02 August 2009
03:12 -
Ислом дунёсининг янги муаммоси: Туркияда энди ҳижоб эмас, ҳовузлар жанжали

Гап атрофни чиройли қилиш учун, иссиқ жойларда ором олиш учун қазилган ҳовуз эмас, махсус чўмилиш учун қурилган ҳовуз ҳақида.
Маълум бўлишича, Истанбулнинг бойроқ одамлари учун 2-3 йил аввал қурилган Гўзалшаҳар массивидаги уйлар сотилаётганда, массивнинг “ярим олимпик ҳовузи” борлиги реклама қилинган ва анча-мунча одамлар шу ҳовуз туфайли ҳам бу ердан уй сотиб олишган экан.
Ўтган вақт ичида ҳовуз шу ерда яшайдиганларга хизмат кўрсатибди, аммо бу йил муҳофазакор (мутаассиб, консерватор) яшовчиларнинг талаби билан чўмилиш ҳовузи манзара ҳовузига айлантирилибди. Табиий, турк матбуоти бироз ийманиб “муҳофазакор” деб атаган одамлар - фақат ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдиган радикаллардир.
Аслида, икки томон ҳам бу мамлакатнинг фуқаролари, икки тараф ҳам ўзи истаган бичимда яшаш ҳаққига эга. Икки томоннинг ҳам инсоний ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак.
Агарда бундай жанжал Саудия каби фанатиклар ўлкасида чиқса эди, сузиш ҳовузларининг танобини тезда тортиб қўйишарди, тамом-вассалом. Аммо, Туркия етарлича замонавий ва маданий давлат. Ҳозир ҳовуз тарафдорлари муаммога ҳуқуқий томондан ёндошмоқдалар, ҳовузи бор дея сотилган уйларнинг ҳовузини ёпиш мумкинми деган саволни ўртага қўймоқдалар.
Аммо, тез орда бу муаммо ҳукумат ва парламент даражасига чиқиши ва исломчилар билан дунёвий тузум тарафдорлари ўртасидаги жанжалга айланиб кетишининг эҳтимоллиги катта.
Расмда: Гўзалшаҳар массиви, “ярим олимпик ҳувуз” комплекси - расмнинг марказроғида - унча яхши кўринмайди.