17 April 2023
21:49 - Юсуф Жума: ТАНГРИМДА ЎҒИЗХОН ХОҚОН - ЮРТИМИЗ ОНА ТУРОН ДЕБ…

Шоирлар хиёнат этди,
Юртимиз Ўзбекистон деб.
Ёғий сарқитини ютди,
Юртимиз Ўбекистон деб.

Каттакни жаҳон дедилар,
Зиндонни осмон дедилар,
Бас, Ўзбекистон дедилар,
Юртимиз Ўзбекистон деб.

Турон ери талаш - талон,
Олди ўрис, чин, пирсиён,
Унутдир ҳатто Туркистон,
Юртимиз Ўзбекистон деб.

Эл ўрнида қолди гала,
Тўғилар беэс - бекалла,
Тентак, бачча, даюс - далла,
Юртимз Ўзбекистон деб.

Ўриснинг оғзига қарар,
Соқовча тилларда сайрар,
Дуч келган миллатдан тўрар,
Юртимиз Ўзбекистон деб.

Қаланғи - қасанғилардир,
Тили унут, ҳанггилардир,
Бедину беТангрилардир,
Юртимиз Ўзбекистон деб.

Аллақандай мўғил отин
От этиб олган эл, юртин
Ёвларга топширди бутун,
Юртимиз Ўзбекистон деб.

Очуннинг ярми Туркистон,
Қолган ярми билан Турон,
Тангримда Ўғизхон ҳоқон:
Юртимиз она Турон деб!!!

2023 йил, 16 апрель.

* * * * *

Тангрим, менга йўл бер, ҳар яхши жонни
Бошимда тутишга имконлар бергин.
Тангрим, менга йўл бер, ҳар бир ёмоннинг
Бошига етишга имконлар бергин.

Тангрим, мени сақла - инсон зотидан
Яхшилик кутишдек шармандаликдан!
Мени сургун этма ғурур юртидан -
Номусдан - Ўзингдан - тантаналикдан!!!

14 арель, 2023 йил.

* * * * *

Ҳеч кимни ўзингга йўлатма яқин,
Ҳатто ўзингни ҳам ўзингдан ҳайда!
Кимдир нодон, кимдир ёвдир ё сотқин,
Ҳатто ўзингни ҳам ўзингдан ҳайда!

Бут эсдан сергак йўқ, шу сергак билан,
Номусдан сергак йўқ, шу сергак билан,
Очиқ кўзинг билан, довюрак билан
Ҳатто ўзингни ҳам ўзингдан ҳайда!

Сиғмасман Ўзидан пастга, барча паст,
Ўзидан пастлардан чиқармиди дўст,
Тангри тенгги фақат - Тангри - Азиз - уст,
Ҳатто ўзингни ҳам ўзингдан ҳайда!

Бошингни эсига бўшат батамом,
Танингни юзига бўшат батамом,
Ўзингни Ўзига бўшат батамом,
Ҳатто ўзингни ҳам ўзингдан ҳайда!

Эрку ҳақ йўлида жон тик - жангга туш,
Лекин сергакликдан узоқдир турмуш,
Ўзидан ўзгани айламагин эш,
Ҳатто ўзингни ҳам ўзингдан ҳайда!!!

2023 йил, 15 апрель.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону