14 November 2009
22:50 - Тошкентда “Эзгулик” жамияти Марказий бошқарувининг мажлиси бўлиб ўтди
Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Марказий бошқарувининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда жамият Марказий бошқаруви аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Кун тартибидан ўрин олган турли масалалар бўйича Марказий бошқарув раиси ва вилоятлар бўлимлари раисларининг ҳисоботлари тингланди, жамият фаолиятига оид турли ташкилий масалалар муҳокама этилди. Хусусан, жамиятнинг вилоятлардаги фаоллари мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятининг ёмонлашаётганини турли мисолларда кўрсатиб беришди.

Жамият раиси Васила Иноят ўз сўзида “Эзгулик” фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаб, йил охирлаётгани, ғалвирни сувдан кўтариш палласи келаётганини таъкидлади. Хусусан, мамлакатда 2009 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан ҳисоботга жамиятнинг ҳар бир аъзоси тўлақонли ҳисса қўшишга бурчли экани, аммо айрим вилоятлар раҳбарлари буни ҳис этмаётганини таъкидлади.

“Эзгулик”нинг Сурхондарёдаги вакили Абдуҳаким Пўлатов маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги коррупцияга тўхталган бўлса, жамиятнинг Бухородаги раиси Бобомурод Раззоқов фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш оргналари ўртасида юзага келган аянчли вазиятни қатор мисолларда кўрсатди. Сирдарёлик “Эзгулик”чи Исроил Ризаев қийноқлар, фуқаролар мурожаати ва диний эркинликлар борасидаги фактларни ўртага ташлади.

Жамиятнинг Марказий бошқаруви аъзоси Абдураҳмон Ташанов жамият фаоллари эътиборини шахснинг сиёсий ҳуқуқлари, хусусан, бир неча йилдан бери ҳукумат билан ҳуқуқий майдонда курашиб келаётган “Бирлик”чиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратди. Унинг таъкидлашича, “Бирлик” ташаббускорлари тарафидан Ўзбекистон Адлия вазирлигига етарлича имзолар топширилганига қарамай ҳукуматдан жўяли бир жавоб олинмаяпти.

Айни пайтда “Бирлик” Парттияси Бош котиби ҳам бўлган Васила Иноят мазкур масаланинг бирор кун кун тартибидан тушмагани, айниқса инсон ҳуқуқлари вазиятини тузатишнинг муҳим омили бўлган сиёсий муҳитни ўзгартиришда “Бирлик”чиларнинг сиёсий ҳуқуқлари масаласи муҳимлигини урғулади.

Васила Иноят ўз сўзида “Бирдамлик” ҳаракати деб аталаётган гуруҳ билан муносабатларга ойдинлик киритиб, “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоячиси жамияти ўлароқ ҳамманинг, демак, уларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишга тайёрлиги, бироқ айрим манбалар томонидан икки ташкилотнинг ўзаро ҳамфикрлилиги, стратегик ҳамкорлиги борасида оид ўринсиз, куракда турмайдиган хабарлар тарқатилаётганини айтди. “Бирлик” ва “Бирдамлик”нинг ўзаро муносабатларига келсак, бу масалада партия лидери сифатида Абдураҳим Пўлатнинг фикрлари очиқча эълон қилинган ва биз бу масалада ўзаро якдилмиз”, деди Васила Иноят.

“Эзгулик”нинг бугунги мажлиси ишчан руҳда ўтди. Жамиятнинг стратегияси, фаолияти борасида муҳим қарорлар қабул қилинди, вилоят бўлимлари раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди. Жамиятнинг Тошкент шаҳар бўлимига яқиндан раси этиб сайланган Ҳайит Абдуллаев ҳамда ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловлар Марказий бошқарув сафига киритилди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону