27 October 2009
14:33 - Абдураҳим Пўлат: Ҳақиқий хабар, “Ҳаракат”да ўқилар (ёки яна бир бор “Юзга юз минг!” кампанияси ҳақида)
“Юзга юз минг!” номли кампания бошлаганимизга ярим йилдан ошди. Моҳиятини “Биздан кунига ўқувчиларимизга камида 100 хабар, ўқувчиларимздан бизга йилига камида юзминг долларлик ёрдам” деб таърифласа бўладиган бу кампания шу йил 13 апрелда бошланган эди.

Аслида, кампаниянинг тагида бундан ҳам муҳим нарсалар ётибди. Мақсад – 21 асрниннг бошида ҳам замонавий ахборот агентлигига эга бўлмаган ўзбекларга “Ҳаракат” тимсолида шундай агентлик бериш, ўзбекларни мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган воқеалар билан она тилимизда таништириш.

Мақсад бу билан битмайди. Яна бир мақсад – ўзбек жамиятида сиёсий фаолиятга (замонавий хабарчилик ҳам сиёсий фаолиятдир) ҳомийлик қилиш анъанасини яратиш. Очиқча айтиш керакки, бундай анъана собиқ совет жумҳуриятларининг биронтасида йўқ, балки, Болтиқ давлатларидан ташқари.

Мақсад бу билан ҳам битмайди. Асосий мақсад – сиёсий фаолиятга ҳомийлик қилиш анъаналари яратиш воситасида ҳақиқий кўппартияликка таянган демократияга асос солиш ва фақат дунёда эмас, ҳатто Мраказий Осиёда тарихнинг шоҳйўллари четига чиқиб қолаётган ўзбекларни шоҳйўлларга қайтариш.

Бу кампаниянинг моҳиятини ҳар тарафлама тушунишни истаганлар менинг 13 апрелда сайтимизга қўйилган “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг” номли чақириғимни ўқиши лозим. Мен ҳозир бу ерда кампания қандай кетаётгани ва яна нималар қилиш ҳақида энг қисқа шаклда гапирмоқчиман.

Баъзи кунларда хабарларимиз сонини 30 тага чиқарган бўлсак ҳам, ўртача кунлик хабарларимизнинг сони 15 атрофида қолмоқда. Табиий, бу - ўйлаган режаларимиздан орқада. Бир кунда 100 хабар беришни режалаштирган эканмиз, демак, режамизнинг тахминан 15 фоизига улашдик, холос.

Шундай бўлса ҳам, ҳеч шубҳасиз, ўзбек тилидаги энг бой ва мукаммал хабарчилик воситасини яратдик. Бундан фахрланамиз. Ўзбекистондаги воқеаларни ҳар тарафлама ёритишда биздан ўзадиган ўзбекча агентлик йўқ. Дунё воқеалари, хусусан, биз учун муҳим бўлган Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда Украина, Гуржистон ва Россиядаги воқеаларни ўзбеклар призмаси орқали ёритдик. Берган таҳлилларимиз ҳар замон мукаммал бўлди ва воқеаларнинг келажаги хусусидаги ҳамма башоратларимиз амалга ошди. Бундай мукаммалик – дунё миқёсида ҳам кам учрайдиган ҳолат.

Эндиги қадамларимиз кундалик хабарлар сонини орттириш билан боғлиқ бўлади. Аммо, бу йўналишдаги қадамларни фақатгина бир гуруҳ бирликчиларнинг матонатли, лекин, европаликлар тили билан айтсак, аматорлик (бунга ўзбек тилидаги энг яқин эквивалент – фидокорликка асосланган ҳаваскорлик бўлса керак) даражасида бажариб бўлмайди. Бу вазифани бажариш учун профессионал кадрларга эга бўлишимиз керак. Бунинг учун бизга маблағ керак.

Демак, истасак-истамасак, “Юзга юз минг!” шиорининг иккинчи қисмини, яъни ўқувчиларимздан “юз минг долларлик” ёрдам олиш қандай бораётганини тилга олишга мажбурмиз.

Ўтган ярим йил ичида АҚШдаги “Uzbekistan Associates – Harakat” ташкилотининг ҳисобига 2550 доллар, Швециядаги “Association Central Asia” ташкилотининг ҳисобига 500 доллар миқдорида ёрдам келди. Ҳаммаси бўлиб 3 мингдан бироз ортиқ. Демак, олинган ёрдам кутилганининг 6 фоизи атрофида бўлди.

Бу кўпми ёки кам? Албатта, кулгили даражада кам. Лекин...

Ўзбеклар “ҳамма нарса лекиндан кейин бошланади” дейишади. Биз ҳам шундай бошлаймиз.

Биринчи лекин. Биз ўзбеклар - замонавий математиканинг асоси бўлмиш ўнлик системасини яратган (Ал Хоразмий), Самарқандда дунёнинг иккинчи расадхонасини қурган (Улуғбек), лекин 19 аср охирига келиб, Ғарб дунёси шаҳарлараро темир йўллар ишлатар экан, рессори ҳам бўлмаган Қўқон аравалари ишлатишни давом эттирган, Улуғбек расадхонасини Ислом уламолари амри билан бузиб ташлаб, рус археологи Вяткин унинг қолдиқларини 28 йил қидириб, топиб беришини кутиб ўтирган, Ғарб дунёси электр чироқларига ўтиб бўлган бир пайтда, лампа чироқларини қўйиб туринг, пилик тутатиб ўтирган халқмиз.

Иккинчи лекин. Руслар 19 асрнинг охирларида юртимизни босиб олишганда, ҳеч бўлмаса, чеченлар каби қаршилик кўрсатмаган (нимага ҳам кўрсатамиз, ахир, ҳамма нарса Оллоҳданку), коммунистлар ҳокимиятга келиб масчитларимзни омборхоналарга айлантириб, аёллар бошидан рўмолларини тортиб олишганда ҳам курашга чиқмаган, аммо бойларнинг ери колхозлаштиришга бошланганда, ўша бойларнинг пулига босмачилар ҳаракати тузиб, ўшани ҳам эплай олмаган халқмиз.

Учинчиси. СССР номи остидаги Россия империясига кирган ҳамма халқлар русларни “буюк оға” сифатида тан олишга мажбур бўлишган. Аммо ҳеч ким биз каби аҳволга тушмаган. Биз ва фақат биз салкам 50 йил ҳар куни эрталаб “Ассалом рус халқи буюк оғамиз” сўзлари билан бошланган гимн садолари остида уйқудан турган халқмиз.

Тўртинчиси. Бу халқ митинг сўзидан ҳам қўрқишини жуда яхши билганим учун, 1988 йил октябрь ойида “Оролни қутқариш комитети”нинг мажлисида “Агар ҳукумат талабларимизга қулоқ солмаса, кейинги мажлисимизни Лекин майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдонида) ўтказайлик” деб таклиф қилганимда, ўша мажлисда асосий нотиқ сифатида қатнашган, ўзбеклардан СССР иерархиясида энг юксак лавозимга (КПСС Марказий Комитетининг мафкура масалалари бўйича котиби лавозимига) кўтарилган Нуриддин Муҳитдинов минбарга қайтадан югуриб чиқиб “Бу ёш фан доктори нима демоқда? Ленин майдонида мажлис бўладими, у ахир митингга чақираяпти-ку. Ўзбек халқи ҳеч қачон митингга чиқмаган ва чиқмайди. Бу гапларни тўхтатайлик” деб ҳайқирганди. Биз шундай халқмиз.

Бешинчи лекин. Орадан бир неча ой ўтмасдан мен ўзбек халқини биринчи митингларга олиб чиқдим. Тошкентнинг кўча ва майдонларини ларзага солган ўша митинглар ўзбек халқининг қайтадан туғлиш куни эди. Аммо, 53-54 лақабли Салой Мадамин ва унинг ўзи каби хоин ёзувчилар “Митинг қилиш кўча чангитишдир, Абдураҳим Пўлатов митинглар орқали халқимизни қонга олиб кетмоқда” сўзлари билан (бу сўзлар видео тасмлаларга туширилган) мухолифатни парчаладилар, ҳозирги мавжуд режимнинг мустаҳкамланишига йўл очдилар. Ҳалигача у хоинларни мендан бошқа ҳеч ким “хоин” дейишга журъат этолмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бош сотқинни ўзбек демократиясининг рамзи қилишга интилганлар эса етралича бор. Биз шундай халқмиз, шундай миллатмиз.

Бундай “лекин”ларни кўплаб санаш мумкин. Аммо шулардан ҳам хулоса қилиш мумкинки, бу аҳволдаги миллат биз олиб бораётган сиёсий фаолият миллатнинг ўзи учун, унинг келажаги учун эканлигини тезда тушуниб етади ва уни оммавий бичимда маънавий ва моддий қўллаб-қувватлайди деб ўйлаш хомҳаёллик бўларди. Айнан шу сабабдан биз учун ҳозир берилаётган ёрдам даражасини ҳам ғайри табиий даражада буюк деса бўлади. Бунга жуда катта ҳаракатлар эвазига эришаётганимизни алоҳида урғуламоқчиман.

Нима бўлганда ҳам, шу халқ бизнинг халқимиз, менинг халқим. Авваллари ҳам гапираганимдек, мақсадим фақатгина халқимга хизмат қилиш эмас, халқни мен ва мен кабилар даражасига олиб чиқишдир.

Агарда шу халқимиз ичида халқ ва унинг келажаги учун курашаётганларни моддий қўллаб-қувватлаётганлар бор экан, улар оз бўлса ҳам, уларга таъзим қиламан.

Кечагина, мен танимайдиган, АҚШнинг марказий штатларидан бирида яяшаётган Ў.Й. исмли ўзбекдан бир минг долларлик чек келди. У ўз исмини очиқланмаслигини истгабди. Унинг истаги биз учун қонун.

Халқимизнинг келажаги учун курашаётганлар учун ёрдам беришни истаганлардан, хусусан, Ў.Й. исмли тарафдоримиздан чексиз миннатдорман.

Вақтдан фойдланиб, ҳамма ўқувчиларимзга мурожаат қиламан. “Ҳаракат” ахборот агентлигини оёққа қўйиш учун бизга ёрдам беринг. Очиқча айтиш лозим, маққсадимиз ҳозирча ўзбекларда йўқ бўлган ахборот агентлиги яратишгина эмас, балки, ўзбекларнинг энг камида Марказий Осиёда аввал чаласавод Ислом уламолари, ҳозир эса Ислом Карим тарафидан йўқ қилинаётган мавқесини қайтадан тиклаш.

Тиклаймиз ҳам. Чунки, бу ишга бел боғлаган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг энергияси чексиздир. Бу энергиянинг манбаи эса - ҳали бизни тўла тушиниб етмаган, балки, юқорида санаб ўтилган мисоллар кўрсатаётгандек, тушуниб етиш даражасига келмаган, лекин потенциали буюк халқимиздир.

27 октябрь 2009 йил

Cайт маъмуриятидан: “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилишни истаганлар учун қуйидаги маълумотларни эслатамиз.

1. АҚШ ва Канадада яшаётганлар ўз ёрдамларини «Uzbekistan Associates – Harakat» номига ёзилган чек ёки «Money order» воситасида ташкилотнинг қуйидаги адресига юборишлари мумкин:

Uzbekistan Associates – Harakat
7318 Fountain Spring Ct
Springfield, VA 22150

2. Европада яшаётганлар ўз ёрдамларини Швециянинг Swedbank банкида «Association Central Asia» ташкилоти номига очилган қуйидаги ҳисоб рақамига ўтказоладилар:

Association Central Asia
IBAN = SE18 8000 0821 4999 4259 1562
SWIFT/BIC = SWEDSESS

Швециянинг ўзида яшаб, Швед кронида пул ўтказиш истаганлар учун банк ҳисоби:

Association Central Asia
Clearingnummer 8214-9
Kontonummer 994 259 156 2

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону