14 September 2009
23:18 - Даҳшат: Қирғизистондаги ўзбекча мактабларда ўзбек тилидаги дарсликлар етишмайди, бошқа муаммолар ҳам бор
Ўзбекистонда мактабларда ўқиш лотин графикасига ўтказилгандан кейин, у ёқдан бизга китоб олиш мумкин бўлмай қолди, - дейди Қирғиз-Ўзбек УниверситетинингЎзбекча мактаблар учун дарсликлар тайёрлаш Марказинининг директори Турсунбой Комилов. – Охирги 11 йил ичида Марказда 1-4 синфлар учун 7 та, 5-11 синфлар учун 20 та дарслик тайёрланди.

Унинг айтишича, келажакда яна 90 та дарслик тайёрлаш режалаштирилган. Лекин, бу ишни молиялаштириш етарлича бўлмагани сабабли, ҳозир Қирғизистондаги ўзбекча мактаблар дарсликлар билан 34 фоиз таъминланган.

Тайёрланган дарсликлар Қирғизистон Фанлар Академиясида рецензия қилиниб, у ердан ўтгандан кейин тендер орқали нашриётларга берилар экан. Масалан, 2007 йили шу йўл билан 1-4 синфлар учун 12 дарслик 96 минг нусҳада, 2008 йилда 6-7 синфлар учун 7 дарслик 105 минг нусҳада босилган.

Турсунбой Комиловнинг АКИpress агентлигига берган бу маълумотлари даҳшатлидир, дейди “Ҳаракат”нинг мухбир. Қаранги, 21 асрнинг бошида қўшни мамлакатдаги ўзбек болалари ўқиш учун 34 фоиз дарслик билан таъминланган.

Бунинг устига бошқа муаммолар ҳам чуқурлашмоқда. Глобаллашиш даврида мамлакатлар, миллатлар умумий системаларга ўтишар экан, биз ўзбеклар тескарига кетишда давом этмоқдамиз. Туркистоннинг руслар томонидан босиб олиниши ва кейинчалик коммунистик режим томонидан кирил графикасига ўтказилишимиз натижасида, юрт ташқарисида қолган ўзбеклар, асосан Афғонистондаги ўзбеклар билан орамиздаги масофа алфавитимизда турли графикаларнинг ишлатишилиш туфайли ҳам ортганди. Бу айрилиқ ҳали ҳам давом этмоқда.

Энди, постсовет ҳудудларида ҳам ўзбеклар турли графикаларга асосланга алфавитлар ишлатишмоқда. Демак, ҳамма бирлашиш, яқинлашиш йўлидан кетса, биз ўзбеклар ҳатто ичимизда ҳам бир-биримиздан узоқлашишни давом эттирмоқдамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону