Ижтимоий тармоқларда ўзбек вайнерларидан бири уюштирган пранк эътирозларга сабаб бўлди.
Instagramʼда фаолият юритувчи ўзбек вайнерларидан бири нотаниш аёлга қўпол муносабатда бўлгани, унинг қаршилигига қарамай қўлидан ушлаб машинасига ўтирғизмоқчи бўлгани акс этган видео интернет фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
“Пранк деб номлаб хоҳлаган ишимизни қилсак бўладими? Ҳурматли ИИББ, самосуд қилишга рухсат йўқ экан, нима, бу хоҳлаган ишини қилиб юраверадими?” деб ёзади дастурчи ва блогер Абдусаттор Абдураҳимов.
Унинг фикрича, ушбу видеода вайнер шахснинг рухсатисиз унга тегинган, шахсга таҳдид қилган, шахсни ўғирлашга уринган, шахсни қўрқитган, шахсий дахлсизлик чегарасини ва икки киши, айниқса, қарама-қарши жинс вакили билан ўртада сақланиши шарт бўлган “шахсий оралиқ” масофасини бузган.
Фикр билдирганларнинг аксарияти пранкчининг ҳаракатларини қоралаган. Норозиликка сабаб бўлган видео қачон олингани номаълум. Вайнернинг Instagramʼдаги саҳифасида ушбу видео мавжуд эмас. Бироқ саҳифада шахсий дахлсизлик чегараси бузилган бундан бошқа видеолар ҳам талайгина (1, 2, 3, 4, 5, 6).
Гарчи бу видеоларнинг аксариятида ҳазил экани матнда эслатилган бўлса-да, видеода бу ҳақда бир оғиз сўз ҳам йўқ. Энг ёмони, бундай контентни кўраётганлар нотаниш аёлга гап отиш, уни ҳақоратлаш, севган қизи ёки рафиқаси билан бирга сайр қилиб юрган йигитни ноқулай аҳволга тушириб обрўсизлантириш, исталган одамга ўнғайсиз саволлар беришни табиий ҳолат деб қабул қила бошлаши мумкин.
Қолаверса, вайнер ўз видеоларда турли жаргон ва ҳақоратомуз сўзларни бемалол ишлатиши обуначилари томонидан танқид қилиб келинади.
Аввалроқ «пранк» видео олиш учун соғлом қўлини синган деб шифокорларни алдаб соғлом қўлини гипс қилдирган хоразмлик ўсмир узр сўраб чиққанди.
Тошкентда икки нафар пранкчи ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб келаётгани учун 15 суткага қамалганди.
Самарқандда трамвайдаги йўловчилар юзига суюқлик сепиб қочиш ўсмирларнинг пранки бўлиб чиққан ва улар бу қилиғи учун кечирим сўрашганди. Бу воқеага алоқадор ўқувчиларга психологлар бириктирилганди.