15 September 2009
23:19 -
Россия президенти “Валдай” клуби вакиллари билан учрашди ва муҳим баёнотлар берди

Клубнинг йиғилишлари Россиянинг турли эказотик ҳудудларда, қимматбаҳо туристик саёҳатлар шаклида ўтказилади. Унинг бу йилги мажлиси Лена дарёси бўйлаб сузаётган люкс туристик кемада ўтказилмоқда. Йиғилиш қатнашчиларидан бир гуруҳи бир неча кун аввал Москвага олиб келиниб, бош вазир Владимир Путин билан учраштирилган бўлса, бугун бошқа бир гуруҳи олиб келиниб, президент Дмитрий Медведев билан учраштирилди.
Учрашув Қизил майдонга туташган Давлат Универсал Магазини (машҳур ГУМ – “Ҳаракат”) биносидаги Намоийшлар залида ўтказилди. Россия президенти клуб қатнашчилари олдида қисқа чиқиш қилди, саволларга жавоб берди. Унинг асосий баёнотлари қуйидагилардан иборат:
- У ўзининг яқинда эълон қилинган “Олға, Россия!” мақоласи (сайтимизда унинг номи “Вой-дод, Россияни қутқаринг!” бўлиши кераклиги ёзилганди – “Ҳаракат”) Россия парламентининг қўшма мажлисида қилинадиган миллатга мурожаатнинг конспекти эканлигини айтди.
- Унга кўра, Россия ҳукумати (аслида гап Владимир Путин ҳақида – “Ҳаракат) ўз вазифасини бажармоқда. Ҳукумат бу йил кризис туфайли Ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 1-2 фоиз тушади деб тахмин қилган эди, амалда тушиш 8,3 фоиз бўлди. Бу - ҳукуматнинг айби эмас эмиш.
- Россиянинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖҲТ) аъзо бўлиш йўлини киши билмас тарзда АҚШ тўсмоқда. Россия ёки якка ўзи ёки Россия, Қозоғистон ва Белорусияни бирлаштирувчи Божхона Иттифоқи сифатида ЖҲТга кириш учун ҳаракатларини давом этиради. Баъзилар бўрттиришга уринаётганидек, бу масалада у ва Путин ўртасида тушунмовчили мутлақо йўқ.
- Михаил Саакашвили бор экан, Гуржистон билан алоқаларни нормаллаштириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
- Россия губернаторларини халқ томонидан сайлаш системасига ҳеч қачон қайтилмайди, 100 йилдан кейин ҳам.
- У 2012 йилда президентликка номзод бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини билдирувчи гапларини такрорлади. Лекин Путин-Медведев ўртасида мусобақа бўлмаслигини урғулади. Эслатиб ўтамиз, яқинда Путин ҳам айнан шундай деган эди.
- У ўзининг Украина президенти Виктор Юшченкога ёзган хати билан кўзланган мақсадга етишганини айтди. Ваҳолангки, аслида ҳамма нарса том тескариси бўлган.
- У яқинда АҚШга саёҳат қилишини ва саёҳат давомида америкалик диссидентлар билан учрашмоқчи эканлиги гапириб, кечагина ЕИда масхарабозча чиқиш қилган Ўзбекистон ташқи ишлар вазир Владимир Норовга ўхшаб кетди.
- Унинг айтишича, Чеченистонда ишлар яхши кетмоқда. Тўғри, у ерда ҳали терроризм бор, аммо терроризм дунёнинг ҳамма ерида бор. Рамзан Қодирив баъзилар ўйлаётганидек унчалик "ёмон бола" эмасмиш.