча чангитиш” деб баҳолашгача борганини ўргандик.


Аммо партия раисининг 1991 йил президент сайловларига доир на Марказий кенгаш, на Бошқарув ҳайъати билан маслаҳатлашмасдан қўйилган қадами рақибнинг хато қилишини кутиб турган собиқ коммунистлар учун жуда қўл келди. Демократик миухолифат зиммасига “Конституциявий тузимни куч билан ағдариб ташлашга уриниш” айби қўйилди.

Сиёсий рақобатдаги кучга мухолифатни сиёсий аренадан қонун йўли билан суриб чиқаришда қўл келган бу моҳиятан тутриқсиз баҳонани партиянинг ўша пайтдаги раиси Салой Мадаминов тақдим этганди.

2003 йил октабрида бўлиб ўтган V Съезд партияни боши берк кўчага тақаб қўйган ушбу сиёсий тутуриқсизликка кеч бўлса-да барҳам берди.

Янги сайланган раҳбарият бошқарувни партиянинг энг оғир, энг қора кунларида қабул қилиб олди.

Ҳаракати расман тўхтатилган, гуруҳларга парчаланиб, пароканда бўлган; кўзга кўринган фаоллари тиғиз назорат остида яшаётган партиянинг йўқотилган позицияларни қайта эгаллаш, узилган алоқаларни қайта улаш, гуруҳларни қайта бирлаштириш каби мавжуд сиёсий муҳитда амалга ошириш имконсиз бўлган вазифалар янги сайланган раҳбарият чекига тушди.

Энг аламли ҳолат: бошқарувдан четлатилган собиқ раис ва унинг маддоҳлари партия номидан уни бадном этувчи асоссиз, жангари баёнотлар тарқатишда давом этаверди.

Партиямиз Марказий кенгашининг 18.08.2007 санаси билан тарқатилган баёнотида улар доир шундай сатрлар бор эди:

“...Бу фракция бири биридан қалтис икки йўл чорраҳасида турибди:

Биринчи йўл: 5 Сьезди қарорларига бўйсуниб, партия Низомига зид, компартия низомидан тўғридан тўғри кўчириб олиб, бошқарув органи сифатида дастак қилинаётган "пленум"нинг аслида уйдирма эканлигини расман эътироф этиш; партия Низоми ва Дастурига зид жангари, худбинона даъволарни тўхтатиб, амалдаги Марказий Кенгаш устувор этган демократик платформа таркибидан жой олиш.

Иккинчи йўл эса, муқаррар равишда халқаро экстримизм сўқмоқларга туташгандир. Тобора аёнлашаётган бу мойиллик демократия тамойилларини ўз кураш тактикасига асос қилиб олган амалдаги Марказий Кенгашни жиддий ташвишга солмоқда...”.

Бундан уч йил олдин ўртага ташланган ушбу машъум тахмин тўғри бўлиб чиққанидан афсусдаман. Партиянинг собиқ раиси Муҳаммад Солиҳ иккинчи йўлни танлади.

Аммо, биз партиянинг асл мақсадини ифодаловчи

ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ҚОНУН ВА ФАҚАТ ҚОНУН УСТИВОРЛИГИГА ЭРИШИШ;

ИҚТИСОДИЁТНИ ЭРКИН БОЗОР ЙЎРИҒЛАРИ АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ;

ИНСОН ШАЪНИ ВА ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚЛАРИ ДАХЛСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ;

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ ДЕМОКРАТИК ҚАДРИЯТЛАР АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

шиорларни бир лаҳза ҳам қўлдан ташлаганимиз йўқ. Вақти келиб, халқимиз ушбу эзгу мақсадларга эришади ва биз – эркчилар ҳам ўша дориломон демократик кенгликларда халқимиз билан бирга бўламиз деган комил ишонч туфайли яшаяпмиз.

Давлат бошлиқлари, партия лидерлари келиб кетаверади. Аммо, халқ, партия ва унинг олийжаноб ғоялари ҳамиша яшашда давом этади.

Азиз ватандошлар, қадрли “ЭРК” фидойилари, дўстлар, биродарлар, ўз халқининг асрий орзуларни байроқ қилиб кўтариб, эрк йўлида кураш майдонига кирган биринчи халқ партиясининг ташкил топганига 20 йил тўлди.

Кун келиб, бу санани умумхалқ байрами сифатида бирга нишонлашимизга ишонаман.

“Эрк” демократик партияси раиси Самад Мурод
2010 йил 29 апрел

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону