26 November 2022
18:45 - «Бу давлатга бўлган ишончсизликка сабаб бўлади» – Камолиддин Раббимов давлат институтлари муаммоларни баралла айтолмаётгани ҳақида

Ўзбекистонда «конструктив зўриқиш векторлари»нинг давлат институтлари доирасида бўлмаслиги давлатга бўлган фундаментал ишончсизликка сабаб бўлади, жамиятда давлатни айланиб ўтишга йўналтирувчи сиёсий маданият кучайиб боради, дейди сиёсатшунос. Бундан ташқари, жамият манфаатлари ва муаммоларини баралла айтувчи овозлар бўлмаслиги – Ўзбекистоннинг геосиёсий мавқейи учун ҳам зарарлидир.

Ҳар қандай тизимнинг яшовчанлигини белгиловчи, унинг қадриятлари ишлашини таъминловчи, ривожланиш йўналишини аниқловчи, шахс маданияти ва дунёқарашини шакллантирувчи муҳим институтлар ва жараён – конструктив зўриқиш вектори ҳисобланади, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Агар жамиятда бу векторлар нормал ишласагина давлатнинг яшовчанлиги таъминланади, муаммолар аниқлаштирилади ва тизимли ечилиши ҳисобига «касалликнинг ичкарига ўтиб кетишига» йўл қўйилмайди, тизимнинг тўлиқ инқирози ва йиқилишининг олди олинади.

«Агар давлатнинг конструктив зўриқиш векторлари яхши ишламаса, дезинтеграция, парчаланиш устувор бўлади, жамиятда интеграциялашув ўрнига парокандалик ва фожиали бўлиниш юз беради.

Ислом цивилизациясида ушбу дунёқараш тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун, жуда кучли зўриқиш векторлари назарда тутилган. Ҳар ҳафтада жума намози асносида хутба орқали хотираларни исломий қадриятлар билан тўйинтириш, амри-маъруф ва бошқа институтлаштирилган воситалар жуда кучли ишлайди.

Демократияда эса, парламент, партиялар, эркин ОАВ, нодавлат ташкилотлари, ватандошлик жамиятининг ҳар қандай нозўравон фаоллиги ва ҳ.к. Зўриқиш векторларининг функцияси – одамлардаги/жамиятдаги яширинча ва ошкора дискомфорт ҳолатларни аниқлаш, уларни давлат ҳамда жамият диққат марказига олиб чиқиш, масъул институтлар ва мутасаддиларни ушбу муаммоларга ечим топишга мажбур қилиш ҳисобланади», - дейди Раббимов.

Сиёсатшунос, демократик жамиятларнинг барқарорлиги ҳам айнан ижтимоий муаммоларни очиқ майдонга олиб чиқиш эканлигига эътибор қаратган.

«Нима учун демократиялар нисбатан тинч, ташқи кўринишда беқарор бўлса-да, аслида бошқа тизимларга қараганда анча барқарор? Чунки бу тизим ички муаммоларни очиқ майдонга олиб чиқади ва расмийлаштиради, ижтимоий муаммоларга ечим топишни энг асосий сиёсий жараёнга айлантиради. Жамиятдаги муаммолар – сиёсий плюрализмнинг, рақобатнинг марказида туради ва кимки энг яхши ечим таклиф қилса – энг катта бонус – ҳокимиятни олиши назарда тутилади».

Кейинги йилларда Ўзбекистонда жамиятнинг муаммолари борлиги тан олинди ва бу векторларни шакллантиришга йўл очилди. Бу ерда мустақил ОАВлар ва ижтимоий тармоқлар фаол. Лекин давлат институтлари, парламент, партиялар, ННТлари, касаба уюшмалари, ватандошлик жамиятларида тўлақонли зўриқиш векторларини ишлаб чиқиш борасида инерцияга хос эҳтиёткорлик сақланяпти.

«Зўриқиш векторлари ишлашидан қўрқув, асосан, беқарорликдан қўрқишга бориб тақалади. Лекин зўриқиш векторлари давлат институтлари доирасида бўлмаслиги давлатга бўлган фундаментал ишончсизликка сабаб бўлади, жамиятда давлатни айланиб ўтишга йўналтирувчи сиёсий маданият кучайиб боради. Бу эса ортга ташланган катта беқарорликка олиб келади. Шунинг учун зўриқиш векторлари –кичик ҳажмда ва муттасил оқиб турувчи ижтимоий муаммолар оқимини назарда тутади. Бу оқим давлатни заифлаштирмайди, аксинча, кучайтиради.

Ўзбекистон иккинчи маъмурияти, зўриқиш векторларини давлат институтлари ичига жойлаш борасида, ҳадиксираётгани аниқ. Бу борада ҳеч кимда тажриба йўқ. Лекин давлат институтлари доирасида жамият манфаатлари ва муаммоларини баралла айтувчи овозлар ва жараёнлар назарда тутилмас экан, бу давлатнинг ички ва ташқи легитимлигига ҳам, Ўзбекистоннинг геосиёсий мавқейига ҳам, стратегик барқарорликка ҳам чақириқ сифатида сақланиб қолаверади. Асосийси, тараққиётимиз чекланган бўлади», - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону