13 January 2010
14:39 -
Президент раҳнамолигида ишлайдиган ЎзАнинг имирсилаши ва иш услуби 21 аср устидан кулишдир

Ислом Каримнининг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, ГУОМ. Евросиё Иқтисодий Ҳамжамияти каби ташкилотларга бир кириб бир чиқиши шундай хунук латифаларни эслатадики, уларни бу ерда тилга олгани ҳам уяламиз.
Президент раҳнамолигида фаолият олиб борадиган ЎзАнинг 21 асрдаги иш тезлигидан кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан. Кеча кундуз куни Ислом Карим иштирокида “Ватанга қасамёд” монументининг очилиш маросими бўлди. ЎзА бу ҳақда кечгача хабар бермади. Соат 21:38 да ЎзАнинг сайтида Ислом Каримнинг нутқи пайдо бўлди ва фақат соат 23:11 да бу монументнинг очилиши бўлгани ҳақида хабар берилди. Қаранг, аввал очилиш ҳақида хабар, сўнгра президентнинг нутқи бўлиши керак эди, том тескарисини қилишибди, шоввозлар. Бундай ишларни кўриб, русларнинг “через бир нарса” деган сўзларини эсласангиз ҳам эслайсиз, эсламасангиз ҳам. Ўша “через бир нарсани” ҳам вақтида қилишолмганига нима дейсиз?
Монумент ўта тезлик билан яратилгани айтилар экан, тахмин қилиш мумкинки, расмдаги нарсалар монументнинг ўзи эмас, унинг гипсдан қилинган макети бўлса керак. Лекин, монументнинг ўзи макетдан кўра салобатли бўлади, деб умид қилиш учун катта жасорат керак.
Аммо, на чора, ҳозирча умид қилишдан бошқа чора йўқ. Қолаверса, байроқлар, монументлар, ЎзАлар ватан эмас, уларни бузиб ташлаб, янгисини қуравериш мумкин ҳали.