09 April 2010
02:35 - Ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилаётганларнинг “Эзгулик”ка даъвоси судда исботланмади
Аввалги хабар қилганимиздек, ўтган йилнинг ноябрь ойида ўзларини ҳуқуқ ҳимоячилари деб ҳисобловчи Виктория Баженова, Татъяна Давлетова, Людмила Кутеповалар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини судга берган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди судьяси М.Абдуваҳобова раислигида бир неча ой давом этган маҳкама ниҳоясига етди ва суд даъвогарларнинг даъвосини рад қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Даъвогарлар аризаларида ўзларининг “Эзгулик” сафидан ноқонуний равишда чиқарилгани, бу жамият қонунбузарлик ўчоғи бўлиб қолгани, жамият раиси Васила Иноят ҳукуматга қарши бўлган ноқонуний “Бирлик” Партияси Бош котиби экани, жамият давлат рамзларини муттасил ҳақорат қилиб, мамлакатдаги аҳволни жаҳон ҳамжамиятига ёмон қилиб кўрсатишини баён қилишганди.

Шунингдек, аризада “Эзгулик”нинг мамлакат раҳбарлари шахсини мунтазам камститувчи чиқишлар қилиши, фақат ҳукуматнинг обрўйини тўкишга қаратилган ҳаракатлар билан шуғулланиши айтилган. Куракда турмайдиган айблар ҳам бор. Эмишки, жамият раиси Васила Иноятнинг қиёфадошлари (двойниклари) мавжуд, унинг ўзи, яъни, ҳақиқийси, Европада яшаб, жамият фаолларига мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида фақат негатив фактлар топишни буюриш билан машғул.

Дарвоқе, судга ариза берганлар “Эзгулик”нинг Тошкент шаҳар ташкилоти аъзоси бўлишган ва шу пайтгача уларнинг борлигини ҳам ҳеч ким билмаган.

Суд бир неча ой давомида ўнлаб том бўлган фуқаролик иши материаллари, ҳуқуқ ҳимоячиларининг бир-биридан антиқа, ажобтовур даъволарини ўрганди. Гувоҳлар, “Эзгулик” ҳимоячиларининг кўрсатмаларини тинглади. Жамиятнинг судга чақирилган 10 дан ортиқ фаолларини сўроқ қилди. Ва, натижада адолатли қарорга келди: ҳуқуқ ҳимоячиларнинг куракда турмайдиган даъволари рад қилинди.

“Эзгулик” фаолияти тўхтатилишини талаб қилганларнинг гуруҳи суд мажлислари давомида бир неча марта пикетлар уюштирди. 5-6 марта маҳкамага раислик қилувчи судья, прокурор, суд котибларига отвот берди. Ўзларини касалликка солиб, ҳушидан кетиш масхарабозликларнини қилишди. Бироқ натижа “Эзгулик”нинг фойдасига ҳал бўлди. Бу эса жамият ўз мавқеига эга экани, фақат бошқаларнинг эмас, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишга қодир эканлигини кўрсатди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону