22 March 2023
08:18 - Яқин ва узоқ йиллардаги тарихимиз билан танишинг: “Бирлик”нинг аёллар қаноти “Тўмарис” аъзолари 1990 йили Ислом Карим қабулхонасида ўтказган намойишларини кўринг! Абдураҳим Пўлат: Бу хабар ва фильмни фахр ва ғурур билан кўринг, аммо мен каби йиғламанг!

Яқин йиллардаги тарихимизга ўтишдан олдин, 2,5 минг йил аввалги кунларни эслашга мажбурмиз. Аввало айтиш керакки, Тўмарис хоним - Каспий денгизининг шарқий соҳили, Орол денгизи атрофлари, Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида миллоддан аввалги 8-4-асрларда яшаган кўчманчи массагетлар қабиласи подшосининг турмуш ўртоғи бўлган, уни “Массагетлар маликаси” деб аташган.

Эрондан келган пирсиёнлар қўшини билан массагетлар ўртасида шиддатли жангларнинг биринчисида Тўмариснинг ўғли Спаргалис (Сипарангиз) бошчилигидаги массагетлар ғолиб чиққан. Бироқ кейинги жангда форслар ҳийла йўли билан Спаргалис ва айрим массагетларни асир олишганда, ор-номусга чидай олмаган Спаргалис ўзини ўлдирган.

Тўмарис ўғлининг ҳалокатидан эсанкираб қолмай, ўз халқининг манфаатини ўйлаб, форсларнинг шоҳи Кир II дан массагетлар юртидан чиқиб кетишини сўрайди. Бироқ форслар шоҳи рад жавобини бергач, икки ўртада аёвсиз жанг бўлган.

Геродот массагетлар ва форслар ўртасидаги жанг тафсилотларини ўз асарида қуйидагича тасвирлайди: “Менинг билишимча, бу жанг варварлар ўртасидаги барча жанглардан ҳам даҳшатли бўлган. Аввал ҳар иккала қўшин бир-бирини узоқ масофадан туриб, камондан ўққа тутдилар. Камон ўклари тугагач, улар найза ва қилич билан курашдилар. Жанг узок, вақт давом этди. Кўп қон тўкилди. Ниҳоят, Тўмарис бошқарган массагетлар ғалаба қозондилар.”

Ўшанда, Тўмариснинг жасорати ва ҳарбий-сиёсий фаолияти тўғрисида халқ достонлари яратилган, жангнома ва ривоятлар тўқилган экан.

Бу буюк аёл тўғрисида Интернетда жуда кўп нарсаларни ўқишингиз мумкин. Биз ҳозир буюк Тўмарис ҳонимнинг изидан кетган ҳозирги аёлларимизнинг шу йиллардаги мардликлари, улар тузган “Тўмарис” аёллар ташкилотининг аъзолари ўша пайтдаги диктатор Ислом Каримнинг қабулхонасида намойиш қилган мардликларини кўрсатувчи фильмни кўришга чақирамиз. Бу фильмни Интернетда қуйидаги адресда топишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=P4gMHDkHAD4

“Бирлик” фаоли Абдулазиз Маҳмуд лентага туширган бу воқеа - улуғ шоирамиз Гулчеҳра Нурилла раҳбарлигида яратилган “Тўмарис” ташкилотининг Лутфия Йўлдошева, 2018 йилда оламдан ўтган Васила Иноятова каби мард аъзолари Ислом Каримнинг кабинети олдида 1990 йил 7 март куни ўтказган намойишларидир. Бир неча йил аввал оламдан ўтган Гулчеҳра Нурилла хонимнинг аввалроқ олинган расмини шу хабар бошида кўрмоқдасиз.

Абдураҳим Пўлат: Бу хабар ва фильмни фахр ва ғурур билан ўқинг, тамоша қилинг, аммо мен каби йиғламанг, раҳматли Тўмарис, Гулчеҳра Нурилла ва Абдулазиз Маҳмудлар хотирасига дуолар қилишни унутманг.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону