10 February 2023
14:15 - Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат нархларининг "сезиларли" ошганини қайд этди
Жаҳон банки экспертлари 2022 йилда Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари сезиларли даражада озиқ-овқат инфляциясига дуч келганини қайд этди.

Россия-Украина можароси ва етказиб бериш занжирларининг узилиши бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат нархининг кескин ошишига олиб келди. 2023 йил бошига келиб, жаҳон қишлоқ хўжалиги бозорларидаги вазият барқарорлашди, бироқ нархлар ҳали ҳам бир йил аввалгига нисбатан анча юқори.

Россия, Украина, Қозоғистон, Сербия ғалла ва мойли ўсимликларнинг энг йирик экспортчилари қаторига киради. Бироқ озиқ-овқат нархининг ошиши Марказий Осиё ва Ғарбий Болқондаги озиқ-овқат импорт қилувчи мамлакатларга таъсир қилганидек, уларга ҳам таъсир кўрсатди.

Жаҳон банкининг 2021 ва 2022 йиллардаги сўровларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари учун озиқланиш муаммоси айниқса кескин. Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатларда импортнинг нисбатан кичик қисқариши ҳам уларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини хавф остига қўяди.

Ҳозирги инқироз валюталарнинг қадрсизланиши, турли мамлакатлардаги қарзларнинг ошиши, шунингдек, глобал рецессия хавфи билан биргаликда озиқ-овқат секторини беқарорлаштириши мумкин. Жаҳон банки янги чақириқларга жавоб бериш учун минтақадаги 4 та ҳаракат йўналишини белгилаб берди:

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш;

озиқ-овқат савдосини кенгайтиришни таъминлаш;

кам таъминланган уй хўжаликларига ёрдам кўрсатиш;

озиқ-овқат барқарорлигига инвестициялар.

Мутахассислар жаҳон бозорларида озиқ-овқат таъминоти ўсишини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидламоқда. Турли мамлакатлар ҳукуматлари ўз захираларини кўпайтириш ва ички нархларни пасайтириш мақсадида озиқ-овқат экспортини чеклаб қўйган.

Жаҳон банки қайд этишича, Европа ва Марказий Осиёда бу чекловлар энг кўп сезилади. Айнан улар, экспертларнинг фикрига кўра, можаро ва COVID-19 оқибатлари туфайли юзага келган вазиятни кескинлаштиради, шунингдек, кўплаб мамлакатлар учун фойдали бўлган минтақавий ҳамкорликка тўсқинлик қилади.

Қишлоқ хўжалигига кўмак зарурлиги ҳам таъкидланган. Ҳозир фермерлар ишлаб чиқариш ва транспорт харажатлари ошиб, ўғит ва ғалла сотиб олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Тўғридан-тўғри можародан таъсирланган Украинада деҳқонлар учун харажатлар ортиб бораётгани ва янги ҳосил учун маблағ етишмаслиги фонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кескин камайди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону