28 July 2004
03:00 - 23:00 - “Эзгулик” Каримовга: килинаётган ишлар гапларингизга тамоман тескари 21:00 - Кашкадарёда диний муттаасибликда айбланаётганлар устидан махкама давом этмокда 19:30 - Козогистон Миллий хавфсизлик кўмитасининг раддияси 15:00 -Кримда Каримов

23:00 - “Эзгулик” Каримовга: килинаётган ишлар гапларингизга тамоман тескари



“Эзгулик” жамиятидан олинган хабарга кўра, кеча бу хукук химоячиси ташкилотнинг раиси Васила Иноятова Ўзбекистон президентига куйидаги мактубни йўллаган.

Мухтарам Президент! Юртимизда шу йил 28-29 март кунлари содир этилган террористик харакатлар туфайли халкимиз осойишталиги бузилди, бегунох одамларнинг кони тўкилди. Биз шу куниёк бу сингари вокеаларга бефарк бўлолмаслигимизни билдирдик. Портлашда айбланиб кўлга олинганлар одил суд олдида жавоб беришлари мукаррар эканлигини айтиш билан биргаликда хукук-тартибот органларини айбланувчиларга нисбатан ўзларининг гайри инсоний одатларидан воз кечишга ва конун доирасида муносабатда бўлишга чакирдик. Лекин камишдан бел боглаб ишга киришган милиция ва проркуратура ходимлари Ўзбекистонда хали бери конун устуворлиги йўклиги, конунга конуний муносабатда бўлолмасликларини кўрсатишди. Фактларга назар соламиз:

Терроризмда айбланиб кўлга олинган 13 фукоронинг кариндошлари жамиятимизга шикоят аризалари билан мурожаат килишди. Улардан 6 нафарини озодликка чикаришга эришган бўлсакда, колганлари хануз хибсдадалар. Уларнинг ўзларига нисбатан тергов ходимлари томонидан содир этмаган айбларни тан олдириш учун кийнокка солинганлари хакида хатлари мавжуд. Бу ва бошка фактларга назар соладиган бўлсак милиция ва прокуратура органларининг кай даражада «махорат» кўрсатганликлари хеч бир исботни талаб килмайди. Бизнинг ички ишлар бўлимларига хибсдагилар билан кўришиш хакидаги барча мурожаатларимиз жавобсиз колдирилди.

Ва нихоят кўпчилик кутган кун келди. Бугун бутун дунёнинг диккат маркази Фаргона вилоят суди ва Олий суд биноларида куни кеча бошланган суд махкамаларига каратилган. Ушбу суд жараёни бутун дунёга очик суд деб эълон килинсада суд бинолари куроланган аскарлар билан ўралиб, суд залига хукук химоячилари ва журналистларнинг катнашиши у ёкда турсин, хаттоки судланувчиларнинг якинлари хам киритилмаётипди. Суд махкамасида «бегона бўлмаганлар» билан бирга бир неча чет эл элчихоналари вакилларининг катнашаётгани рост, лекин качонгача халкимиз ўз юртимизда кечаётган вокеаларни чет элликлардан суриштириб юради. Бундай холат халк ичида турли миш-мишларнинг таркилишига сабаб бўлади, давлатимиз дунё жамоатчилиги олдида обрўсизланади, шундок хам оксок иктисодимиз батамом инкирозга юз тутади.

Бугун биз 21 асрда яшаяпмиз. Халкни исканжада тутиб, ундан хакикатни яшириш вакти ўтиб кетди. Оммавий ахборот воситалари ва телерадио хабарлари кучли цензура остида бир-бирини кайтариши, нохолислиги билан барчанинг ишончидан чикиб бўлган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги, суд-прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари мавжуд муаммоларнинг ечими факат «тепанинг» хохиш-истагига боглик эканини яширмаяптилар ва мен бугун ушбу суд махкамасида катнашиш учун рухсатни Сиздан сўрашга мажбур бўлаяпман. Зеро бу конунга зид, демократияга хилоф, Сизнинг юкори минбарлардан туриб килаётган чикишларингизга тамоман тескари. Суд ишига холис бахо бериш учун судланувчиларнинг ва гувохларнинг берган кўрсатмаларини эшитишимиз, демакки судда катнашишимиз, жуда зарур деб хисоблайман.

«Эзгулик Жамияти раиси Васила Иноятова
27 июль 2004 йил

P.S. Жамиятимизга мурожаат килганлар ва айблувчиларга оид хужжатлар зарур холатларда такдим этилади.

21:00 - Кашкадарёда диний муттаасибликда айбланаётганлар устидан махкама давом этмокда



Жиноят ишлари буйича Кашкадарё вилоят судида тахминан икки хафтача олдин бошланган бу суд жараёнида 2 гурухдан иборат диний муттаасибликда айбланаётган ёшлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 6 моддасида кўрсатилган айблар билан жавобгарликга тортилган. Булар, жумладан, куйидагилар: 159 модда – Конституцион тузумга тажовуз килиш, 155 модда – терроризм, 156 – Миллий ва иркий, хамда диний адоватни келтириб чикариш.

Гурухларнинг бирида асосан Карши шахридан бўлган 12 нафар фукаро бўлиб, бу гурух устидан бораётган махкама жараёнига Жиноят Ишлари бўйича Кашкадарё вилоят судининг судяси Рискидин Вакилов раислик килмокда. Бошка бир гурухда 4 нафар ёш йигит бўлиб, улар Кашкадарё вилоятининг Камаши туманида яшаган ва ўша ердан ушланган мусулмонлардир. Бу гурух устидан бораётган суд жараёнига жиноят ишлари бўйича вилоят суди судяси Нурилла Зиёдуллаев раислик килмокда. Яна бир гурух мусулмонлар устидан хам махкама жараёни бошланиши кутилаяпти. Унда 17 нафар мусулмон жавобгарликга тортилади.

Вилоят суди биноси шу кунларда милиция кўрикчилари билан ўраб олинган ва жараённи кузатиш учун келган махаллий инсон хукуклари курашчилари ва мустакил журналистларнинг суд залига киришларига Ўзбекистон конунларига хилоф тарзда рухсат берилмаяпти. Судда кечаётган ходисалар хакида эса судланувчиларнинг якинларидан маълумот олинмокда. Масалан, судланувчилардан 1976 йилда тугилган Камбаров Азим судда берган кўргазмасида тергов даврида аёвсиз кийнокка солинганлиги ва юзига туширилган мушдан жаг тишлари синиб тушганлигини айтган. Уни терговчилар дубинкаларда хам савалаганлар ва мажбуран айбловни тан олдирганлар. Бирок раислик этувчи Нурилла Зиёдуллаев судланувчининг бу сўзларини инобатга олмаган. Махкамада катнашаётган гувохлар хам кийноклар остида остида гувохлик беришга мажбур бўлганликларини айтишган, масалан, Мухаммадиев Даврон, Бегалиев Алламуродлар гувох тарикасида сўрок килинаётганликларида судланувчилардан ёлгон гувохлик берганликлари учун ошкора кечирим сўрашган.

Шундай килиб суд, давом этаяпти. Адолатсиз Ўзбекистоннинг адолатсиз судлари навбатдаги курбонларни панжара ортига ташлашга хозирланмокдалар.



19:30 - Козогистон Миллий хавфсизлик кўмитасининг раддияси



Ўзбекистон Олий судида 15 шахс устидан бошланган суд жараёнининг биринчи кунида ўкилган айблов хулосасида улар "бирламчи хижратни Жанубий Козогистонда бажарганлари", яъни дастлабки тайёргарликдан ўтганликлари айтилган эди (бу - аввалги хабаримиздан маълум).

Остона шахридан олинган хабарларга кўра, Козогистон Миллий хавфсизлик кўмитаси мазкур иддаони кечанинг ўзидаёк рад килган. Шу кўмитанинг матбуот хизмати баёнотига кўра, Ўзбекистон Бош прокурорлигининг айблов хулосасида Козогистонга тўнкалган айблар "хакикатга тўгри келмайди".

Баёнотда айтилишича, Козогистоннинг хукукни мухофаза килувчи ва хавфсизлик органлари ўзаро хамкорлик доирасида Ўзбекистоннинг айни шундай идораларига кўмак кўрсатиб, Козогистон худудида яшаётган айрим ўзбек фукароларининг Тошкент ва Бухородаги портлашларга алокадорлигини текширган. Текширув натижалари Козогистонда террорчилар хам, уларнинг лагерлари хам йўклигини кўрсатган.

Ўзбекистон Олий судида эса 27 июль куни суд жараёни давом этди ва судланувчиларнинг кўргазмалари тингланди.


15:00 - Кримда Каримов Путин билан учрашди



Сўнгги кунларда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Кримнинг Ялта курортида киска муддатли дам олмокда. ЎзА хабарида айтилишича, у кеча бу ерда амалий ташриф билан Украинага келган Россия президенти Владимир Путин билан учрашган. Сухбат чогида харбий ва харбий-техникавий хамкорлик хамда Ўзбекистон Куролли Кучларини ислох килишда кўмаклашишга оид масалалар мухокама килинган.

Бошка манбага кўра, президентлар Ўзбекистон тогларида Россия Харбий-Хаво Кучлари иштирокида харбий машклар ўтказишга хам келишганлар

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону