09 November 2009
13:31 - Сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши демократия иши учун фойдали бўлиши керак, аммо бўлмаяпти
Санжар Умарнинг озод этилиши ва ҳаммадан бекиниб юриши кўрсатмоқдаки, сиёсий маҳбусларнинг қамоқдан чиқиши демократияга хизмат қилишини МХХ ҳам яхши тушунади ва уларнинг озод бўлиши туфайли юзага келадиган демократия шамоли ёки тўлқинларини камайтиришга ҳаракат қилади.

“Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат 2008 йил 4 март куни ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича бош комиссари Хавьер Соланага мактуб йўллаб, Санжар Умар каби шахснинг озод этилиши ўзбек демократларини руҳлантиришини ҳам алоҳида урғулгани ва Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар пайтида уни озод қилиш масаласини доимо кун тартибида ушлаб туришга чақирганини хабарларимизда эълон қилгандик. Мана у озод бўлди, энди оиласи билан қовушади. Бунга ҳар бир инсон қувониши керак.

Айни замонда, бу воқеа Ўзбекистонда сиёсий вазият юмшаётганининг мисоли сифатида демократларни маълум маънода рағбатлантиради. Агарда Санжар Умар сиёсатчи сифатида, ҳатто кимларгадир миннатдорчилик билдириш билан бир қаторда, ҳали зиндонда қолаётганларни озод қилишга ва ҳаммани демократия учун курашдан тоймасликка чақирса эди, катта мардик кўрсатган ва демократия ишига ёрдам берган бўларди. Шу сабабли, унинг суст қолишини органлар билан қандайдир келишувларга боғлаётганлар ҳақдек кўринмоқда.

Аслида, Мўътабар Тожибой ва Саиджаҳон Зайнобиддин каби сиёсий маҳбусларнинг озод бўлиши ҳам демократиянинг фойдасига етарлича ҳисса қўшмаганини ҳозир кўриб турибмиз. Аммо, бу – махсус хизматларнинг ғалабаси, демократларнинг мағлубиятидир дейишга ҳали эрта. Бу йўналишда ҳам кураш давом этиши керак.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону