26 March 2010
03:19 - Ўзбекистон телерадиокомпанияси: Коррупция, маҳаллийчилик ва носоғлом муҳит... (Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг прecc-релизи)
Ўзбекистон телерадиокомпанияси Ёшлар телеканали катта муҳаррири, журналист Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, 3 май - Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан узлуксиз норозилик намойишлари ўтказишини билдирди. Ўзбекистон телерадиокомпанияси Ёшлар телеканалидаги коррупция, маҳаллийчилик ва носоғлом муҳитдан ўз норозилигини шу йўсинда билдиришни истаётган журналистнинг бунга талайгина сабаблари бор. У мамлакатдаги барча инстанцияларга, маъмурий органларга қонунбузарликлар ҳақида ёзиб, ўзини қаноатлантирувчи жавоблар ололмаган.

Ҳолбуки, журналист Ёшлар телерадиоканалидаги молиявий қинғирликлар, қонунбузарликлар ва маҳаллийчилик иллати ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазири, Бош прокурорига бир неча марта мурожаат қилганини таъкидлайди. Хусусан, канал Бош директори, Ўзбекистон Президенти девонининг собиқ консультанти Хайрулла Нуриддиновнинг “Қизиқ, Сизларни тушунмайман. Сизлар троллейбус ҳайдасангиз ҳам шу ерга келишингиз керак, “пўш арава” сурсангиз ҳам, кўча супурсангиз ҳам пойтахтга келишингиз керак?..” сингари маҳаллийчилик оҳангидаги гапларидан камситилиш ҳисси туйганини эътироф этади. Канал директорининг маҳаллийчилик иллати сабабли ижодкорларга айрича муносабатда бўлиши, ҳамюртларига имтиёз ва мўмайгина қалам ҳақлари ажратгани ҳолда вилоятдан келган ижодкорларни камситишга уринганини баён қилади.

Журналистнинг мурожаатида яқинда ана шу ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мутасаддиларидан иборат комиссия текширувлар ўтказгани, тафтишлар давомида канал маъмуриятининг қарийб 50 миллион сўмлик талон-тарожликка йўл қўйилгани аниқлангани эътироф этилади. Каналда маҳаллийчилик, таниш-билишчилик талай фактлар билан исботлангани ҳолда Бош прокуратура телерадиокомпания раҳбариятига пулларни қайтариш, камомадларни тўлдириш ва носоғлом муҳитни ўнглаш ҳақида тақдимнома киритиш билан чекланган. Ваҳоланки, тафтишлар давомида ҳатто жиноий жавобгарликка асос бўлувчи фактлар фош бўлганди.

Масалан, Хайрулла Нуриддинов ўзининг ижодкорликдан бирмунча узоқ бўлган котибаси Маъмура Ёқубжоновага йил давомида 12,5 миллон сўм қалам ҳақи белгилаган. Бир неча ҳамюртларига эса эҳтиром сифатида аслида каналда фаолият кўрсатмаса ҳам маошлар ёзиб келган, мукофот пуллари билан тақдирлаган. Текширувларда бу мисоллар ортиғи билан исботланган бўлса-да, унга нисбатан чора кўрилмади. Аксинча, канал ходимлари томонидан Малоҳат Эшонқулова иғвогар шикоятчига чиқарилиб, унинг бу ердаги каръераси хавф остида қолди. Журналист бу ҳодисалар тафсили борасида матбуот анжумани ҳам ўтказмоқчи.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону