ЕРЛАШСАНГ - ТАНГРИГА ЕРЛАШ,
ЭРГАШСАНГ - ТАНГРИГА ЭРГАШ!!!
ЮЗЛАНСАНГ - ТАНГРИГА ЮЗЛАН,
КЕНГАШСАНГ - ТАНГРИГА КЕНГАШ!!!
Ерлашсанг - дўст, дўст беради,
Эргашсанг - номус беради.
Юзлансанг - оқ юз беради,
Кенгашсанг - бут эс беради.
Ўзидан ўзга алдоқчи,
Ўзидан ўзга қароқчи.
Ўзидан ўзга эплолмас -
Ўзидан ўзга йўқ соқчи.
Чин деб чопдим - берди Ўзи,
Неки топдим - берди Ўзи.
Сўзим ўлмас - берди Ўзи,
Бошим софдир - берди Ўзи.
Сирлашсанг - Бир билан сирлаш,
Бирлашсанг - Бир билан Бирлаш.
Энг буюк иттифоқчидир,
Тўрлашсанг - Бир билан тўрлаш!!!
13 апрель, 2023 йил.
Қулликни бахт билган қуллар хатарли,
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
Ёвузлик тўғилган улар туфайли,
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
Эркни соғинмаслик - оғир жиноят,
Эрк деб уринмаслик - оғир жиноят,
Эркка сиғинмаслик - оғир жиноят,
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
Ёвузлик ўлади - қуллар қирилса,
Қулликка кўниккан эллар қирилса,
Бошлар кўтарилса, кўкрак керилса,
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
Қуллар отасидир - зўравонликнинг,
Қуллар онасидир - зўравонликнинг,
Қуллар доясидир - зўравонликнинг,
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
Ёғий ишларига шимардими енг,
Қулнинг бу қилмиши сотқинликка тенг,
Душманга дунёни этаётган кенг -
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
Чинакам байроқдир бош кўтарган - бош -
Тангрининг байроғи - эр бўлсанг - бўл эш,
Эрк деб бош кўтарган эрларга олқиш,
Бахтиёр қуллардан нафратланаман.
14 апрель, 2023 йил.
* * * * *
Ўн йиллаб сўйладим, гўё сўзимни
Остонамда очун кутаётгандай.
Беморнинг эгаси эмчи сўзини
Остонада эзгин кутаётгандай.
На менинг ўзимни танийди биров,
На менинг сўзимга биронта интиқ.
Солиб ол тилингга жимликдан жилов,
Кимдир интиқ бўлса - айлагин тортиқ.
Ўқ ҳам урмас - сўзча инсонни ерга,
Эрлар ўқ еса ҳам топадилар шон.
Узоқ ўйла, шошма минбарга - тўрга,
Кўпинча сукутдан сўйламоқ ёмон.
Ҳеч ким айтолмаган ҳақиқат бўлса,
Тентаклар ичида бўлсанг ҳам бонг ур!
Чақмоқ шеърларимдай тилга кир - тилга,
Эшаклар ичида бўлсанг ҳам бонг ур!