07 September 2009
01:14 -
Президентларнинг ўғил-қизлари ҳамма ерда ва ҳар доим бир хил

Бугунги хабаримиз ўз отасининг президентлиги берган имкониятдан фойдаланиб, Истанбулдан Қайсери шаҳрида бўлаётган футбол ўйинига етиб борган Туркия президенти Абдуллоҳ Гулнинг ўғли Меҳмет Гул билан бўлган саргузашт ҳақида.
Кеча Туркия-Эстония миллий терма жамоаларининг ўйини Туркиянинг марказида жойлашган Қайсери вилоятининг маркази Қайсери шаҳрида ўтказилди. Бош вазир Ражаб Эрдўғон бу ўйинни кўришга бориши ҳам олдиндан эълон қилинганди. Ўйин бўлиб ўтди, Туркия 4:2 ҳисоб билан ғалаба қозонди.
Бугун матбуотдаги хабарлардан маълум бўлишича, Истанбулдан Қайсерига махсус учоғида учадиган Эрдўғон ўзи билан асли қайсерилик бўлган президент Абдуллоҳ Гулнинг ўғли Меҳмет Гулни олиб кетмоқчи бўлибди. Аммо, учиш вақти транспорт трафигининг пик соатларга тўғри келгани учун, Меҳмет Гул аэропортга вақтида келолмаслиги маълум бўлган ва уни бир полициячи ўз мотоциклида аэропортга олиб борган. Шундай бўлса ҳам Эрдўғон уни 20 дақиқа кутишга мажбур бўлган.
Туркия журналистлари Меҳмет Гулнинг мотоциклга сакраб ўтириш пайтини ҳам расмга олишга улгуришибди. Бугун матбуотда чиққан бу фоторасм ва бўлиб ўтган воқеа фақат табассум уйғотади. Аммо, вақти келиб, ўз отасининг имконларидан фойдаланиш суиистеъмол даражасига кўтарилса, табиий, табассум ғазабга айланиши мумкин.