01 September 2009
03:00 - Биз нимани байрам қилмоқдамиз ўзи? Аслида, нимани байрам қилишимиз керак?
Бугун Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги байрам қилинмоқда. Аслида, мустақиллик 31 августда эълон қилинган, аммо байрам бугун. Демак, биз кеча эълон қилинган мустақилликни бугун байрам қиламиз. Шунинг ўзи ақли расо одамда кулги уйғотади.

Дарвоқе, мустақилликдан олдин ким эдик? Тўғри, Россиянинг мустамлакаси эдик. Демак, мустақиллигимиз – СССР деб номланган Россия империясидан чиқиш бўлиши керак эди. Аммо, 1991 йил 31 августда ҳеч бир шаклда СССРдан ёки Россия империясидан чиқиш тилга олинмаган.

Масалага расмиятчилик нуқтаи назаридан қарайлик. Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг 1925 йилда қабул қилинган илк Конституциясига кўра, мамлакатимиз ўша вақтдаёқ мустақил бўлган (табиий, қоғозда) ва мустақил давлат сифатида, мустақиллигини йўқотмасдан СССРга кирган. Мустақил давлат эканлигимиз 1977 йилда қабул қилинган Конституциянинг сўнги вариантида ҳам айтилган. Шундай экан, 1991 йил 31 августда эълон қилинган мустақиллик нимадан иборат? Ҳеч нарсадан. 1991 йил 31 августда ҳеч нарса ўзгармаган – шундоқ ҳам қоғозда мустақил бўлган Ўзбекистон яна бир марта қоғозда мустақиллигини таъкидлаган.

Аммо, 1991 йил 1 декабрда СССРнинг асосчиларидан бири Украина референдум орқали СССРдан чиқди ва 8 декабрда СССРни қурган 4 республикадан учтаси, яъни Россия, Украина ва Белорусия СССРни тарқатиб юборишга мажбур бўлишди. Шу билан ҳамма қатори Ўзбекистон ҳам мустақил бўлиб қолди. Демак, ҳақиқий мустақиллик кунимиз 1991 йил 8 декабрь эмасми? Албатта, шу кун. Лекин, бу кунни байрам қилиш, ўзимиз ҳеч нарсага қодир эмаслимизни тан олиш билан баробар бўларди?

Хўш, нима бўлса бўлсин, мустақил бўлдик, шундай экан, 1 сентябрни Мустақиллик куни сифатида байрам қила берайлик, дейдиганлар бўлиши ҳам табиий.

Уларга жавоб шундай бўлади: бундай иккиюзламачилик ҳар қандай жамиятни инқирозга олиб боради. Бундай ёлғондакам байрамлар одамларда шавқ-завқ туйғулари уйғотмайди. Аксинча, ҳақиқатни ўрганган сари ўзбекларда ўзини тили қисиқ халқ сифатида англаш туйғуси ортиб боради.

Тарихда бунинг ўрнаклари бор.

Мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги, ер думалоқ бўлгани учун, Каъбага қараб номоз ўқий олмайди, аммо ўзини Каъбага қараб номоз ўқимоқдамиз деб алдаб юради. Чала муллалар мусулмонларга бундай икки юзламачиликларни кўп сингдирдилар. Натижада, Ислом дунёси чуқур инқироз ичида, Ислом дунёси жаҳонда ҳамма нарсада ҳаммадан орқада.

Ёки яқин тарихимиздаги воқеаларга қарайлик. 70 йилдан кўпроқ Совет халқи нималиги ҳам номаълум бўлган 7 ноябрни асосий байрами сифатида нишонлаб келди. Охири нима бўлди?

Ўзбек халқи ҳам нимани байрам қилаяпмиз, деб ўз олдига савол қўядиган вақт келади. Жавоб топиш осон бўлмайди. Балки, айнан ўша жавоб қидириш жараёнида, ўзлигимизни англаш учун олиб бориладиган кураш давомида, ўзбек халқи байрам қилишга арзийдиган улуғ кунлари борлигини тушуниб етади ёки байрам сифатида нишонланадиган воқеалар юз беради.

Бундай воқеалар ҳозирги қисқа тарихимизда ҳам бор. Масалан, “Бирлик”нинг туғилиши, унинг биринчи митинглари, биринчи ғалабалари, ўзбек тилининг давлат тили деб эълон қилиниши ва бошқалар.

Хуллас, ҳали байрам қилиш эмас, ўйлаш ва курашиш босқичидамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону