14 August 2009
01:42 - Афғон ўзбеклари генерал Дўстумни қайтаришмоқчи
Афғонистон шимолидаги ўзбеклар зич яшовчи Жоузжон ва Фарёб вилоятларида юзлаб одамлар норозилик намойишларига чиқиб, ҳозир Туркияда қолаётган генерал Абдулрашид Дўстумни ватанга қайтаришни талаб қилишган.

Аксар Генерал Дўстумнинг Жунбуши Миллий Исломий (Исломий Ҳаракат) партияси тарафдорларидан иборат намойишчилар, агар генерал якшанба, 16 августга қадар Афғонистонга қайтарилмаса, президентлик сайловини бойкот қиламиз, дейишмоқда.
Намойишчиларга кўра, Абдулрашид Дўстум овоз бериш пайти ватанида бўлиши шарт.
Бир йил олдин асли шибирғонлик генерал Дўстум ўзининг собиқ маслакдоши Акбарбой билан адоватга бориши ортидан Ҳарбий Бош Қўшинлар раиси муовинлигидан вақтинча четлатилганди.

Шундан кейин у Туркияга кетади. Айримлар эса бу ерда сиёсий сабаблар турган, деган тахминлари айтишган. Унинг ўзи эса Анқарага келиши сабабларини оилавий сабабларга боғлаганди. Афғонистон президенти воизи Сиёмак Ҳиравийнинг айтишича, Генерал Дўстумнинг ҳозир Афғонистонга қайтиши йўлида ҳеч қандай тўсиқ йўқ ва келса, унинг хавфсизлиги таъминланади.

Маълум бўлишича, бир ярим ой илгари Туркияга борган Президент Карзай Генерал Дўстум билан учрашган ва уни мамлакатга қайтишга чақирган. Афғон мулозимларига кўра, Генерал Дўстум Ҳарбий Бош Қўшинлар раиси муовини вазифасини давом эттириши мумкин.

Сабаби - сайлов олдидан Президент Карзай Абдулрашид Дўстум билан иттифоқ тузган.
Таҳлилчиларга кўра, жаноб Карзай шу асно шимолий Афғонистоннинг саккиз вилоятида зич яшовчи кўп миллионли ўзбекларнинг овозини олишни истамоқда.
Беш йил аввалги президентлик сайловида Абдулрашид Дўстум ҳам қатнашган ва ўн фоиз овоз олганди.

Бу эса 35 миллионлик Афғонистонда ўзбеклар овози нақадар салмоқли эканини кўрсатади.
Шунда ҳам, азалдан мужоҳидлар тарафида бўлган Бадахшон, Қундуз ва Тахор ўзбеклари собиқ коммунист Абдулрашид Дўстумни деярли қўллашмайди.

Толибонни қулатишда жонбозлик кўрсатган Абдулрашид Дўстум, жорий ҳукумат барпо этилгач, Мудофаа вазири муовини ва ҳарбий масалаларда президент маслаҳатчиси бўлиб ҳам ишлаган.

Аммо унинг одамлари 2001 йили қўлга олинган юзлаб Толибон жангариларини контейнерларга солиб, сувсизлик ва ҳаво етишмасдан нобуд бўлишларига сабаб бўлган, деган айбловлар ҳам ўртага чиққан. Генерал Дўстум тарафдорлари айни айбловларни рад этиб келишади.

Бироқ воқеаларнинг сўнгги ривожланишида, бир неча ҳафта бурун АҚШ президенти Барак Обама мазкур айбловларни текшириб, тагига етиш лозимлигини урғулади.

Мамлакатдаги урушлар ва ички низолар пайти жуда кўплаб гуруҳлар ва қўмондонлар тарафидан инсон ҳуқуқлари топталиши ҳамда одам ўлдириш ҳоллари рўй бергани айтилади.
Аксар шимоллик ўзбеклар эса генерал Абдулрашид Дўстумга қарши илгари суриладиган айбловларни кўп миллатли мамлакатда ўз мавқеларини пасайтиришга уриниш, деб ҳам талқин этадилар. // ББС ўзбек хизмати

“Ҳаракат”: Биронта манбага асосланмаган ББСнинг бу лавҳасига тўғри баҳо бериш ёки унга ишониш қийин. Масалан, “Бадахшон, Қундуз ва Тахор ўзбеклари собиқ коммунист Абдулрашид Дўстумни деярли қўллашмайди” ифодаси нимага асосланган мутлақо номаълум. Шундай бўлса, Афғонистондаги ўзбекларнинг бугуни ҳақида маълумот оз бўлганини ҳисобга олиб, бу матнни сайтимизда эълон қилишни лозим деб топдик.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону