13 February 2010
22:20 - "Бирлик" сув муаммоси ҳақида баёнот чиқарди
Баёнотда айтилишича, "Бирлик" ҳаракати ўтмишда ҳам табиий захиралардан фойдаланиш йўлида йирик ва улкан лойиҳаларнинг амалга оширилишига қарши чиққан ва ҳозирда Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасида Роғун электростанициясини қуриш режалари юзасидан вужудга келган тангликни дипломатия йўллари орқали ҳал этишга чақирган.

Аввалроқ Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ўзининг тожикистонлик ҳамкасби Оқил Оқиловга мактуб йўллаб, қўшни давлатнинг халқаро ташкилотлар экспертиза хулосаларисиз Роғун ГЭСини қуриш режаларидан хавотир изҳор этганди.

Ўзбекистон матбуотида чоп этилган ушбу очиқ мактубда жаноб Мирзиёев Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси икки мамлакат манфаатларига тўғридан-тўғри алоқадор эканини таъкидлаган ва ГЭСни қуришдан олдин, Ўзбекистон бош вазирининг ишонишича, унинг лойиҳасини батафсил ўрганиб чиқиш зарур.

Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов эса Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг мактубига жавобида Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилиши минтақада суғориш тизимини издан чиқариб юборади, деган хавотирларини рад этди.

Жаноб Оқиловнинг ёзишича, энергетика билан боғлиқ Тожикистоннинг лойиҳалари қўшниларга қарши амалга оширилмайди.

Ўзининг жавоб мактуби якунида Бош вазир Оқил Оқилов Тожик ҳукумати мазкур лойиҳа билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишга, бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ҳаъйатини Душанбеда қабул қилишга тайёрликларини билдирганди.

"Бирлик" ҳаракати раиси ўринбосари Пўлат Охуновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, минтақада сув захиралари тақсимоти юзасидан вазият кескинлашмоқда.

Сув тақсимоти соҳасида минтақа давлатларининг ҳар бирини хавотирга солувчи жиҳатлар бор ва шунинг учун йирик лойиҳаларни амалга оширишда умумий манфаатлардан келиб чиқиб иш юритиш лозим, деди жаноб Охунов.

Унга кўра, Ўзбекистонда зироатчилик соҳасида аллақачон сув тақчиллиги муаммоларига юз тутилмоқда.

Пўлат Охуновга кўра, агарда минтақа давлатлари ўртасида газ, электр энергияси алмашинуви юзасидан келишувлар тўғри йўлга қўйилганда, бу каби тангликнинг олдини олиш мумкин бўларди.

Пўлат Охунов билан суҳбатни тинглаш учун мана бу ерга босинг


Ҳозирда Роғун ГЭСини барпо этишнинг атроф-муҳитга ва бошқа таъсирлари қуйи оқимдаги давлатлар учун қандай бўлиши мумкинлиги борасида Жаҳон Банки томонидан қўллаб-қувватланган тадқиқот жараёни давом этмоқда. // http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/02/100210_birlik_water.shtml

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону