13 August 2009
19:48 - Парижда исломча чўмилиш кийимидаги бир аёлни ҳовузга қўймадилар
Дунё ахборот воситалари Le Parisien газетасига асосланиб, мусулмонларнинг кийими билан боғлик янги хабарни муҳокама қилиш билан овора.

Маълум бўлишича, Париж яқинидаги бир ҳовузнинг қоровуллари у ерга исломий чўмилиш кийимида кирган аёлни, унинг ўзи бу кийимни “буркини” деб атабди, ҳовуздан чиқариб юборишибди. Ҳозир 35 ёшда бўлган Керол исмли аёл 18 йил аввал мусулмончиликни қабул қилган экан.

Керолнинг ўзи ҳовуз маъмуриятини диний дискриминация билан шуғулланишда айблаб, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашга тайёрлигини, ютқазса, балки, Францияни тарк этиши мумкинлигини билдирган. Ўша минтақадаги ҳовузлар мудири Yannick Decompois бу воқеанинг динга алоқаси йўқлигини гапириб, бу - ҳовузда қандай кийиниш масаласи, гигиена масаласидир, дебди.

Мусулмонларнинг қандай кийиниши Францияда биринчи марта оммавий муҳокамага тушаётгани йўқ. Бироз илгари мусулмон аёлларнинг ҳижобда ўқишга боришлари хусусида ҳам катта тўпалон бўлган ва суд қарори билан ҳижобда ўқишга бориш тақиқланганди. Бу масалага президент Саркози ҳам аралашиб, Францияда ҳижоб ва бошқа шу каби кийимлар кийилишига қатъий қарши эканлигини билдиргани ҳам маълум.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону