26 August 2009
00:51 -
Ичкерия Бош вазири Аҳмад Закаев ўлимга маҳкум қилинди

Охирги ойларда Аҳмад Закаев икки марта Чеченистон парламентининг раиси Дукваха Абдураҳманов билан Ғарб мамлакатларида музокаралар олиб борган ва чечен ҳарбий мухолифати расмий чечен ҳукуматининг милициясига қарши ҳарбий курашни 1 августдан бошлаб тўхтатишга қарор қилгани ва Жаҳон чеченлар конгресси ўтказишга келишилганини маълум қилганди. Эътибор бериш керакки, гап чечен ҳукуматининг милициясига қарши курашни тўхтатиш тўғрисида эди. Милиция жамоат хавфсизлигини сақлаш билан шуғулланади, шу сабабли, бу келишув учун Масхадовни сотқинликда айблаш тўғри бўлмасди.
Аммо, воқеалар бошқа йўналишда кетди. Бугун www.kavkazcenter.com сайтида тарқатилган хабарга қараганда Кавказ Амирлигининг Олий қозиси Анзор Астемиров Аҳмад Закаевни Исломдан чекингани ва сотқинлик қилгани учун ўлимга ҳукм қилибди.
Аҳмад Закаев расман Ичкерия республикасининг бош вазири эди. Ичкериянинг президенти Доку Умаров ҳисобланади. Бир вақтлар Ичкерия республикаси амалда бор бўлган, у ҳозир руслар тарафидан феълан йўқ қилинди. Аммо, Кавказ Амирлиги деган нарса мутлақо бўлмаган, бу қоғоздаги амирликдир. Шу сабабли бу “амирлик”нинг бош қозиси чиқарган фатвога ножиддийлик маҳсули сифатида эътибор бермаслик ҳам мукин.
Бошқа тарафдан, Кавказ халқларининг мустақиллик ва демократия учун кураши секин-аста диний руҳдаги курашга айланиб кетиши ва ножиддийлик даражасига тушгани ачинарли ҳолдир.
Ўзбекистонда ҳам демократия учун курашни шу ҳолга келтиришга интилаётганлар борлигини унутмаслик ва сабабли эҳтиёт бўлиш керак.