Блогер ва публицист Шокир Шарипов Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, Тошкент шаҳрида бир кишилик «пикет» уюштирди.
BBC Ўзбек хизматига интервью берган Шарипов ички ишлар тизимидан норозилик шахсий сабаблар туфайли эмас, балки фуқаролик позицияси билан боғлиқ эканини айтади.
«Тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги ишлар бир жойда депсиниб тургани, айниқса, ички ишлар биноларидан инсонларнинг мурдаси чиқаётгани мени ташвишга солади. Қўқондаги ИИБ муассасасида 15 ёшли боланинг ўлдирилиши бу ерга чиқишимда асосий омил бўлди», дейди жамоатчилик фаоли.
У бундай ҳолатларда ички ишлар вазири шахсан халқ билан мулоқот қилмаётгани сабабли ҳам унинг истеъфосини сўраётганини айтади.
BBC нашри маҳаллий журналистлар учун ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистон ҳукуматидаги матбуот учун энг ёпиқ бўлган амалдорлардан эканини қайд этган.
«Тизим раҳбарларининг жамоатчилик олдида масъулият ҳис қилмаётганининг асосий сабабларидан бири – одамларнинг бефарқлиги. Одамлар талаб қилмагани туфайли ҳам тизим раҳбарлари ноқонуний хатти-ҳаракат қилган ходимларни жазога тортишни пайсалга солмоқда», дейди Шарипов.
У журналистлар бирор масала юзасидан ички ишлар вазирлигидан муносабат сўраганида, одатда «бундай ҳолатлар бўлиб туради», деган жавоб олиниши ёки ИИВ ходимларини оқлаш ҳолатлари бўлишини эслатади.
«Ҳақиқатан нотўғри ҳаракат бўлибди, биз бундай ҳолатлардан таажжубдамиз, ходимларга чора кўрамиз», дейиш йўқ. Журналистлар бетонга мурожаат қилаётгандек бўлиб қоляпти. Натижа бўлмаётгани учун маънан чарчашяпти», — дейди жамоатчилик фаоли.
«Газета.уз» билан гаплашган Шокир Шарипов ИИБ биноларида фуқаролар ўлаётгани билан боғлиқ ҳолатлар Пўлат Бобожоновни безовта қилмаётгани жуда ёмон сигнал эканини айтади.
«Нормал амалдор тизимда бўлаётган даҳшатли ўлим воқеаларидан кейин ўзи омма олдида узр сўраб, лавозимидан кетиши керак. У тизимдан кетмаяптими, демак, бутун жамият касал бўлган. Фуқароларнинг ИИБ биноларида ўлаётгани вазирни безовта қилмаётгани бу — жуда ёмон сигнал. Бу сигнал тагида узун занжир ётибди.
Вазир ўзини шундай тутяптими, демак, халққа нисбатан муносабати шунга яраша. Модомики, у халққа шундай муносабат қиляптими, демак, унинг атрофидаги муҳит шунақа. Шундай муҳит шаклланган бўлса, бу кулфатлардан даракдир.
Фуқаролар мурдаси чиқяпти, аммо тизим раҳбариятининг юзида мотамни кўрмаяпмиз. Бу жуда хавфли тенденция. Одамларда давлатга нисбатан ишонч йўқолганидан кейин бунинг оқибати яхши бўлмайди. Агар жамият ҳам бундай ҳолатларга бефарқ бўлса, эртага ҳар биримиз ўзимиз ёки бирор яқинимизда шундай воқеалар юз бериши мумкин», — дейди у.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов интервьюда кўтарилган барча савол ва таклифлар бўйича мулоқотга тайёрлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 16 октябр куни Фарғона вилоят ИИБ тасарруфидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинган 15 яшар ўсмир шу жойда вафот этди. Жамоатчиликнинг кескин эътирозларидан сўнг, ИИБ маркази раҳбари ва икки ходими ишдан олинди, бир қанча ходимларга нисбатан интизомий жазолар қўлланди.
Маълумот учун, амалдаги Конституцияга кўра, Ўзбекистонда вазирлар президент томонидан лавозимига тасдиқланади ва озод қилинади. Ҳукумат аъзолари номзоди Қонунчилик палатаси маъқуллагач, бош вазир томонидан президентга киритилади.
Мустақил Ўзбекистон тарихида бирор вазир ёки юқори мартабали амалдор бирор ножўя хатти-ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги) учун ўз ташаббуси билан истеъфо берган эмас.