23 April 2010
21:19 - Ўзбек ҳукумати номидан “Даракчи” газетаси: Қирғизистондаги давлат тўнтаришини радикал диндорлар уюштирган
Мамлакатда энг йирик тиражда (230 000 нусха) тарқаладиган “Даракчи” газетасининг кечаги 16-сонида чоп этилган Медет Матубраимовнинг қаламига оид “Лолалар инқилоби-2 - экстремистлар учун мактаб” номли мақолада қўшни Қирғизистондаги воқеалар ўзгача версияда шарҳланади. Яъни, Президент Қурманбек Бақиев даврида “Ҳизб-ут Таҳрир”, “Таблиғи жамоат” ва “Салафия” сингари оқимлар фаолияти кучайиб кетган ва инқилобни амалга оширган шахслар айнан радикал исломий гуруҳлардир. Муаллиф мамлакатда содир этилган хунрезликларни диний радикал оқим вакиллари гарданига юклаган.

Қирғизистон ИИВнинг номини очиқламаган мулозими Ўзбекистондаги мазкур кўнгилочар газета мухбирига диний радикал оқимлар намоёндалари қирғиз халқини деярли ўзига оғдириб олгани ва бундай экстремистларнинг сони 15 000 нафардан ошиши ҳақида гапириб берибди. Бу вазият нафақат қўшни давлатга, балки бутун минтақага хафв солиши мумкинлиги эътироф этилади.

ЦентрАзия, Фарғона.Ру сингари ҳукумат томонидан кўпдан бери блок қилинган интернет сайтлардаги мулоҳазалаларни ҳам шарҳлаган урналист ўз мақоласини “Агар янги ҳукумат энг муҳим масалаларнинг лоақал бир қисмини ҳал этишни уддалай олмаса, ички зиддиятларни ҳал этишнинг ягона йўли яна ҳукуматнинг “инқилоб йўли” билан алмашиши бўлиб қолади” деб якунлайди.

Қирғизистон воқеалари борасида оғиз очмаётган ўзбек матбуотида мазкур мақоланинг (боз устига энг йирик тираждаги газетада) чоп этилиши тасодифийми ёки ҳукумат қўшни мамлакатдаги тўполонлар сўнг диндорларга таъқибни яна-да кучайтирмоқчими? Ёхуд мақола куни кеча Кремлда Қирғизистон воқеаларини ўзгачароқ талқин қилган Ислом Каримга исёнми? Буни воқеалар ривожи кўрсатади.

Қўшни мамлакатда диний оқимларнинг роли ортиб кетган бўлиши мумкин, аммо уларнинг сўнгги воқеаларда иштироки ҳақида ҳеч бир далил йўқлиги “Дарак”чини қизиқтирмагани қизиқ.

Мухбиримиз бу аҳмоқона мақола муаллифи билан боғланолмади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону