“ҲАРАКАТ”: Абдулҳамид Чўлпон XX аср ўзбек адабиётининг энг машҳур намояндаларидандир. “Чўлпон” тахаллуси билан шуҳрат топган Абдулҳамид Сулаймон 1897 йилда Андижон шаҳрининг Қатортерак маҳалласида дунёга келди. У дастлаб эски мактабда, сўнг Андижон, Тошкент мадрасаларида ўқийди. Шунингдек, Андижондаги рус-тузем мактабида ҳам таҳсил олган.
Чўлпоннинг матбуотдаги дастлабки шеър ва мақолалари 1914 йилдан кўринади. 1927 йилда шўро ҳукумати ижтимоий уйғониш байроғи остида миллий уйғонишга қарши ҳал қилувчи ҳужумга ўтди. Даврнинг биринчи миллий шоири Чўлпон зиёлилар қурултойидан ҳайдаб чиқарилди. Қийин-қистов кунлар бошланди. Асарлари минг бир чиғириққа солинди. Босилган шеърлари устидаги «ур калтак» кучайгандан кучайди. Дастлаб «ғоясиз» дейиш билан чекланилган бўлса, энди уларни «зарарли», муаллифни эса, очиқдан-очиқ «душман» дея бошладилар. Шоир қанд касалига мубтало бўлди. Замон оғирлашиб борди. Боту қамалди. Мунавварқори отилди…
Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, 1931 йилда Чўлпон Файзулла Хўжаев томонидан Москвага жўнатиб юборилади ва тадбиркор раҳбар шу йўл билан шоирни бир муддат сақлаб қолади. Чўлпон 1932-1934 йилларда Москвада яшади, Тошкентга 1935 йилда қайтиб келди. Шоир атрофидаги гап-сўзлар, таҳқир ва таъқиб ҳамон давом этарди.
1937 йилнинг кузида қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланди.
Қуйида буюк шоиримизнинг машҳур шеърларидан биттасини бермоқдамиз.
* * * * *
ЧЎЛПОН: Туркистонлик қардошларимизга
Илму маърифат ҳам ҳунардин қолди маҳрум бизни халқ,
Маърифатсизлик балосига йўлиққон бизни халқ.
Бир киши миллатпараст ўлса, деюрлар “даҳрий” деб,
Бир киши миллатни сўкса, иззат айлар бизни халқ.
Мактаб ўрнига очилди ҳар маҳаллада #майхона,
Нафрат этмак нари турсун, шоду хандон бизни халқ.
Мактаба йўқ бир тийини, тўйга #минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга мубталодир бизни халқ.
Ибрат олмайдир бошига шунча кулфат келса ҳам,
Мисли бир калтак йўқотган #кўрга ўхшар бизни халқ.
Кўр-да фарқ айлар тўғри ила нотўғрини,
Тўғри йўлга бошласанг-да, эгри хоҳлар бизни халқ.
Ҳар шаҳарда ихтилофдин, “жиққамуш”дин сўз бўлур,
Иттифоқдин сўз очилса, мисли қуён бизни халқ.
Орзу қилмас ўғлими мактабда айлай тарбия,
Тўй қилуб, #карнай чолурни орзу айлар бизни халқ.
Бошқа миллатлар солурлар ҳар маҳалда #мадраса,
Онларнинг аксига солғон чойхоналар бизни халқ.
Бошқалар бонка очуб, савдо қилуб пул топса-да,
Топганини шунда берур, оч-яланғоч бизни халқ.
Кес сўзингни, эй қалам, бас, шунча фарёдинг етар,
Кӯб бақирсанг, оғизга тошларни отгай бизни халқ.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Шовруқ Рўзимуродов
2001 йилда режим зиндонида ўлдирилган "Бирлик" халқ ҳаракатининг фаоли, Ҳаракатнинг Қашқадарё ташкилоти раиси,...
Добавить сведения