26 August 2009
21:24 - Ҳамид Карзай билан Абдулло Абдуллоҳ орасидаги фарқ ошмоқда, террор қурбонларинг сони юксалмоқда
Афғонистондаги президент сайловидан кейин 10 фоиз бюллетень саналгани, Ҳамид Карзай 41, унинг асосий рақиби Абдулло Абдуллоҳ 39 фоиз овоз олгани кеча кечқурун эълон қилинган эди.

Афғонистоннинг Мустақил Сайлов Комиссияси (бутун дунёда Марказий Сайлов Комиссияси дейиладиган бу муассаса нимагадир Афғонистонда шундай номланган) бугун 17 фоиз бюллетень саналгандан кейин Ҳамид Карзайга берилган овозлар 43 фоизга чиққани, Абдулло Абдуллоҳга берилганлари 37 фоизга тушганини билдирди. Бу кетишда, Ҳамид Карзай биринчи турдаёқ президент бўлса керак.

Лекин, бу сайловнинг легитимлик ва янги АҚШ маъмуриятининг қилаётган ишлари самара бераётганига ишониш ҳамда Ҳамид Карзайнинг янги президентлик муддати барқарорликда ўтишига умид қилиш даражаларини баҳолаш учун Карзайнинг қанча фоиз овоз олишидан ҳам кўпроқ сайловга қанча одам қатнашгани муҳимдир, дейилади Reuters агентлигининг хабарида. Бу мутлақо тўғри фикрдир. Ҳозирги маълумотларга кўра, умумий аҳолиси 30 миллион атрофида бўлган Афғонистонда сайловчилар сони тахминан 15 миллион деб ҳисобланар экан (аниқ рақамларнинг ўзи йўқ), сайловда 5,5 миллион сайловчи қатнашган.

Сайловнинг ниҳоий натижалари 3 сентябрда эълон қилиниши кутилмоқда. Мамлакат эса, сал кам ҳар куни бўлаётган террористик ҳужумларнинг қурбонларини санаш, эртанги кунни қўрқув ичида кутиш билан овора. Кеча Қандоҳорда юк машинаси портлатилгандан кейин 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани билдирилган эди, бугун ўлганларнинг сони 43 га чиққани маълум бўлди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону