24 August 2009
09:02 - Швеция ва Исроил орасидаги жанжал чиқди ва кучаймоқда
Швецияда чиқадиган Aftonbladet газетасининг ўтган ҳафта душанба кунги сонида журналистик-суриштирув бичимидаги бир мақола чоп этилган.

Бу мақолада Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган фаластинликларнинг ички аъзолари кесиб олиниб, четга сотилганлиги ҳақида гумонлар бор эканлиги ёзилади. Мақолани ёзган Bostrom исмли журналистнинг фикрича, одамларнинг ички аъзоларининг кенг кўламли савдосидан Исроил давлат идораларининг хабари бор. Журналист бу келтирилган фактларни текшириш учун текшириш ўтказилишини талаб қилган.

Бу мақола газетада чоп этилгандан кейин Исроил сиёсатчилари газетани ва Швеция ҳукуматини антисемитизм ва яҳудийларни ҳақорат қилишга уринишда айблай бошладилар. Масалан, Исроил ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Danny Aylon Швеция ҳукуматидан газетадаги бу мақолани қоралашни талаб қилди, акс холда, 10 кундан кейинга режалаштирилган Швеция ташқи ишлар вазири Carl Bildt нинг Исроилга расмий ташрифи бекор қилиниши мумкинлигини билдирди.

Бу жанжалга Швеция бош вазири Fredrik Reinfeldt хам аралашишга мажбур бўлди. У Исроилнинг талабларига жавобан: “Швецияда матбуот эркинлиги мавжуд ва бу эркинлик бизнинг конституциямизда белгиланган, ҳеч ким бизни ўз конституциямизга қарши иш қилишга мажбур қила олмайди“, деб айтди.

Шундай бўлишига қарамасдан, сўнгги соатларда бу ишга Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху шахсан аралашди ва ташқи ишлар вазири ўринбосарининг чақириғини юксакроқ даражада такрорлади.

Бир муддат илгари Муҳаммад пайғамбарга қарши карикатуралар чоп этилганда, дунё мусулмонларининг норозилигига қарамасдан, Швеция ҳукумати матбуот эркинлигига асосланиб, бу масалага аралашмаган эди. Энди Исроилнинг босими остида Швеция матбуот эркинлигидан воз кечадими йўқми кўрамиз, дейди мухбиримиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону