03 March 2023
20:56 - Юсуф Жума: ЎЛИГИМНИ КЎМАЙМИ Ё КЕЛИБ ТИРИЛТИРАСАНМИ?!…
Ўлган эдим - кетган чоғинг,
Ўлдирди бир дамлик доғинг,
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!
Хушбўйинг келса ҳам, боғим,
Тирилтирар - исинг - соғим.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!

Қароғинг келса ҳам - жоним,
Дудоғинг келса ҳам - жоним,
Ёноғинг келса ҳам - жоним,
Сақоғинг келса ҳам - жоним,
Қучоғинг келса ҳам - жоним,
Оёғинг келса ҳам - жоним,
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!

Зардолинг келса ҳам - жоним,
Қаролинг келса ҳам - жоним,
Анорингми, олмангми ё
Шафтолинг келса ҳам - жоним.
Юзингнинг куними, қошинг
Ҳилоли келса ҳам - жоним.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!

Ўлигим ҳам - оташ, кўмсам,
Вулқон бўлиб отилади.
Очиқ кетган кўзларим қон -
Уммон бўлиб отилади.
Севгимнинг кўлами кенгдир -
Осмон бўлиб отилади.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!

Ўзининг кўшки силкинар,
Кўклар ушалиб тўкилар.
Эзилиб ўн саккиз минг қон
Очун мой бикин ёқилар.
Бундан кўра келганинг соз,
Тангри олқиши ёғилар.
Ўлигимни кўмайми ё
Келиб тирилтирасанми?!

2023 йил, 2 март.

* * * * *

Ўзим ўз жонимга кет дер,
Кет, келма ҳеч қачон дейди.
Менинг жоним сен эмассан,
Менинг жоним – жонон, дейди.

Ўзим ўз кўнглимга кет дер,
Мендан кетгин, юрак, дейди.
Сен юрагим эмасдирсан,
Чин юрагим - малак, дейди.

Кет дер ўз бағримга ўзим,
Сен менга ёт жигар, дейди.
Йўқол, куним битмасидан
Келсин жигар - дилбар, дейди.

Ўзим эмас деб ўзимдан
Ўзимни ўзим ҳайдайди.
Дейди: - ўзим - Ўзи - Тангрим -
Суйганим қайда, қайдадир?!…

2023 йил, 2 март.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону