21 September 2022
14:19 - Юзлаб ҳайдовчилар Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор
Россия чегарасида кўплаб ҳайдовчилар Қозоғистонга ўтказилмаяпти. Сабаби эса номаълум, масъуллар вазият ўрганилаётганини айтмоқда.

Россия ва Белорусиядан тахта ортиб, Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўл олган кўплаб ҳайдовчилар ҳафта бўляптики, турли чегара-ўтказиш пунктларида қолиб кетишган. Хусусан, “Маштакова”, “Озинки”, “Сагарчин” чегара пунктларида юзлаб юк ташувчилар соляркасиз, пулсиз кун ўтказаётгани айтилмоқда.

“9 сентябр санасида Россиянинг Савинская вилоятидан Ўзбекистонга қараб йўл олдим. Йўлга чиққанлар орасида рус, ўзбек, қирғиз, тожик, белорус юк машиналари ҳам йўлга чиқиб, мана ҳозир ушлаб турилибмиз. 13 сентябр куни барчамизга АКТ тузиб берилди ва биз “Сагарчин”га қайтариб юборилдик. Бу ерда турганимга бир ҳафта бўляпти. Лекин ҳеч ким муносабат билдиргани йўқ”.

Шунингдек, юк ташувчиларнинг таъкидлашича, ҳайдовчиларнинг барча ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, улар мажбуран ушлаб турилибди.

“Чиқмаслик бўйича қарор 13-санада жорий этилган, ваҳоланки, мен 9-санада йўлга чиққанман. Божхона расмийлаштирувидан ўтдик, декларацияларни ҳам беришди, ҳамма ҳужжатларимиз жойида, келамиз, бу ерда Россия ўтишга қўймайди”,– дейди яна бир ҳайдовчи.

“Россия ва Белорусиядан тахта юклаётганда ҳужжатлар берилди, лекин чегарага келганда “тахта билан ўтмайсан” – деб туришибди. 3 сутка бўляпти, ҳамма шу ерда ётибди.

Ўзбек йигитлари Россия чегарасида “Маштакова”да қолиб кетишди. Шунга бир чора кўриб, қўшни давлатлар билан музокара қилиб, бизни юртга қайтаришингизни сўраймиз”, – дейди яна бир юк ташувчи.

Бундан ташқари, Россиянинг бошқа чегара-ўтказиш пунктларида ҳам аҳвол шундай экани айтилмоқда. Турли жойлардан келган юк ташувчилар Қозоғистон ҳудудига ўтказилмаяпти.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону