08 August 2022
22:09 - Расул Кушербаев: “Конституциявий суд пассив бўлгани учун ҳам фуқаролар қонунлар ишлашига ишонишмайди”
Депутат Расул Кушербаев Конституциянинг 30-моддасига киритилаётган ўзгаришлар, яъни шахснинг ўзига тааллуқли ҳужжатлар ва маълумотларга оид ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилаётганини ижобий баҳолади. Бироқ унинг фикрича, мамлакат бош қонунига муносабат ўзгармаса, ундаги нормаларнинг ижроси таъминланмаса, киритилаётган ўзгаришдан ҳеч қандай наф бўлмайди.

Мана нималар ўзгариши ҳақида ёзмоқда шу буюк Расул Кушербаев:

Конституциянинг 30-моддаси ўзгартиришга қанчалик муҳтож-муҳтожмаслиги ҳақида бир нарса дейишим қийин, чунки шахсан бу масалага тўқнаш келмаганман. Лекин ҳозир таклиф қилинаётган қўшимчалар ҳақиқатда одамлар учун жуда ҳам фойдали эканини айтишим мумкин.

Бу ўринда ҳозирги Конституциямизнинг шу моддаси қанчалик ишлаган, деган савол туғилади. Тўғри, амалдаги 30-модда ҳам фуқаролар ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларига оид бўлган ахборотни мансабдор шахслардан, масъул идоралардан олиши мумкинлиги, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, материаллар билан танишишлари мумкинлиги белгиланган. Мансабдор шахсларга бундай маълумотларни тақдим этиш мажбурият сифатида юклатилган.

Амалда ушбу модданинг ишлаши қанчалик таъминланди? Конституцияда бундай норма белгиланганига қарамасдан, бир қатор идораларимиз, ҳукуматнинг айрим қарорларида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига дахлдор ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаслиги давлат сирлари, миллий хавфсизлик билан боғлиқлиги орқали талқин қилинган. Баъзида қайсидир амалдор хоҳламагани учун ҳам сўралган маълумотни тақдим этмасди.

Фуқаро кимга шикоят қилишни ҳам билмасди, шикоят қилиш мумкин бўлган жой Конституциявий суд бўладиган бўлса, у ерга фуқаролар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмасди. Бундай ҳуқуқ ўзбекистонликларга яқинда берилди. Умид қиламизки, таклиф этилаётган ўзгаришлар кучга кирса, Конституциядаги нормаларга зид бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига оид бўлган ахборотлар танишишини чекловчи чекловлар бекор бўлади.

Янгиланаётган Конституциянинг 30-моддасига киритилаётган қўшимчада шахснинг ўзига тааллуқли ҳужжатлар ва маълумотларга оид ҳуқуқлари аниқ ёзилмоқда. Унга кўра, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўз ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

Бундан ташқари, ўзбекистонликларнинг давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, жамоат бирлашмаларида, ташкилотларда ўзлари ҳақида тўпланган маълумотлар билан танишиши мумкинлиги ҳуқуқ сифатида белгиланяпти. Шу билан бирга, Конституцияда фуқаролар ўзлари ҳақида қайсидир давлат идоралари томонидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тўпланган бўлса, ушбу маълумотларнинг тузатилишини, шунингдек, ноқонуний йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб этиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Номини эшитганда кўпчиликни қўрқувга соладиган бир қатор идораларимиз бор, уларнинг ходимлари фуқароларнинг ортидан пойлаб, кузатиб юришади, фақат яширин йўллар билан ахборот тўплашади, дейишади. Нима учун ушбу идораларнинг номини эшитганда одамлар қўрқишади? Чунки улар исталган шахс ҳақидаги ахборотларни ноқонуний йўл билан тўплаган ҳолатлар бор. Ушбу идоралар томонидан тақдим этиладиган ахборотларга нисбатан кўпинча эътироз ҳам билдирилмайди.

Фуқароларга ўзлари тўғрисидаги ахборот тўплангани ҳақида, бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келадими-йўқми, ҳеч қандай маълумот тақдим этилмайди. Ушбу тўпланган маълумотлар кейинчалик давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қандайдир базаларга жойлаштириладиган бўлса ва улар нотўғри бўлган тақдирда фуқаро қийинчиликларга учраши мумкин эди. Бундай базалар ва улардаги маълумотлар ҳақида қизиқиб сўраш тугул, ўйлашнинг ҳам имкони йўқ эди шу пайтгача.

Янгиланаётган Конституцияда бундай маълумотларни талаб қилиш фуқароларга ҳуқуқ сифатида бериляптики, у ҳар қандай идора, ташкилот ва мансабдор шахсдан ўзига доир ахборот тўпланган бўлса, бу ҳақда маълумот олиши, ўзи ҳақидаги нотўғри маълумот тўпланган ёки ушбу маълумотлар ноқонуний йўл билан йиғилган бўлса, уни олдириб ташлаши мумкин ва бу ҳуқуқ бевосита кейинчалик бошқа ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Яъни ўзи ҳақида нотўғри ахборот тўплангани оқибатида фуқаро зарар кўрадиган бўлса, албатта, Конституцияда белгиланаётган шу қоида асосида ўзига етказилган зарарни қоплатиш, суд тартибида компенсация талаб қилиш имконига эга бўлади.

Бундай норма бошқачароқ талқинда бўлса ҳам бор эди-ю, Конституция янгилангани билан у ишламаса нима бўлади, деган савол ҳам бор, албатта. Буни Конституциявий суд назорат қилиши керак, бекорга уни Конституциянинг қўриқчиси демаймиз. Қолаверса, бу норма ишлаши давлат хизматчилари, мансабдорларининг сиёсий иродасига боғлиқ. Агар улар Конституцияга киритилаётган ўзгаришни қабул қилиб, унга амал қилишни истамаса, ҳеч нарса қилолмаймиз. Яъни жамиятда ўзгариш бўлмайди.

Агар амалдорларнинг айтаётган гапи ва қилаётган иши бир хил бўлса, янги Конституция талабларидан четга чиқмаган ҳолда ишлаймиз, деган қатъият кўрсатишса, ҳозирги пайтда кузатилаётгани каби иккиюзламачилик қилишмаса, фуқаролар жуда катта ўзгаришларни ҳис қилишади. Масалан, битта мана шу модданинг ўзида фуқаро ҳақида маълумот тўплаш деган жуда катта масала мавжуд, у дунё миқёсида одамларни ташвишга солиб келади.

Шахсий маълумотларни тўплаш – фуқароларнинг кундалик хатти-ҳаракатини белгилаб беришга асос бўладиган ишлардан биттаси. Дейлик, фуқаро кредит олиш учун банкка, давлат хизматидан фойдаланиш учун қайсидир идорага, худди шу тартибда қайсидир масалада шифохонага ва қайсидир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга боради. Ушбу идораларнинг ҳаммасида фуқаролар ҳақида у ёки бу даражада маълумотлар базаси бор. Масалан, шифохоналарда унинг касалликлари тарихи, ички ишлар идораларида шахсларнинг ҳуқуқбузарликлари ва жиноятларига оид ва бошқа турдаги шахсий маълумотлар сақланади. Шахсга доир маълумотларни тўплаш билан шуғулланувчи идоралар уларнинг дахлсизлигини таъминлаши, турли йўллар билан тарқалиб кетиши ёки бошқа бир фуқароларнинг қўлига тушиб қолишининг олдини олиши керак.

Тасаввур қилинг, мазкур базаларда нотўғри маълумотлар сақланаётган бўлса, бу фуқарога қанчалик муаммо туғдиради? Банк билан боғлиқ бўлса, у кредит ололмаслиги мумкин. Соғлиқ билан боғлиқ бўлса, бундай маълумотларнинг тарқаб кетиши руҳиятига таъсир қилиши, у жамоатчилик ўртасида гап-сўзга қолиши мумкин. Жарималари бўладиган бўлса, четга чиқиши чеклаб қўйилиши мумкин. Менга шунга ўхшаш масалалар бўйича мурожаатлар бўлган. Баъзи пайтларда одамлар ўзини олиб қочадиган, номини эшитса жирканадиган касалликлар рўйхатига хато киритиб қўйилган фуқаролар бор, бу ҳақдаги маълумот жамоатчилик ўртасида тарқаб кетиши оқибатида у маънавий ва моддий зарар кўрган ҳолатлар бор.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир воқеани ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. Яъни бир фуқародан ўзининг тирик эканини исботлаш талаб этиляпти. Қайсидир базага уни “вафот этган” қилиб маълумот киритилгани натижасида фуқаро ўзининг тирик эканини исботлаши керак бўляпти ва бу унинг фуқаро сифатида ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланишига тўсқинлик қиляпти.

Конституцияга киритиладиган ўзгаришларнинг ижроси қачон тўлиқ таъминланади? Қачонки, фуқаронинг ҳуқуқи мамлакат бош қонунида белгиланяптими, у сўзсиз тан олиниши керак. Қонунларда, идоравий ҳужжатларда ва йўриқномаларда бундай норма бўлмаса ҳам, бу нарса фуқаронинг ҳуқуқини тан олмаслик учун асос бўлолмайди. Афсуски, бизда ижро тизимида муаммолар бор. Биздаги ижрочилар – мутахассислар Конституция ва қонунларга эмас, ўзларининг идоравий йўриқномаларига асосланиб иш юритишади. Бошқа нарсани тан олишмайди.

Ана шундай дунёқарашли мутахассисларнинг ҳам фикри ўзгариши керакки, ҳаммасининг бошида Конституция турибди, мен шунга амал қилишим шарт, менинг йўриқномам Конституцияга зид келаётган бўлса, мен асосий қонунга асосан иш кўришим керак, деб ўйлаши ва бунга амал қилиши керак. Конституциявий судимиз асосий қонунга зид иш кўрадиган идораларни тинимсиз аниқлаши ва кўзини очиши, жазолаши, қўпол қилиб айтганда, савалаши керак. Конституциявий суд пассив бўлгани ҳисобига ҳам фуқароларимиз Ўзбекистонда Конституция ва қонунлар ишлашига ишонишмайди.

Бундан кўриш мумкинки, амалдаги Конституциямизда фуқароларнинг ҳуқуқлари етарлича таъминланган. Бироқ муаммо нимада? Муаммо шундаки, аксарият амалдорларимизнинг ўзи Конституцияга амал қилишмайди. Буни ҳатто исташмайди ҳам. Энг ёмони, ҳукумат баъзан Конституция талабларига тўғри келмайдиган ҳужжатлар, баённомалар қабул қилиб қўяди. Бунга тўқнаш келган фуқаро ҳайрон ва иложсиз қолади. Конституцияда бошқача норма, ҳукумат ҳужжатларида эса умуман бошқача. Қайси бирининг амалда таъсири кучлироқ десангиз, оддий бир ҳукумат йиғилиши баённомаси амалда Конституциядан кучлироқ таъсирга эгалигини кўриш мумкин.

Шу маънода Конституциянинг 30-моддасига киритилаётган ўзгариш –жудаям халқчил, кўпчиликнинг манфаатига хизмат қиладиган ислоҳот. Мен буни юз фоиз қўллаб-қувватлайман. Айнан шу ўзгариш тарафдориман ва бунинг учун овоз бераман. Лекин мени қўрқитаётган, хавотирга солаётган нарса ушбу норма қанчалик ишлаб кетиши билан боғлиқ. Узоқ йиллар давомида бўлиб келганидек Конституцияга муносабат ўзгармайдиган бўлса, унда белгиланган талабларга амал қилиш пайсалга солинадиган бўлса, ҳеч нарсага эришмаймиз, барчаси эски ҳаммом, эски тослигича қолаверади.

Конституцияни ҳурмат қилишимиз керак, унинг асосида мажбурият ва ҳуқуқларга риоя этилиши шарт. Бунда давлат хизматчилари намуна бўлишлари керак. Жамият ўзгаришга тайёр. Одамларимиз Конституция янгиланиши ва ундаги нормалар амалда ишлашини хоҳлаяпти, лекин ушбу нормалардаги талабларни бажармайдиган айрим тоифа амалдорлар бунга қарши деб биламан. Шу сабабли Конституцияни янгилаш баробарида давлат органларини унга амал қилмайдиган кадрлардан ҳам тозалашимизга тўғри келади.

Мамлакат бош қонунини шунчаки янгилаш билан вазият ўзгармайди, токи унинг амалда ишлаши таъминланмаса. Конституцияга амал қилмайдиган кадрлар ишлашда давом этаверса, бу ўзгаришлардан ҳеч қандай маъно бўлмайди.

* * * * *

Бу хатнинг муаллифидан! Мана шу гапларнинг ҳаммасини айнан Расул Кушербаев ёзмоқда! Офарин!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону