30 July 2022
15:19 - Испанияда маймун чечагидан биринчи ўлим ҳолати қайд этилгани билдирилибди
Европада маймун чечагидан биринчи ўлим Испанияда қайд этилди, бу касаллик туфайли Африкадан ташқарида кузатилган иккинчи шундай ҳолатга айланибди.

Бу ҳақда 29 июль, жума куни мамлакат Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига таяниб, маҳаллий ОАВ хабар берди. Бу, эҳтимол, Европада касаллик туфайли юз берган биринчи ва Африкадан ташқаридаги иккинчи ўлим ҳолатидир.

Испания Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги хабарига кўра, Валенсияда касалланган одам шу касалликдан вафот этди. Идора бундай хабар эълон қилишидан бир неча соат олдин Бразилия ҳукумати мамлакатда касаллик туфайли юз берган биринчи ўлим ҳақида хабар берганди.

Вафот этган 41 ёшли эркакнинг, шифокорлар фикрича, лимфома туфайли иммунитети заифлашган. Ўлимлар Африка қитъасидан ташқарида қайд этилган илк ҳолатлар бўлиб, Африканинг ўзида беш киши касалликдан вафот этгани маълум.

Испания маймун чечаги билан касалланганлар сони бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турибди. Миллий эпидемиологик кузатув тармоғи (Renave) маълумотига кўра, мамлакатда 4298 та касаллик ҳолати қайд этилган, уларда камида 120 нафар киши касалхонага ётқизилган, деб хабар беради Испаниянинг RTVE телеканали.

82 фоиз ҳолатда беморлар жинсий алоқа орқали касалликни юқтириб олган. Касалланганларнинг катта қисми - 4000 дан ортиқ киши - эркаклар. Касалланганларнинг ўртача ёши 37 ёшни ташкил этади, деб ёзади RTVE Испания Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига таяниб.

23 июль куни Жаҳон Cоғлиқни Cақлаш Tашкилоти (ЖССТ) маймун чечаги касаллиги тарқалишини глобал соғлиқни сақлаш учун фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ўша вақтга келиб 75 мамлакатда 16 000 дан ортиқ ҳолатлар маълум эди. Аксарият ҳолатлар Европа ва Америкада аниқланган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу касаллик анъанавий маънода жинсий йўл билан юқадиган инфекция эмас, у ҳар қандай яқин жисмоний алоқа орқали юқиши мумкин. “Бироқ, бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳозирги кунга қадар юқтириш ҳолатларининг аксарияти, биринчи навбатда, эркаклар орасида кўп кузатилмоқда”, деди тадқиқот раҳбари Жон Торнҳилл.

Касаллик тарқалишига қарши курашиш учун ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус касаллик тасдиқланган гуруҳлар билан боғланишни, эпидемиологик назорат ва соғлиқни сақлаш чораларини кучайтиришни, касалхоналарда инфекциянинг олдини олиш ишини кенгайтиришни, вакциналар, терапевтик воситалардан фойдаланиш бўйича тадқиқотларни жадаллаштиришни тавсия қилибди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону