26 February 2023
07:25 - Ҳамма адолат истайди, сиёсатчилар ҳам, хонандалар ҳам. Ўз лицензияси олиб қўйилган хонанда Каниза “Ўзбекконцерт”га норозилик билдирди: “БИЗДА ҚАЙСИ СОҲАДА АДОЛАТ БОР? МУКОФОТЛАР ҲАМ ПУЛИ БОРЛАРГА БЕРИЛАДИКУ?”

Хонанда Каниза(Шаҳризода Аҳмедова):Менга бир хабар етиб келди. Шамоллаб ётганим учун мажлисга боролмагандим. “Ўзбекконцерт” бир пайтлар “Ўзбекнаво” эди. Бир оғиз топшириғингиз билан чекка қишлоқ борми, чанг-дала борми, йиллаб югуриб хизматингизни қилдим. Тақдирлаш у ёқда турсин, бир оғиз раҳмат дедингизларми?

Сизларнинг топшириғингиз билан халқнинг хизматига текинга бордим. Биламан, менга текин, лекин халқ пулини тўлаб қўйган, у эса бошқа чўнтакка кираверган. Ҳаммасини билсак ҳам биз саънаткорлар индамадик, давлат сизларга ҳуқуқ берган деб бош эгдик.

Сизларнинг бир оғиз сўзингиз билан ижод қилиб, бир оғиз сўзингиз билан ижодим тўхтайдиган инсон эканман, нега аёл бошим билан ўзимни ҳимоя қилаётганимда жим турасизлар? Ўтирган ўрнингизни боқий деб ўйлайсизларми? Қачондир “Ўзбекконцерт” деган тушунча ҳам йўқ бўлади, чунки шоу-бизнеси ривожланган давлатларда бунақа тизим йўқ.

Нега концерт залларни тўлдириб, 3-4 минг одамга икки соатлаб ахлоқсиз гаплар билан шоу кўрсатадиганларни лицензияси жойида? Нега ижтимоий тармоқларда ҳам, хизматларда ҳам очиқ кийинадиганларнинг лицензияси жойида? Уларнинг “орқаси” бақувватлиги учунми? Бизнинг қайси соҳамизда адолат бор? Ҳатто мукофотлар ҳам “орқаси” ва пули борларга берилишини ҳамма билади-ю, лекин ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди.

Ҳинд кинолари халқимизнинг ахлоқини бузаётган экан, нега Ўзбекистонда клиплари ва киноларини намойиш қилишга рухсат берасизлар? Агар муаммо иштонсизлигим бўлган бўлса, уни фақат кўр одам кўрмагандир, шимим борлиги шундоқ кўриниб турибди. Агар клипларимга рухсат йўқ бўлса, бошқаларга ўхшаб ҳаёсиз сўзлар ишлатиб вайнлар оламан. Бу халқимизга клиплардан кўра кўпроқ ёқади.

Ҳақиқатан менга қизиқ, нима учун четдан очиқ кийиниб келадиган ёки LGБТ’ни тарғиб қиладиган хонандалар келиб бемалол концерт бериб кетаверишади. Нега Сами Юсуф ёки Маҳир Заин келмайди? Халқни бу инсонларга талаби йўқми? Нега бундай масалада халқни эшитмайсизлар?

Мен ахлоқсиз ғояларни тарғиб қилаётган эканман. Мажлис охирида бу сўнгги хулосани ким ёзгани менга қизиқ. Аёл кийимини кийиб, пардоз қилиб хизмат қилаётганлар халқимизга қандай ғояларни сингдираётган экан? Улар нимани тарғиб қилишяпти? Вақт топиб TikTok’ни ҳам кузатинглар.

Эртага озгина тузалиб олсам “Ўзбекконцерт” ва Маданият вазирининг “саройларига” бораман. Албатта адвокатим, юристим, эркин журналистлар билан бирга бораман. Қабул қилмасангизлар кечгача ўтираман. Лицензиямни қайтариб олиш учун эмас, шунчаки баъзи ҳақиқатларни айтиш ва уларникини эшитиш учун бораман. Менинг орқамда бақувват “танким” йўқ. Менинг орқамда ҳар қандай ҳолатда ҳам орқамда тура оладиган мухлисларим ва Роббим бор.

Ҳа, айтганча, “Ўзбекконцерт”га бир талабим бор. Худди рўмол ўраб телевидениега чиқишга рухсат берилмагандек, энди тери рангидаги кийимларда саҳналарга чиқилмасин, деб “запрет” қўйишсин. Биз бош устига бўйсунамиз.

Менга доим нега санъаткорлардан дўстингиз йўқ деб савол беришади. Мана жавобни вақти келди. Бизда санъаткорларни кўпчилигида самимийлик йўқ. Қоқилсанг, қўл узатмасдан чапак чалади, бир-бирига жўнатиб кулишади, иғво қилишади. Сохта профиллардан кузатиб, “подписка”, like босишга қўрқади ёки ғурурлари тўкилиб қолади. Маданият вакиллари, бор бўлинглар. Каниза сизларга фақат омад тилайди. Обрўларингиз тўкилмасин, халқимизнинг ғурурисизлар.

* * * * *

“Дарё” нашри: Эслатиб ўтамиз, бир неча кундан бери Канизанинг тўйдаги рақслари ҳамда кийимлари, шунингдек “Ҳинди шоу” кўрсатувидаги образи танқидларга сабаб бўлмоқда.

Хонанда Каниза шу кунларда Гематология ва Қон Қуйиш Илмий Текшириш Институтида даволанаётган мухлислари билан учрашди. Бу ҳақда “Суғдиёна” газетаси хабар бермоқда.

Каниза икки нафар мухлисаси - Ойша Отахўжаева ва Ойхумор Ортиқбоевани қизиқтирган саволларга жавоб берди. У ютуқлари ҳақида гапирар экан, асосийси халқ эътиборига тушгани эканлигини қайд этди.

“Қўшиқларим машҳур бўлди, танилдим. Ниҳол мукофоти билан тақдирландим. Олий ўқув юртини битирдим, – деди Каниза. – Эндиги мақсадим оила! Келажакда оилам, шириндан-шакар фарзандларим бўлишини хоҳлайман. Назаримда ҳар бир аёл шуни истайди”.

Суҳбат чоғида Каниза бу йил кузда турмушга чиқиш нияти борлигини айтиб, қизларни тўйига таклиф қилибди.

* * * * *

“Ҳаракат”” Йиллардан бери Ўзбекистонда адолат йўқлиги, ҳамма нарса ўз фойдасидан бошқа нарса билан иши бўлмаган катта-кичик диктаторларнинг айби эканлигини гапириб келмоқдамиз. Ҳатто давлат раҳбарияти адолатни тан олмаслигини билардик, адолатсизлик санъат соҳасида борлигини ҳам.

Биз адолат учун фақат халқнинг ҳаёти учун муҳим бўлган сиёсий саҳнада эмас, халқимиз учун қадрли бўлган санъат саҳнасида ҳам курашамиз. Унутмайликки, бир маҳаллар мусулмон аёлларга паранжи, ниқоб ва хижобда юриш тақиқланганда, буни фанатик исломчилар Ислом динига нисбатан адолатсизлик деб баҳолашганди. Энди том тескариси, кийим-бош соҳасида эркин бўлган аёлларга нисбатан адолатсизлик фақат фанатик исломчиларга ёқиши мумкин. “Ўзбекконцерт” ва Маданият Вазирлигининг ходимлари Ислом фанатикларига айланмадими?

Мана, ҳозир сафдошимиз Носир Зокир томонида юборилган хонанда Канизанинг норозилик баёнати адолатсизлик санъат соҳасида ҳам борлигинини амалда кўрсатмоқда. Унинг лицензия учун берилган аризаси Бадиий Кенгашда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томнидан рад этилгани кўрсатмоқдаки, ҳамма ерда адолатсизлик бор.

У бу ҳукмга қарши эканлиги айтиб, Маданият Вазирининг саройига бораман, дебди. У ҳақ, адолатсизликка қарши ҳар бир инсон чиқиши керак. Бўшашманг, ҳурматли Каниза, керак бўлса судгача боринг.

Расмда – хонанда Каниза.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону