31 August 2009
11:44 -
Пўлат Охун: Афғонистондаги сайловларнинг натижаси Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва келажаги учун катта аҳамиятга эга

Толибон Афғонистонда бор экан, бизнинг ватанимизга улар тарафидан хавф йўқолмайди. Шунинг учун хам Афғонистондаги сайловларнинг натижалари биз ўзбекистонликлар учун катта аҳамиятга эга. Биз учун энг асосий шарт - сайлов натижасида ғолиб чиқадиган президент толибларнинг Афғонистондаги мавқеини синдиришга ва иложи борича уларни йўқ қиладиган кучга эга бўлишидир.
Бу мураккаб вазиятнинг фақат бир томонини анализ қилайлик. Толибон жангарилари бор экан, Афғонистонда тинчлик бўлмайди, демак, минтақамиздаги сиёсий-иқтисодий ривожланиш хам шунга боғлиқ холда бир томонлама ривожланади. Яъни, биз ўзбекистонликлар учун жануб тарафдаги қулай савдо йўллар ёпиқ бўлиб қолаверади.
Бундай вазият Совет Итифоқи даврида Москва учун қулай эди. Чунки, жануб тарафи биз учун ёпиқ бўлгани сабабли, биз тамомийла русларга қарам эдик, ҳамма нарсани Москва орқали олардик, ҳамма нарсамизни Москва орқали сотардик. Ҳозир ҳам Совет Иттифоқининг меросхўри бўлмиш Россия учун мавжуд вазият жуда қулай. Негаки, биз мустақил бўлган бўлсакда, савдо йўлларимиз фақат Россия орқали бўлиб қолмоқда, биз уларнинг шартлари остида яшашага мажбурмиз. Жануб биз учун ҳали ҳам ёпиқ.
Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон йўналишида темир йўл ва автомобил йўллари пайдо бўлиши, ўша йўллар орқали жанубий денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлишимиз ватанимиз иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўларди. Дунё билан алоқа йўлларимиз кенгайиши йўлида тўғонлар олиб ташлананарди. Бу эса иқтисодий ривожланишимиз учун катта имкониятлар яратарди.
Лекин булар ҳозирча орзу холос. Бу орзуларга эришиш йўлидаги биринчи қадам - Афғонистонда барқарор демократик режим ўрнатилиши.
Шунинг учун хам Афғонистондаги президент сайлови натижалари биз ўзбекистонликлар учун катта ахамиятга эга.
Сайт маъмуриятидан: Пўлат Охун “Бирлик” Партияси раисининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосаридир