13 March 2010
00:02 - Нурсултон Назарбой индустриал-инновацион ривожланишга бағишланган йиғилиш ўтказди
Бугун Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой Остонадаги ўзининг Оқўрда саройида ҳукумат аъзолари ва вилоятларининг ҳокимлари иштирокида Қозоғистоннинг индустриал-инновацион ривожланишини тезлаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишнинг бориши ва у ерда мамлакат президентининг нималар дегани расмий Казинформ агентлиги тарафидан дақиқама-дақиқа ёритиб борилди. Хусусан, Нурсултон Назарбой:

- Бир қатор вазирлар ишдан олиниб, уларнинг ўрнига янгилари тайинлангани эълон қилди.

- Тезлаштирилган Индустриал-Иннавацион Ривожланиш Программаси (ТИИРП) доирасида вилоятларда амалга оширилаётган лойиҳаларга вилоят ҳокимлари маъсул эканлигини эслатди.

- ТИИРП доирасида ишлашга топширилаётган ҳар бир объект билан бирга кичик ва ўрта бизнес корхоналари тузиш топшириғини берди.

- Қозоғистон бизнесини ўз маҳсулотларини Божхона Иттифоқига кирувчи мамлакатларда тарқатишга чақирди.

- Ижтимоий-тадбиркорлик ширкатларини 1 апрелгача маҳаллий ижроия органлари ихтиёрига беришни топширди.

- Нефть ва газ вазирлиги тузилгани, Саут Минбоев вазир этиб тайинланганини эълон қилди.

- Маданият ва информация вазирлиги икки вазирликка – Маданият вазирлиги ҳамда Алоқа ва информация вазирлиги – бўлинганини билдирди.

- Марказий органлардан маҳаллий органларга ва маҳаллий органлардан марказий органларга 100 хизматчини ротация сифатида ўтказиш бўйича Президент аппаратининг таклифини қўллаб-қувватлаганини билдирди.

- Маҳаллий ҳокимиятларнинг регионал интенет-сайтларини расмиятчилик руҳи ва маълумотларнинг янгиланмаслиги туфайли танқид қилди.

- Вилоят ҳокимларини ўз ҳамкасбларининг тажрибасини ўрганишга чақирди.

- Ҳаммага Қозоғистоннинг ЕХҲТдаги раислигининг ролини халққа тушинтириш ҳақида топшириқ берди.

- Ҳокимларга ҳар кварталда бир марта бизнесменлар билан учрашув ўтказиб туришни таклиф қилди.

- Президент аппаратига шу кварталда бошлаб ҳокимларнинг рейтингини ўлчаш системаси яратишни топширди.

- Ҳокимларни индустриал-иннавацион лойиҳалар таклифи билан чиқишга чақирди.

- Қозоғистон самарали миграцион сиёсат олиб бориши кераклигини урғулади ва шу кабилар.

Бугунги йиғилишда баъзи ҳукумат аъзолари ва вилоят ҳокимлари ҳам чиқиш қилишган, аммо расмий хабарда бу хусусда тафсилотлар йўқ. Йиғилиш мавзусига алоқаси бўлмаса ҳам., Нурсултон Назарбой ўзининг яқинда келаётган 70 йиллик юбилейини нишонлашни тақиқлаган, тақиқни бузганлар билан бирга ишламаслигини урғулаган.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону