Ҳар сулувда кўриб сонсиз мўъжиза,
Сенга сиғинмасам - гуноҳдир катта.
Ўзинг ҳам Ўзинга юкингин, Тангрим,
Айбдор бўлмагин, юкин, албатта!
Сенсиз ушалмайди, биронта тилак,
Отингни такрорлаб, сўрайман ёрдам,
Калта ақлим олиб келди тоатга,
Катта ақлинг олиб келмасми, Эгам?!
Тангрига топиниш - мангу интизом,
Кучингга куч қўшсин, ялваргин мудом.
Ювиниб кўрмаган Зотсан, биламан,
Имоминг бўлайин, бўл десанг имом.
2022 йил, 23 ноябрь.
Тилингда оғзимни ширин қилайин,
Шуни одат қилай - ойин қилайин.
Ой,кунга ишониб бўлмас - ботарлар,
Ботмайди - юзингни ой кун қилайин.
Динларга ишониб бўлмас - бузилган,
Белинг йўқ - бузилмас, кел, дин қилайин!!!
Осмонга ишониб бўлмас - эгридир,
Қоматинг тўғридир - осмон қилайин.
Жонимга ишониб бўлмас - узилар,
Ол норинг узилмас - бер, жон қилайин.
Бошимга чиқ, сочинг бўйингдан узун,
Бўйингни сочингдан узун қилайин!!!
2022 йил, ноябрь.
Чормихга тортилиб Ҳазрати Исо -
Ўзига етишди, хочим бўл,барно,
Мен сенга тортилиб Тангрига етай,
Тангридан пастликка кўнмасман асло!!!
2022 йил, 6 декабрь.
Ўзидан бошқа ҳеч кимдан, ҳеч қачон,
Яхшилик кутмаслик - ўрнидаги жон
Тангрининг азизи - шу азизликдан
Мени туширмасин - шу ор - номус - шон!!!
2022 йил, 13 ноябрь.
Ўзидан ўзгадан яхшилик кутма -
Шу энг юқоридир - эришмай ўтма.
Сен ҳам не тиласанг - Ўзингдан тила,
Пастдан тоат истаб, Тангрим, паст кетма…
2022 йил, 7 декабрь.
Мудом ожиз эдим, жисмонан ожиз,
Мудом ёлғиз эдим, ҳар ерда ёлғиз.
Энг йиртқич ҳукмдор сўзимдан синди,
Шундан биламанки - мен билан Азиз!
2022 йил, 8 ноябрь.
Бир умр ўртаб келди - бошимни битта сўроқ:
Менга дўстни кам берди - нечун кўкдаги иноқ?
Меҳри кўп,улар ўтса чидай олмайди деган,
Чексиз донодир,мендек эмасдир чексиз аҳмоқ…
2022 йил, 12 ноябрь.